loader

Сод сураси

1-12 – оятлар: Сод. Шаъну шараф соҳиби бўлган Қуръонга қасамки, (албатта Қуръон илоҳий мўъжизадир ва албатта сиз, эй Муҳаммад, Аллоҳнинг ҳақ Пайғамбаридирсиз). 2. Балки кофир бўлган кимсалар (бу ҳақиқатни қабул қилишдан) кибру-ҳавода ва (Аллоҳ ва Пайғамбарига) мухолифликда собитдирлар. Биз улардан илгари ҳам қанча аср авлодни (иймонсизликлари сабабли) ҳалок қилганимизда улар (бошларига азоб тушганида ёрдам сўраб) нидо-илтижо қилганлар. (Аммо бу вақт азобдан) қочиб қутилиш вақти эмас эди. (Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантиргувчи – пайғамбар келганидан ажабландилар. Ва у кофирлар дедилар: “Бу бир ёлғончи сеҳргардир.  (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатдан бу қизиқ нарса!” Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: “Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни устувор бўлинглар)! Албатта бу (яъни ла илаҳа илла Аллоҳ”, дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю-ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат – динда  (ги одамлардан ҳам, яъни ислмдан аввалги сўнгги дин бўлмиш нароний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос. Бизларнинг орамизда (шунча бой зодагонлар туриб) ўша (Муҳаммад)га эслатма-Қуръон нозил қилинган эмишми?!” (Уларнинг бу сўзларни айтишларига сабаб ўта билимдонликлар эмас), балки улар менинг эслатма – Қуръондан шак-шубҳададирлар. Балки улар ҳали менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ. (Бас шунинг учун, Қуръон ва Пайғамбар шаънига мана шундай нолойиқ сўзларни айтмоқдалар). Ёки Қудратли ва Саҳоватли Парвардигорингизни раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикин-а?! Ёки осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг подшолиги уларникимикин-а?! У ҳолда  (уларни осмонларга элтадиган) нарвонларига чиқаверсинлар (ва ўша жойдан ўзлари истаган одамларига ваҳий нозил қилаверсинлар). (Эй Муҳаммад), Макка мушриклари ўша ернинг ўзида енгилиб битгувчи фирқалардан бир тўдадир холос, (Бас, сиз улар айтаётган беҳуда сўзларга парво ҳам қилманг!) Улардан илгари ҳам Нуҳ қавми (Нуҳни), Од (қабиласи Ҳудни) ва қозиқлар (яъни ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавн (ва унинг одамлари Мусони) ёлғончи қилгандирлар.
Саид ибн Жубайр ибн Аббосдан: - Абу Толиб касал бўлди. Қурайшликлар (кўргани) боришди. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам бордилар. Абу Толибнинг боши олдида бир киши ўтирадиган жой бор эди. Абу Жаҳл Расулуллоҳ (с.а.в)ни ўша ерда ўтирмаслиги учун туриб тўсди. У кишини Абу Толибга шикоят қилишди. Шунда Абу Толиб: - Эй укамнинг ўғли, қавмингдан нима истайсан? – деди. У киши: - Эй Амаки, мен улардан бир калимани истайман, шу калима туфайли араблар уларга бўйсунади, ажамлар уларга жузя тўлайди, - дедилар. У: - Битта калима, нима экан у? – деди. Расулуллоҳ (с.а.в): - “Ла илаҳа иллалоҳ,” – дедилар. Шунда улар: -Шунча илоҳни битта илоҳ қиладими? – дейишди. Шунда улар ҳақида Қуръон .... Бу фақат бир уйдирмадир холос, - оятигача нозил қилди.  
 Умар ибн Хаттоб исломга кирганида қурайшликларга оғир ботди, мусулмонлар эса қувонишди. Волид ибн Муғийра қурайшнинг ҳурматли кишиларига: - Абу Толибнинг олдига борайлик, - деди. Улар бориб: - Сиз бизнинг шайхимизсиз, каттамизсиз. Анави аҳмоқлар нима қилганини билиб турибсиз. Биз олдингизга биз билан укангизнинг ўғли орасида ҳумк қилишингиз учун келдик, - дейишди. Абу Толиб Расулуллоҳ (с.а.в)ни чақиртириб: - Эй укамнинг ўғли, қавминг сендан саволлар сўрашади. Қавмингдан четга чиқиб кетмагин, - деди. У киши: - Мендан нима сўрашади, - дедилар.
Улар: - Бизни ва бизнинг  илоҳларимизни тинч қўй, биз ҳам сени ва илоҳингни тинч қўямиз, - дейишди.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Менга биттагина калимани айтасизларми? Бу туфайли арабларга бош бўласиз, ажамлар сизга бўйсунади, - дедилар. Шунда Абу Жаҳл: - Отанг Аллоҳга фидо бўлсин, албатта айтамиз ва яна ўшандай ўнтасини ҳам айтамиз, - деди.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - “Ла илаҳа илла Аллоҳ”, дейинглар, - дедилар.
Улар буни айтишдан бош тортишиб туриб кетишди ва: - (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Шунча халқларнинг ҳаммасига битта илоҳ қандай қилиб мумкин бўлади? – дейишди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ушбу оятларни нозил қилди:
Улардан илгари ҳам Нуҳ қавми ...

Орқага Олдинга