Хайбар Мадинаи Мунавварадан етмиш милча узоқликдаги жой бўлиб яҳудийлар у жойни босиб олишган эди.Ислом зоҳир бўлгандан кейин мусулмонларга хиёнат қилган яҳудийлар ҳам қочиб келиб шу ерга жойлашган эдилар. Хайбар яҳудийлар томонидан Ислом давлатига доимий таҳдид солиб турадиган ҳарбий истеҳкомга айлантирилган эди. Мадинаи Мунавварадан сургун қилинган Бани Назир яҳудийлари ҳам Хайбарга жойлашган эдилар. Улар атрофдаги қабилаларни, хусусан, Ғатафон қабиласини ўзлари билан Мадинаи Мунавварага ҳужум қилиб мусулмонларни йўқ қилиб ташлашга чорлаётган эдилар.
Ушбу режалардан хабар топганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еттинчи ҳижрий сананинг муҳаррам ойи охирларида Хайбарни фатҳ қилишга қарор қилдилар.
У зот бу ғазотга фақат Ҳудайбия иштирокчилари чиқишини қаттиқ таъкидладилар. Ҳудайбияга чиқмай қолганларга изн бермадилар. Хайбарга бир минг тўрт юз саҳобий чиқди. Беморларни даволаш, ярадорларга қараш, таом тайёрлаш учун саҳобия аёллардан ҳам йигирма киши чиқди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарларини Мадина билан Ғатафон орасида жойлашган Рожийъ номли ерга туширдилар. Ана шунда ғатафонликларнинг яҳудийларга ёрдамга келиш йўли тўсилди. Лекин ғатафонликлар урушга аралашмадилар. Улар ўз жойларидан чиқмай томошабин бўлиб турдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таомларни жамлашга амр қилдилар. Фақат талқондан иборат таом жамланди. Ундан сарий номли таом тайёрланиб одамларга тарқатилди.
Хайбарга етиб келинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо ила дуо қилдилар. У зот Аллоҳ таолодан Хайбарнинг фатҳини сўрадилар, Хайбарнинг ва унинг аҳлининг шарридан паноҳ тиладилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қай бир қавмга қарши ғазот қиладиган бўлсалар субҳ киришини кутар эдилар. Агар ўша жойда Бомдод азонини эшитсалар уруш қилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерда ҳам шундоқ қилдилар. Тунда дам олдилар. Эрталаб азон эшитилмади. Шунда туриб уловларига миндилар. Аскарлар ҳам уловларини миниб жангга ҳозир бўлдилар ва Хайбар томон юриш бошладилар.
Хайбарликлар ҳам қурол-аслаҳалари билан чиқиб туришган эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва лашкарни кўришлари билан:
«Муҳаммад ўз лашкари билан!» дедилар-да, орт¬га қараб қочдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳу акбар! Чиқибди Хайбар! Албатта, биз бир қавм майдонига тушсак огоҳлантирилганларнинг сабоҳи ёмон бўлибди!» дедилар.
Хайбар бир неча қўрғонлардан иборат эди. Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирин-кетин ўша қўрғонларни забт эта бошладилар. Биринчи бўлиб «Ноъим» номли қўрғонни фатҳ қилдилар.
Кейин «Қамус» номли қўрғонга навбат келди. Қамусни фатҳ қилиш мусулмонлар учун оғир бўлди. Бир неча ҳужумлар фойда бермади. Навбатдаги ҳужумдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эртага байроқни, албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўрадиган киши оладир. Унга фатҳ насиб бўладир», дедилар. Катта саҳобаларнинг ҳар бири ўша одам ўзи бўлишини умид қила бошладилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни чақирдилар. Ўша пайтда ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг кўзлари оғриб қолган эди. Ҳазрати Али келдилар. Пайғамбар сол¬лаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг кўзларига туфлаган эдилар, худди хаста бўлмагандек бўлиб қолдилар. У зот байроқни у кишига бердилар. Шунда ҳазрати Али:
«Улар ҳам биз каби бўлгунларича уларга қарши уруш қиламан», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига қараб:
«Сен уларнинг қаршисига шошилмай бор. Сўнгра уларни Исломга даъват қил. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳақлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи, сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», дедилар.
Али розияллоҳу анҳу Қамус қўрғони томон юрдилар. У кишининг қаршисига яҳудийларнинг машҳур паҳлавони Миҳраб шеър айтиб чиқди. Икки паҳлавон орасида аёвсиз жанг бошланди. Икки лашкар икки томонда бу шиддатли жанг нима билан тугашини кутиб турар эди. Яккама-якка олишаётганлар эса бир-бирларига бераётган зарбаларни борган сари кучайтириб борар эдилар. Ҳазрати Али пайт пойлаб туриб Миҳрабнинг қоқ миясига шиддатли зарба урдилар. Яҳудийнинг бошига кийган дубулғаси ва унга қўшилиб боши ҳам иккига бўлиниб кетди. Мусулмонлар «Аллоҳу акбар» садолари остида Қамусни фатҳ этдилар.
