loader

Байтуллоҳнинг ислоҳ қилиниши

Муҳаммад алайҳис-салом ўттиз беш ешга кирганларида катта сел келиб, Каъбанинг бир неча йил муқаддам юз берган ёнғинда шикастланган деворлари тарс-тарс ёрилиб кетди. Қурайш аҳли зиёратгоҳни бузиб, қайтадан муҳташамроқ қилиб қурмоқчи бўлишди. Олдингиси одам бўйи баландликда тошдан тикланган эди. Одамлар ҳашарга тўпланди-ю, бироқ қадимий ва улуғ иншоотни бузишга ҳеч ким ботинолмади, аллақандай қўрқув бунга монелик қиларди. Валид ибн Муғира йиғилганларга юзланиб: "Каъбани бузишдан мақсад тузатишми ёки вайрон қилишми?" деб сўради. Халойиқ тузатиш деб жавоб берди. "Оллоҳ тузатувчиларни ҳалок қилмайди", деди Муғира ва нураган деворни буза бошлади. Унинг жасоратидан руҳланган одамлар юрак ютиб ишга тушиб кетишди. Исмоил алайҳис-салом қўйган пойдеворга етганда турли ҳикматли сўзлар зарб этилган қимматбаҳо лаганлар чиқди. Илгари улкан иншоотларнинг пойдевори ишланаётганда қурувчилар келгуси авлодларга мана шундай йодгорлик қолдириш удуми бор эди.
Каъбани қайта қуриш бошланди. Бу хайрли ишга фаҳш ва судхўрликдан топилган ҳаром пул аралашмаган ҳалол мол-дунё сарфланди. Қабила оқсоқоллари ҳам иморатнинг тошларини ташишга кўмаклашишди. Тош ташувчилар орасида расулуллоҳ ҳам бор эдилар. Қурилишга бошчилик қилаётган Боқум исмли румлик уста Каъбанинг ҳар бир бурчагига бир гуруҳ одамни тош ташишга тайин этди. Афсуски, ҳалол йўл билан топилган пул бу улкан иншоотни асл ҳолига келтиришга етмай қолди. Шу боис бинонинг шимол томонидаги ҳижр ва ҳатим деб аталадиган олти газча ер мўлжалдан чиқариб ташланиб, пастаккина девор тикланди ва Каъба шу ердан бошланажагини билдирувчи белги қўйилди. Бинонинг баландлиги ўн саккиз газ бўлиб, илгаригисидан тўққиз газ баланд эди. Ичкарига махсус зинапоялардан кўтарилиб, салобатли эшиклардан кирилар эди. Ҳожарул асвад жойига қўйиладиган пайтда бу шарафли ишни ким бажариши қаттиқ баҳсу мунозарага сабаб бўлди. Қизиққон қурайш оқсоқоллари сан-манга боришди, биров-бировга ён бергиси келмас, шу баҳона ҳар ким ўз нуфузи ва насл-насабини улуғлашга интиларди. Талашиб-тортишиш тўрт кунга чўзилди. Ниҳоят Холид ибн Валиднинг амакиси Абу Умайя ибн Муғира Махзуми жанжаллашаётганларга' "Эй халойиқ, бекорга тортишавергандан кўра ўзинглар яхши кўрадиган бир одамни танланглар. Шу одам қандай ҳукм чиқарса, ҳаммамиз рози бўлайлик", деди. Йиғилганлар эшикдан кирган биринчи кишининг ҳукмига итоат этишга розилик беришди. Эшикдан биринчи бўлиб ростгўйлиги ва аминлиги билан ҳамманинг ҳурмат-эътиборини қозонган Муҳаммад алайҳис-салом кириб келдилар. Йиғилганлар мамнуният билан биз Муҳаммаднинг холислигига ишонамиз, деб юборишди.
Қурайш одамлари орасида бирон жанжал, келишмовчилик юз берса, расулуллоҳнинг олдиларига келишар, у киши эса ҳеч кимни юз-хотир қилмай, ҳеч кимнинг дилини оғритмай одил ҳукм чиқарар эдилар. Ҳозирги вазиятда ҳам пайғамбар алайҳиссалом ғоят тадбиркорлик билан иш тутдилар; чопонларини ерга ёйиб, устига ҳожарул асвадни қўйдилар-да, ҳар бир қабила оқсоқолига чопоннинг чекка-чеккасидан ушлаб, баробар кўтаришни буюрдилар. Қанча баҳсу мунозарага сабаб бўлган тош ўз ўрнига қўйилди, биронта қабила бошлиғининг кўнгли қолмади, шарафли ишда баробар иштирок этганидан ҳамманинг боши осмонга етди. Бундай воқеалар туфайли кўпинча арабларда қонли урушлар келиб чиқар, арзимас нарсалар сабаб бўлиб, ўнлаб одамнинг ёстиғи қурир эди. Қурайш аҳлининг ўзаро муттасил қирпичоқ бўлишининг сабаби, Байтуллоҳ уларнинг қиблагоҳи, ҳаж қиладиган каъбаси бўлиб, бу муқаддас даргоҳга сарф этилган мол-дунё, меҳнат туфайли катта имтиёз ва шон-шарафга эришиш мумкин эди.
Қуръони Каримда уқтирилишича, ер юзида дастлаб қурилган ибодатхона Байтуллоҳ эди. "Одамларга (ибодат қилишлари учун) дасаввал барпо этилган, оламларни ҳидоят қилгувчи уй чиндан ҳам Маккадаги муборак Каъбадир. Каъбада бунинг аниқ нишоналари бор, мақоми Иброҳим* ана шулардан бири. Каъбага кирган киши буига ишонч ҳосил қилади", дейилади Оли Имрон сурасининг 96-97 оятларида. Каъбага исмоил авлодидан кейин журҳум қабиласи эгалик қилди. Улар Маккага келган кишиларга зулм ўтказишганда ҳузоа қабиласидагилар бирлашиб зўравонларни муқаддас даргоҳдан қувиб чиқаришди ва узоқ йилларгача Каъбага улар эга бўлдилар. Қусай ибн Килоб замонига келиб зиёратгоҳ қурайшларнинг қўлига ўтди. Маккада осойишталик ўрнатилди, қурайшлардан бошқа араб қабилалари ҳайиқишарди. Ғанимлар таъқибга учраганлар учун Каъба ишончли бошпанага айланди. Оллоҳ Қур'онда уларга берган неъматини эслатиб: "Уларнинг ён-беридаги кишилар талон-тарожга учрашяпти, Маккани, Каъбани тинч жой қилиб қўйганимизни билишмадимикин" дейди Анкабут сурасининг 67-оятида.

____________
*Мақоми Иброҳим — Иброҳим алайҳис-салом Каъбани қураётганларида турган жойлари.

Орқага Олдинга