Мушрикларнинг жабру ситами ҳаддидан ошиб кетгач, расулуллоҳ Макканинг шарқи-жанубида жойлашган Тоифдаги сақиф қабиласидагилардан ёрдам сўрамоқчи ҳамда шу баҳонада уларни динга даъват этмоқчи бўлдилар.
Сақиф қабиласи орасида пайғамбар алайҳис-саломнинг қариндошлари ҳам бор эди. Сарвари олам озодгардаси Зайид ибн Ҳориса билан қабила оқсоқоллари ҳузурига бордилар. Амир ибн Умайр Соқифнинг ўғиллари Абдиёлил, Масъуд, Ҳабиб қабила бошлиғи эдилар. Расулуллоҳ гапни динга даъватдан бошладилар ва шу заҳоти қаттиқ зарбага учрадилар. Муҳаммад алайҳис-салом бу ерга бекорга келганларини, уринишлари зоэ кетишини англаб афсусланди ва бу ерга келишларини қурайш мушриклари нотўғри тушунишларидан, бизга қарши куч тўплаяпсан деган хавотирда душманликни баттар авж олдириб юборишларидан хавфсираб келганларини сир тутишларини ўтиндилар, бироқ оқсоқоллар у кишининг илтимосини рад этишди. Буниси ҳам етмагандек аҳмоқ одамлар билан болаларни гиж-гижлаб, расулуллоҳнинг йўлини тўсиб тош оттиришди. Зайид ибн Ҳориса ҳимоя қилишга ҳарчанд уринмасин расулуллоҳнинг оёқлари яраланди. У киши қоча-қоча бир туп ток тагига келиб дам олмоқчи бўлдилар. Бироқ, ток ашаддий душманлари Утба билан Шайбага қарашли эканини билган расулуллоҳ бу ерда бир нафас туришни ҳам истамадилар. Пайғамбар алайҳис-салом: "Эй парвардигорим, — дея ҳақ таолога мурожаат қилдилар. — Танимда мадорим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътиборим қолмагани учун сенга шикоят қиляпман. Эй улуғ ҳурматга сазовор зот, сен ожизларга ёрдам бергувчисан, яратган роббимсан, мени кимларга топшириб қўйдинг? Агар ғазаб қилмасанг бу қийинчиликлар менга писанд эмас". Бу гапларни эшитиб турган Утба билан Шайбанинг раҳми келиб расулуллоҳга қули Аддосдан бир бош узум бериб юборишди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Бисмиллаҳир роҳманир роҳим" деб узумни ея бошладилар. Аддос: "Бу юртнинг одамлари бундай гапларни айтишмасди. Қаерликсан?" — деб сўради "Сен ўзинг қаерликсан? Қайси динга эътиқод қиласан?" — деб сўрадилар расулуллоҳ. "Мен Дажла дарёси бўйига жойлашган Нинавай шаҳриданман. Насроний динига эътиқод қиламан", деди Аддос. "Юнус ибн Матто деган яхши одамнинг юртидан экансан-да", дедилар сарвари олам. "Сен у кишини қайдан биласан?" дея қизиқсинди Аддос. Расулуллоҳ Қуръондаги Юнус қиссасини ўқиб бердилар. Бу ҳикоятдан қаттиқ мутаассир бўлган Аддос калима келтириб, мусулмон бўлди.
Жаброил алайҳиссалом келиб пайғамбар алайҳис-саломга: "Оллоҳ халқнинг сенга ўтказган жабр-зулмлари учун нима қил десанг мен шуни бажо келтиришга Оллоҳ томонидан юборилганман", деганда расулуллоҳ: "Эй парвардигор, халқимни ҳидоят қил, чунки унинг ҳеч нарсадан хабари йўқ, оми", деганлар. Шунда Жаброил: "Оллоҳ таоло сени меҳр-шафқатли, раҳмдил деб рост айтган экан", дейди.
Пайғамбар алайҳис-салом Нахла деган жойга келганларида бир гуруҳ жинлар пайдо бўлишди ва Қуръон оятларини эшитиб, имон келтиришди. Аҳқоф сурасининг 29-32-оятлари мана шу жинлар ҳақида нозил бўлган: "Вақти келиб, бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга юбордик. Улар етиб боришгач, бир-бирига жим туринглар дейишди. Қуръон тиловати тугагач, улар огоҳ этувчилар бўлиб ўз қавмига қайтиб кетишди. Улар: "Эй қавм, биз Мусодан кейин нозил бўлган, аввалги китобларга мос келадиган, ҳақ динга ва тўғри йўлга бошлайдиган китобни эшитдик. Эй қавм, Оллоҳга даъват этувчининг ҳақ сўзларини қабул этинглар ва Оллоҳга ишонинглар, парвардигор баъзи гуноҳларни мағфират қилади. Сизларни қаттиқ азобдан қутқаради. Кимки Оллоҳга ишонишга чақирувчининг даъватидан бўйин товласа, у ер юзида азобдан қочиб қутулолмайди. Унга Оллоҳдан ўзга бирон ёрдамчи йўқдир. (Даъватни рад этиш) бориб турган гумроҳликдир". Жинларнинг номи билан аталган сурада уларнинг қиссаси батафсил баён этилган. Жин сурасининг 1-2-оятлари мана бундай бошланади: "Бир неча нафар жиннинг мендан Қуръон эшитганлиги, уларнинг биз тўғри йўлга бошлайдиган ажойиб китобни эшитиб: "Имон келтирдик, роббимизга ҳеч кимни шерик келтирмаймиз" деганлиги менга ваҳий қилинди, дегин".