loader

Биринчи Ақоба байъати

Кейинги йили Каъба зиёратига Хазраж қабиласидан ўн киши, Авс қабиласидан икки киши келди. Булар Асъад ибн Зурора, Ҳориснинг ўғиллари Авф билан Муоз, Рофиъ ибн Молик, Заквон ибн Қайс, Убода ибн Сомид, Язид ибн Салаба, Аббос ибн Убода, Ақаба ибн Омир, Қутба ибн Омир, Абул Ҳайсан ибн Тайҳон, Увайим ибн Соидалар эди. Улар Маккадан уч чақирим наридаги Ақоба деган жилға бўйида расулуллоҳ бидан учрашиб, Ислом динига кирдилар.
Макка фатҳ этилган куни аёллар қандай байъат беришган бўлса, худди шундай қасамйод этишди. Бу жиҳод фарз этилишидан аввалги қасамйод бўлиб, мазмуни қуйидагича эди: "Оллоҳга ҳеч нарсани шерик келтирмаслик, ўгрилик қилмаслик, зинодан сақланиш, болаларни ўлдирмаслик, бировга туҳмат ва бўҳтон ёғдирмаслик, пайғамбар алайҳис-салом буюрган яхши ишлардан бўйин товламаслик. Мана шу нарсаларга амал қилганлар жаннатга киради, бўйин товлаганларнинг тақдири Оллоҳнинг ихтиёрида: истаса кечиради, истаса азоб беради". Бу биринчи Ақоба байъати эди.
Пайғамбар алайҳис-салом уларга Қуръон ва диний аҳкомларни ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайир билан Хадичанинг холаваччаси Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни жўнатдилар. Мусъаб қасамйод қилганлардан Абу Умома Асъад ибн Зуроранинг уйига тушиб, Хазраж ва Авс қабиласидагиларни ислом динига даъват эта бошлади. Кунларнинг бирида Авс қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Муаоз қариндоши Усайид ибн Хузайирга: "Бизнинг одамларимизни аҳмоқ деб ҳисоблайдиган бу икки келгинди билан бир гаплашиб қўймайсанми?" деди. Усайид найзасини олиб икки муҳожирга рўбарў бўлди-да: "Нега сизлар бизнинг одамларимизни аҳмоқ қилиб юрибсизлар? Агар шахсий адоватинглар бўлса, орани очди қилиб олинглар, бошқа талабинглар бўлса, уни очиқ айтинглар", деди. Мусъаб унга жавобан: "Олдин мана бундай ўтириб гапларимизни эшитиб кўр, хоҳласанг ислом динини қабул қиласан, хоҳламасанг зоримиз бору зўримиз йўқ", деди ва Қуръон оятларини ўқий бошлади. Оллоҳнинг иродаси билан Усайиднинг кулфи-дили очилиб, ислом динини қабул қилди. У қайтиб борганда оқсоқоли нималар қилганини сўради. "Худо ҳаққи, улар ёмон одамлар эмас экан", деди Усайид. Саъд дарғазаб бўлиб, келгиндилар билан гаплашиб қўйгани ўзи борди. Мусъаб уни худди Усайиддек хушмуомалалик билан кутиб олди, муддаосини ётиғи билан тушунтирди. Қуръон ўқиб берди. Саъд ҳам инсофга келиб, мусулмон бўлди ва Абду Ашал жамоасига бориб: "Мен сизлар учун кимман?" деди. "Сен бизнинг бошлиғимиз ва оқсоқолимизнинг ўғлисан", дейишди. "Ундай бўлса, бугундан эътиборан имон келтириб, ислом динига кирмагунингларча сизлар билан гаплашиш менга ҳаром", деди Саъд. Абду Ашал жамоасининг одамлари оқсоқолларига эргашиб ёппасига мусулмон бўлдилар.
Ясрибда ислом дини кенг тарқала бошлади. Одамлар беҳуда баҳс-мунозара қилиш ўрнига энди кўпроқ ислом дини таълимотлари ҳақида гаплашадиган бўлишди.

Орқага Олдинга