loader
Foto

Пайғамбар сийрати ва тарих

Шак шубҳа йўқки, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари турли тилларда сўзлашиб, ҳар хил маконда яшайдиган мусулмонларнинг фахр ифтихори ва буюк тарихнинг асосий устунидир. Ислом тарихи мана шу сийрат асосида битилган, яъни мусулмон муаррихлар ёзган биринчи тарихий воқеа ҳодисалар сийрати набавий воқеаларидан иборатдир. Кейин унга ҳозирги замонимизгача кечган воқеа ҳодисалар илова сифатида қўшилди. Ҳатто Арабистон яриморолидаги Исломдан олдинги жоҳилият тарихини ҳам мусулмонлар дастлаб арабларнинг ўзидан эшитиб, кейин исломий назар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт йўллари акс этган буюк тарих нури билан ёзишга ҳаракат қилишган. Натижада у даврни "жоҳилият даври", деб аталган.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари тўё бир марказий ўқ вазифасини бажариб, айни шу асосдан келиб чиққан ҳолда Арабистон яриморолидаги Ислом тарихини битиш ҳаракати бошланган. Албатта бу сийратнинг аввало араб олами тарихига, иккинчидан, бошқа Исломий мамлакатлар тарихига беқиё таъсири борлигини рад этиб бўлмайди.

Дарҳақиқат, мусулмонлар тарихий воқеаларни қайд этиш, тўғри ёки нотўғриларини ажратишда нозик ва илмий бир манҳаж  дастурга эга бўлдиларки, бундай дастур бошқаларда ҳали мавжуд эмасди. Лекин сийрати набавий бўлмаганида бу дасгурни кашф этиш иложи бўлмай, тарихни ёзишни бу қадар аниқ ва равшан ҳолда ўз ўрнига қўя олмасдилар. Яъни, улар мана шу сийратни ўз ҳолида, гумон ёки хатони аралаштирмасдан битишга муҳтож эканларини ҳис этдилар. Чунки улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва суннатлари Оллоҳ таолонинг Китоби  Қуръонни фаҳмлаш учун калит ва унга амал қилишда асосий намуна эканини билар эдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбарлигига, Қуръони карим Оллоҳ таолонинг Китоби эканига ва Охират Кунида Оллоҳ таоло олдида ҳисоб китоб бериш борлигига аниқ ишонганликлари учун ҳам улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза сийрат ва суннатларини ўз ичига олган илмий дастурга эришиш йўлида бор кучларини аямадилар. Мен илмий дастур деб, ҳадиси шариф истилоҳларини назарда тутяпман. Бу илм аввалбошда Пайғамбаримиз сийратлари асосидаги покиза суннат учун хизмат қилган бўлса, кейинчалик умумий тарих хизмати учун бир манҳажга ва унинг ҳақиқатини ботилдан ажратадиган мезонга айланди.

Шайх Муҳаммад Саьид ибн Рамазон Бутийнинг "Сийратни англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур таржимаси