loader
Foto

Дин арбоблари сабаб Оврўпонинг бахтсизлашуви

Аммо насронийлар ва насронийликни қабул қилган бошқа халқларнинг бахтларига қарши дин арбоблари ана шу улкан салтанатни суи истеъмол қилдилар. Улар ўзлари, нуфузлари ва обрўлари учун диндан фойдаландилар. Оврўпо эса нодонлик, хурофот ва таназзул зулмати ичра тентираганча қолаётган эди. Уларнинг ҳукмронликлари ва роҳибликлари сабаб маданиятнинг виждони азоб чекар эди. Шунинг учун ҳам Оврўпо қитъасининг аҳоли сони минг йил давомида ўсишдан тўхтаб қолди. Англия аҳолиси беш юз йил давомида кўпаймади. Руҳонийлар  ва роҳибларнинг одамларга чиройли қилиб кўрсатаётган ва унга тарғиб қилаётган уйланмаслик ҳаёти бунинг сабабларидан бири эканлиги ҳеч бир шубҳасиздир. Коҳинлар ва епископлар табибларнинг ўзлари учун етарли шароитлар яратиб олишларига  ҳисса қўшмаганлари учун ҳам бутун қитъа бўйлаб ваболар ва касалликлар кенг тарқалиб кетди. Кейинроқ “Pus the Second” дея танилган Эней Сильвийнинг тахминан 1430 м.йилларда Британияга қилган сафари орқали сиз ўша вақтларда бу давлатнинг қанчалар умидсизлик, маданият борасида тубанлашиш ҳамда фақирликда яшаганини билиб оласиз.

Дин арбобларининг диний китобларга нисбатан жиноятлари

Лекин Оврўподаги дин арбобларининг энг катта хатолари, ўзларига нисбатан, ўзлари намоёндалари бўлган бир динга нисбатан энг катта жиноятлари бу уларнинг муқаддас самовий китобларга башарият томонидан киритилган билимларни, ўша асрларда эришишлари мумкин бўлган энг илғор илмлардан иборат тарих, жўғрофия ва табиий фанлар ҳақидаги асоссиз қоидаларни қўшиб юборганларидир. Улар  ўша аср кишилари шак шубҳага бормайдиган муқаррар ҳақиқатлар эди.  Лекин у илмлар инсон ўз илми билан қўлга киритадиган ютуқларнинг энг чўққиси эмасди. Қайси бир асрда башариятнинг илми етишган ғоя ўша бўлган бўлса, бас унинг ўзгариш ва қарама- қаршиликка учрашдан эминлик жойи йўқ эди. Зотан инсоннинг илми доимий ўсиш ва тараққиётдадир. Шундай экан кимнинг дини ўшанга асосланган бўлса, демак у улкан қум тепалик устига қаср барпо қилган бўлибди.  Эҳтимол улар бу ишни яхши ният билан қилгандирлар. Бироқ бу иш ўзлари ва динга нисбатан энг катта жиноят эди. Негаки ўша иш дин, ақл ва илм ўртасидаги машъум курашга сабаб бўлган эди. Зеро бу курашда ичида ҳақиқат ва ботил, холислик ва сохтакорлик мавжуд бўлган башарнинг илми аралашган ўша дин қаттиқ мағлубиятга учради. Дин арбоблари қайтиб оёққа тура олмайдиган даражада йиқилдилар. Шуларнинг барчасидан ҳам ёмонроғи Оврўпонинг динсиз бўлиб қолгани эди.

Дин арбоблари ўзларининг муқаддас китобларига киритган қўшимчалари билан чекланиб қолмадилар. Аксинча  Таврот ва Инжилнинг айрим шарҳловчилари ва муфассирлари томонидан зикр қилинган жўғрофий, тарихий ва табиий маълумотлардан тилларда кўчиб юрган, одамлар орасида машҳур бўлган ҳамма нарсани муқаддаслаштириб юбордилар. Уларга диний тус бердилар ва диннинг эътиқод қилиниши лозим бўлган таълимотлари ҳамда асосларидан деб ҳисобладилар. Уларга зид келган барча нарсани ортга ташладилар ва бу ҳақда китоблар ва асарлар яратдилар.  Аллоҳ тарафидан ҳеч қандай ҳужжат нозил қилинмаган ана шу жўғрофияни масиҳийликка мансуб жўғрофия «Christian  Topography» деб атадилар ва уни маҳкам тутдилар ҳамда унга ишонмаган ҳар кимсани кофирликда айбладилар.

