Қозоғистон Бош прокуратураси ҳукуматга мамлакатда Россиянинг Украинага қарши уруши рамзлари – «Z» ва «V» ҳарфларидан фойдаланишни, шунингдек, ушбу ҳарфлар туширилган маҳсулотларни олиб кириш, сақлаш, сотиш ва реклама қилишни тақиқлаш таклифини берди.
Бу ташаббус ушбу ҳарфларнинг машиналарда, Қозоғистонда сотилаётган кийим-кечак ва ҳатто болалар ўйинчоқларида ҳам пайдо бўлгани сабабли келиб чиқди, деди Семей шаҳар прокуратурасининг жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими прокурори Куат Бапинов, деб хабар беради Vlast.kz 8 август куни.
«2022 йилда Россия-Украина можароси бошланиши ортидан Қозоғистонда [Россияни қўллаб-қувватловчи] намойишлар, хусусан, кийим-кечак, ўйинчоқлар, «Z» ёки «V» белгиси туширилган транспорт воситалари тез-тез кўзга ташланмоқда», дейди у.
Бош прокуратура ҳукумат ва президент билан келишилганидан сўнг, «қуролли тўқнашувларда, бошқа давлат суверенитети ва сиёсий режимига қарши ҳарбий ёки бошқа зўравонлик ҳаракатларида низолашаётган томонлар қўллайдиган» ҳарбий рамзлар намойишини қонунга хилоф деб эълон қилиш ниятида.
Қозоғистонда Россиянинг «Z» ва «V» ҳарбий рамзларидан фойдаланишни тақиқлашга оид қонун қабул қилиниши кутилмоқда
Россия оммавий ташвиқот воситалари Z ҳарфидан рус аскарларининг Украинага босқини рамзи сифатида фойдаланган, аскарлар эса ҳарбий машиналарга Z ва V ҳарфларини чизишган.
Россия мудофаа вазирлигига кўра, лотинча Z ҳарфи гўёки «ғалаба учун», V эса «куч ҳақиқатда» ва «миссия якунига етказилади» деган маъноларни англатади.
Босқинни улуғлаш учун руслар «О» («жасур» деган маънони билдиради) ҳарфидан ҳам фойдаланган.
Совет рамзларини алмаштириш
Қозоғистон расмийларида «Z» ва «V» белгиларини намойиш қилувчи шахсларни жазолаш учун қонуний асос йўқ, дейди остоналик ҳуқуқшунос Аманжол Муҳамедяров.
Бирдан-бир истисно – бу йўл полициясининг ўз автомобилига шундай белгиларни тушириб олган ҳайдовчиларни жаримага тортиш имкониятидир. Жарима миқдори 51 750 тенгегача (112 доллар) бўлиши мумкин.
«Бизда «Z» ҳарфи ихлосмандларини жавобгарликка тортиш учун бошқа ҳеч қандай қонуний меъёрлар мавжуд эмас. Боз устига, Қозоғистонда нацистларнинг свастикаси ва нацизмнинг бошқа белгиларини тақиқловчи қонунлар ҳам йўқ. Мен уларнинг мамлакатимизда тарқалишига қаршиман, чунки бу Украинадаги урушни тарғиб қилиш учун ўйлаб топилган», дейди Мухамедяров.
Украинага қарши уруш жаҳон ҳамжамиятининг сабр косасини тўлдирган сўнгги томчи бўлди, дейди Олмаотадаги Халқаро савдо марказининг экспорт бўйича мутахассиси Алихон Канапия.
«Шунинг учун асоссиз тажовузкор хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ барча нарсалар (Z, V, О рамзлари каби) тақиқланиши керак», деди у.
«Бу ҳарфлар ёзилган маҳсулотларни ишлаб чиқараётган ва сотаётганлар оддий тадбиркорлар эмас. Улар – бешинчи колонна», деди у Карвонсаройга.
«Бу рамзлар ёшлар ва ҳатто болаларга таъсир қила бошлаган, уларнинг онгида Россия сиёсатига нисбатан ижобий муносабатни шакллантирмоқда. Бола «Z» ва «V»нинг маъносини умуман тушунмаётгандек кўриниши мумкин, аммо аслида ундай эмас», деди у.
Совет Иттифоқида туғилган Канапия болалигида ҳар бир ўйинчоқда Совет рамзи – қизил юлдуз бўлганини эслайди.
«Бу рамз ҳалигача эсимда, кўриб қоладиган бўлсам, муносабат билдираман. У хотирамдан чуқур жой эгаллаган», деди у.
«Шу тариқа бугунги кунда ҳам 9 май куни кўксига Георгий тасмалари тақилган советча ҳарбий формаларни кийдириб, [россиялик] болаларнинг онгини заҳарлашмоқда.»
«Болалар эса бу кийимларда шўх-шодон ўйнаб юришади... Уларда эрта ёшдан Россияга муносабат шундай шаклланади», дейди Канапия.
Қозоғистоннинг қўллаб-қувватлови
Қозоғистон Россия ва Украина ўртасидаги уруш таъсирида қолган минтақада жойлашган, дейди «Ұлт тағдыры» (Миллат тақдири) ҳаракати етакчиси, олмаоталик Дос Кошим.
«Шунинг учун биз бу борада ўз позициямизни билдиришимиз керак. Кўчаларимизда ва ҳар қандай товарларда ... Z ва V ҳарфларини тақиқлаш Қозоғистоннинг Украинадаги Россия тажовузига қарши эканлигини кўрсатишнинг бир усулидир», - деди Кошим Карвонсарой нашрига.
«Бизга бундай қонун кераклигига 100 фоиз аминман. Биз мамлакатимизда Россия ҳарбий ташвиқотининг ёйинланишини тўхтатишимиз керак», деди Кошим.
Халқаро ҳуқуқ бўйича остоналик олим Руслан Тусупбеков ҳам Россия ҳарбий рамзларининг тақиқланиши эҳтимолини олқишлади.
«Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Кейинги мантиқий қадам – Қозоғистонда Россия расмий ташвиқотининг карнайи ҳисобланган «Россия 24» ва НТВ телеканалларини эфирини тақиқлаш зарур», деди Тусупбеков Карвонсаройга.
Тақиқни ёқлаган остоналик сиёсатшунос Аман Мамбетали Россия иқтисодий чоралар билан жавоб қайтариши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Мен Қозоғистон ва Россия ўртасидаги яқин иқтисодий муносабатлардаги яширин хавфларни назарда тутяпман. Россия томонидан турли баҳоналар билан Қозоғистондан КТК [Каспий қувурлари консорциуми] қувури орқали нефт экспортининг тўхтатиб қўйилганини ҳеч ким унутгани йўқ», деди Мамбетали Карвонсаройга.
Масалан, 2022 йилнинг июн ойида Россия Новороссийск портидаги нефт терминали орқали Қозоғистон нефтининг олиб ўтилишини дастлаб чеклади, кейин эса тўхтатиб қўйди.
У буни портдан Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган миналарни олиб ташлаш кераклиги билан изоҳлаган. Кейинроқ, феврал ойида Россия КТКнинг қабул қилиш тизими ортиқча юклама билан ишлаётганини баҳона қилиб, портдан нефт ортилишини тўхтатиб қўйган.