loader
Foto

Анбиё сураси 83-84-оятлар

Айюб - Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан Раҳмат-Марҳамат кўрсатиб ва барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича (фарзандларни) ато этдик.

Айюб пайғамбар асли Рум мамлакатидан бўлиб, серфарзанд ва бой-бадавлат киши эдилар. Сўнгра бошларига оғир кунлар тушиб мол-дунёларидан ажрадилар, лекин қаноат қилдилар; болалари бирин-кетин ҳалок бўлишиб, улардан ҳам жудо бўлдилар, сабр қилдилар; саломатликларидан ажраб, энг оғир хасталикларга дучор бўлдилар, шикоят қилмадилар. Айюб алайҳис-саломнинг: “Парвардигорим мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан”, деб қилган дуоси ҳам бошига тушган балодан норозилик ифодаси эмас эди. Ривоят қилинишича, Айюб алайҳис-саломнинг хотини Раҳмат бир куни: “Бу дарду балоларни бошингиздан аритишини сўраб Оллоҳ таолога дуо қилмайсизми?” деганида у: “Кенгчилик ва саломатликда умримнинг қанча муддати ўтди?” деб сўради. Хотини: “Саксон йили”, деган эди, Айюб алайҳис-салом: “Ҳали балоли кунларимнинг муддати сафоли кунларимга етмасидан мен Оллоҳ таолога ўз ҳолимдан шикоятланишга ҳаё қиламан деган эди. Лекин қачонки айрим кимсалар: «Бу энг ёмон гуноҳ-жиноятларни қилганки, Худо унга шундай балоларни юборган», деганларини эшитгандан кейин-гина сабр косаси тўлиб Оллоҳ таолога илтижо қилиб, ўз ҳолидан шикоят қилган ва Ҳақ таоло у зотнинг дуоларини ижобат қилиб, саломатликларини ҳам, мол-давлатларини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларига ҳаёт ато этиб, яна етти ўғил ва етти қиз кўрган эди.

Мазкур оятдаги «барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб», деган сўзларнинг маъноси шуки, бошларига бирон бало тушган кишилар Айюб алайҳис-салом каби сабр-қаноат қилсалар албатта Оллоҳ таоло уларнинг балоларини кетказиб, аввалгидан ҳам зиёда неъматлар ато этур.

Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг! (Шунда унга айтилди): «Оёғинг билан (остингдаги Ерни) тепгин!» (У Оллоҳнинг амрини бажарган эди, ўша ердан бир чашма отилиб чиқди. Сўнг унга айтилди): «Мана шу чўмиладиган жой ва муздек ичимлик сувдир». (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач, унинг барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол даво топди). Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик. (Яна Биз Айюбга айтдик): «Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургин - қасамингни бузмагин».

Айюб алайҳис-салом касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида Айюб пайғамбар диллари оғриб «Тузалганимда албатта сени юз қамчи ураман», деб қасам ичган экан. Шу боисдан шифо топганидан сўнг Оллоҳ таоло у кишига ичган қасамининг устидан чиқиши учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинини бир марта уришга амр қилди.

Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Оллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайт-гувчидир”. (Сод сураси, 41-44-оятлар).

Шайх Алоуддин Мансурнинг

"Қуръони Азим тафсири"китобидан