Черковнинг илмга нисбатан репрессияси

Оврўпода ақлий етуклик вулқони отилиб табиат ва фанлар уламолари диний ананалар занжирларини барбод қилган бир асрда ана шу иш содир бўлди. Зеро улар ушбу китобларда келган ана шу жўғрофий назарияларни сохталаштирдилар, уларни кескинлик ва аниқлик билан танқид остига олдилар. Уларга эътиқод қилмаслик ва иймон келтирмасликка унинг ғайб эканини важҳ келтирдилар. Улар ўзларининг илмий кашфиётлари ва тажрибаларини очиқчасига бошлаб юбордилар. Ана шунда черковнинг қиёмати бошланиб кетди. Черковнинг Оврўпо бўйлаб бошқарув қўлида бўлган вакиллари оёққа турдилар, уларни кофирга чиқариб масиҳий дини йўлида уларнинг молу жонларини ҳалол деб фатво бердилар. – Папа айтганидек, - шаҳарлар, уйлар, ер ости лаҳмлари, ўрмонлар, ғорлар ва далаларга тарқалиб кетган ўша мулҳидлар ва зиндиқларни жазога тортадиган тафтиш маҳкамаларини барпо қилдилар. Ўз ўрнида бу маҳкама ўз ишини бажариш учун астойдил жидду жаҳд қилди. Насронийлик дунёсида черковга қарши чиқадиган ҳеч бир тирик жонни тирик қолдирмаслик ҳаракатида бўлди. Бутун мамлакат бўйлаб ўз жосусларини тарқатиб юборди, одамларнинг оғизларини пойлаб юрдилар. Ҳатто бир насроний олими: «Киши масиҳий бўла туриб ўз ажали билан ўлиши мумкин эмас», деган эди. Ана шу маҳкамалар жазога тортган одамларнинг адади уч юз минг нафарга етиши айтилган. Шулардан ўн икки минг нафари тириклай ёқиб юборилган эди. Машҳур табиатшунос олим Бруно ҳам шулар жумласидан эди. Черков унинг оламларнинг тааддуди ҳақидаги фикрлари учун интиқом олиб уни ўлимга маҳкум қилган эди. Унинг бир томчи қони ерга тўкилмасин деган таклифни ўртага ташлади. Бу  уни тириклай гулханда ёқиб юбориш дегани эди. Ва иш шундай бўлди ҳам.

Ер Қуёшнинг атрофида айланади деган эътиқодда бўлгани учун машҳур табиатшунос олим Галилеонинг ҳаёти ҳам худди Бруно сингари ўлим билан якун топди.

Жадидчиларнинг  инқилоби

Шу пайтга келиб зиёли жадидчиларнинг сабр косалари тўлиб қолди ва дин арбоблари, черков вакиллари ҳамда эскиликнинг тарафдорларига қарши уруш эълон қилдилар. Улар билан алоқадор ва уларга мансуб бўлган ҳар қандай ақида, маданият, илм, ахлоқ ва одоблардан нафратландилар. Биринчи ўринда масиҳий динини, иккинчидан эса мутлақ динни ёмон кўрдилар. Илм ва рационализм етакчилари билан масиҳий динининг етакчилари ўртасидаги уруш илм билан барча динлар ўртасидаги урушга айланиб кетди. Инқилобчиларнинг таъкидлашларича илм билан дин иккаласи кундошлар бўлиб, ҳеч қачон келиша олмайди, ақл билан диний тузум ҳар иккиси бир бирига зид бўлиб, ҳеч қачон бирлашмайди. Шундай экан кимда ким улардан бирини ушласа бошқасидан юз ўгиради, кимда ким биринчисига ишонса, иккинчисини инкор этади. Ҳар қачон дин ҳақида сўз кетганида илм ва таҳқиқ йўлида тўкилган ўша бегуноҳ қонларни, руҳонийларнинг истибдодлари ва васвасаларининг қурбонига айланган ўша бегуноҳ жонларни ёдга олар эдилар. Уларнинг кўзларига қовоқлари осилиб ҳўмрайган юзлар, буришган пешоналар,  ўт сачратиб турган кўзлар, тор кўнгиллар, балид ва енгилтак ақллар гавдаланар эди.  Шунинг учун уларнинг қалблари нафратга тўлиб ўша одамларни ва уларни ёдга соладиган ҳамма нарсани ёмон кўришга қасам ичдилар. Бир бирларига шу ишни тавсия қилиб, ўз авлодлари давомида боқий қоладиган сўз қилиб қолдирдилар.

Имоми Надавийнинг "Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди?" китобидан