Ушбу жангларда Муҳамад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ва бошқа кўплаб мусулмонлар мислсиз жасорат кўрсатиб жанг қилдилар. Яҳудийларнинг кўплаб чавандоз ва паҳлавонлари ҳалок бўлди.
ҚОРА ҚУЛ ҲОДИСАСИ
Ўша ерда бир қора танли ҳабаший қул ўз хожасининг қўйларини боқиб юрар эди. Хайбар аҳли қурол-аслаҳаларини олиб урушга тайёргарлик кўра бошлаганларида улардан:
«Нима қилмоқчисизлар?» деб сўради.
«Анави пайғамбарликни даъво қилаётганга қарши жанг қилмоқчимиз», дедилар.
Унинг қалбига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ўрнашиб қолди. У қўйларини ҳайдаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:
«Нима дейсан? Нимага чақирасан?» деб сўради.
«Мен Исломга чақираман. Лаа илаҳа иллаллоҳ, деб шаҳодат беришга ва мени Расулуллоҳ деб шаҳодат беришга, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмасликка чақираман», дедилар у зот.
«Шаҳодат бериб Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирсам менга нима берилади?» деб сўради қул.
«Сенга жаннат берилади», дедилар у зот.
У мусулмон бўлди ва:
«Эй Набийюллоҳ, манави қўйлар бировнинг омонати эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларни ҳузурингдан чиқариб, ортидан тош отиб, ҳайдаб юбор. Аллоҳ сенинг номингдан омонатни адо қиладир», дедилар.
У шундоқ қилди. Қўйлар ўз эгаси ҳузурига борди. Яҳудий ўз ғуломи мусулмон бўлганини билди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб ваъз қилдилар. У зот кишиларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Жанг бошланиб мусулмонлар билан яҳудийлар тўқнашганда ҳалиги қора қул ҳам қатл этилганлар ичида қатл бўлди. Мусулмон биродарлари унинг жасадини кўтариб келиб чодир ичига қўйдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирга назар солиб унинг жасадини кўрдилар ва саҳобаларига қараб туриб:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ ушбу қулни мукаррам қилди. Уни Хайбар томон етаклаб келди. Мен унинг бошида икки ҳури ийнни кўрдим. У бўлса Аллоҳга бир марта ҳам сажда қилган эмасди», дедилар.
АЪРОБИЙ ҲОДИСАСИ
Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб иймон келтирди ва У зотга эргашди. Сўнгра:
«Сиз билан бирга ҳижрат қиламан», деди. У зот саҳобаларидан бирига ҳалиги аъробийга қараб юришни тавсия қилдилар. Хайбар урушида тушган ўлжаларни тақсим қилинганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳам улуш ажратдилар. Аъробий лашкарнинг орқа томонини қўриқлашда иштирок этар эди. У лашкаргоҳга келганида одамлар унга ўлжадан бўлган улушини бердилар. У:
«Бу нима?» деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга тақсим қилган ўлжа», дейишди.
У ўлжани кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу нима?» деди.
«Мен сенга тақсим қилган ўлжа», дедилар у зот.
«Мен сизга бунинг учун эргашганим йўқ. Мен сизга манави еримдан ўқ еб ўлиб, жаннатга кириш учун эргашганман», деди томоғини кўрсатиб.
«Агар Аллоҳга садоқатли бўлсанг, у зот ҳам сенга садоқатли бўлур», дедилар у зот.
Сўнгра душманга қарши жанг қилиш учун турдилар. Жангдан сўнг унинг жасадини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб келдилар. У зот:
«Бу ўшами?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Аллоҳга садоқатли бўлган эди. У зот ҳам унга садоқатли бўлди», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз чопонлари ила кафанладилар ва олдиларга қўйиб жанозасини ўқидилар. Сўнгра:
«Эй бор Худоё! Мана бу Сенинг банданг, Сенинг йўлингда ҳижрат қилиб чиқди. Шаҳид бўлиб ўлди. Мен унга шоҳидман», деб дуо қилдилар.
ХАЙБАР УРУШИНИНГ НИҲОЯСИ
Мусулмонлар Хайбар қўрғонларини бир неча кунлаб давом этган кучли қамал ва шиддатли урушлардан кейин бирин-кетин фатҳ қилдилар. Охири келиб яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сулҳ талаб қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўчириб юборишни ирода қилдилар. Улар бўлса:
«Эй Муҳаммад! Бизни шу ерда қолдир. Биз бу ерларни тузатиб, экин экайлик. Бу ишни сизлардан кўра биз яхши адо этамиз», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг деҳқончилик ёки боғдорчилик қилишга вақтлари ҳам, ўринларига ишлайдиган хизматчилари ҳам йўқ эди. Шунинг учун, чиққан ҳосилни тенг бўлиб олиш шарти ила яҳудийлар Хайбарда қолишларига келишилди.
Ҳар йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳосил тўпланганда уларга Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни юборар эдилар. У киши бориб ҳосилни тенг иккига бўлар ва яҳудийларга, хоҳлаган томонингизни олинглар, дер эди. Яҳудийлар бундоқ адолатдан қойил қолишиб, осмону ерларни қоим қилган нарса ҳам шу ўзи», дер эдилар.
ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК
Хайбар ғазотида мусулмонларга ўлжа тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам бор эди. Яҳудийлар келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша саҳифаларни қайтариб беришни талаб қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни яҳудийларга қайтариб беришга амр қилдилар. Шундоқ қилиб, яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган саҳифаларга заррача зиён етказилмай ўзларига қайтарилди.
Бу Исломдаги диний бағрикенгликнинг ёрқин далилидир. Ўзларига душман бўлиб турганига қарамай бошқаларнинг қадриятларини эъзозлаш улуғ иш. Афсуски, бошқалар бу бағрикенгликни қила олмайдилар.
ЯҲУДИЙЛАР ЖИНОЯТИ
Аммо яҳудийлар бағрикенгликка яраша бўла олмадилар. Улар жиноят устига жиноят қилдилар.
Уруш тугаб одамлар бир оз тинчланганидан ке¬йин яҳудийлардан Салом ибн Мишкамнинг хотини Зайнаб бинти Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қовурилган қўйни заҳарланган ҳолда ҳадя қилди.
У аввал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг қайси қисмини яхши кўришларини одамлардан сўраб ўрганган эди. У зот қўйнинг қўлини яхши кўрар эдилар. Жиноятчи аёл ўша жойга кўпроқ заҳар солди ва бошқа жойларни ҳам заҳарлаб туриб Пайғамбар алайҳиссаломга ҳадя деб берди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бишр ибн Баро ибн Маърур розияллоҳу анҳу ҳам ўтирган эди. Аёл қўйни олиб келиб уларнинг олдиларга қўйди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлни олиб бир тишладилар, аммо ютмадилар, қайтариб туфладилар. Бишр ибн Баро ибн Маърур розияллоҳу анҳу бўлса олган гўштини ютиб юборди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу суяк менга ўзининг заҳарлангани ҳақида хабар бермоқда», дедилар.
Кейин ҳалиги аёлни чақиртириб келдилар. У эътироф этди. У зот ундан:
«Бу ишга сени нима етаклади?» деб сўрадилар. У:
«Қавмимдан менга сенинг ҳақингда ўзингга махфий бўлмаган нарса етди. Агар подшоҳ бўлса ундан қутуламан. Агар набий бўлса, унга хабар берилар, дедим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни авф этдилар. Бишр ибн Баро ибн Маърур розияллоҳу анҳу ўша заҳарланиш таъсиридан вафот этди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушган ўлжаларни тақсим қилдилар. Пиёда аскарга бир улуш, отга икки улуш, отлиқ аскарга уч улуш бердилар.
Хайбарда асирга тушган аёллар ичида яҳудийлар бошлиғининг қизи София бинти Ҳайй ибн Ахтоб ҳам бўлиб, Исломга кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилиб, ўзлари уйландилар. София онамизнинг маҳрлари озод қилинишлари бўлди.
ЖАЪФАРНИНГ КЕЛИШИ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда турганларида Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бошлиқ Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонлар қайтиб келдилар. Улар билан баъзи яманликлар ҳам бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан изн сўраб уларга ҳам Хайбарда тушган ўлжалардан улуш бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ва у кишининг шерикларининг келганларидан жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Жаъфар розияллоҳу анҳунинг пешоналаридан ўпиб, ўзлари билан бирга олиб юрдилар ва:
«Қай бири билан суюнишни ҳам билмайман; Хайбарнинг фатҳ бўлиши биланми ёки Жаъфарнинг келиши биланми?!» дедилар.
ХАЙБАР ҒАЗОТИ НАТИЖАСИ
Хайбар ғазоти шубҳасиз мусулмонлар учун катта зафар бўлди. Хайбардаги яҳудийлар ўзларининг ҳарбий қувватлари, бойликлари, фаровонликлари, серҳосил зироатлари, ҳайвонот бойликлари, қурол-аслаҳалари, метин қўрғонлари билан машҳур эдилар. Шунингдек, уларнинг ичида машҳур доҳийлар ва Миҳроб ҳамда Ҳорис ибн Зайнаб каби паҳлавонлар ҳам кўп эди. Биров, хусусан, ўша минтақадаги қабилалар уларни енгилади, деб хаёлларига ҳам келтирмас эдилар.
Мусулмонларнинг ана шундоқ кучга эга тарафни мағлуб этишлари мазкур устунликлар ҳаммаси улар томонга ўтганини, яқин орада мусулмонларга тенг келадиган куч қолмаганини билдирар эди. Атрофда тарозунинг палласи қайси томонга оғишини кутиб турган кўплаб қабилаларнинг мусулмонлар томонга мо¬йил бўлишини таъминлар эди. Бошқаларнинг кўнглини эса қўрқинчга тўлдирар эди.
Хайбар ғазотидаги зафар мусулмонларнинг ўзларига ҳам янги куч бахш этарди. Улар шунчалик катта қувватга эга душманни мағлуб этганларидан кейин бошқа душманларга қарши кураш осон бўлишини тушуниб етар эдилар. Кейинги ҳодисалар айни шу ҳолатни тасдиқлади. Хайбар фатҳидан кейин бирин-кетин фатҳлар мусулмонларга ёр бўла бошлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан