loader

Абу Айюбникига тушиш

Жумъадан кейин расулуллоҳ йўлда давом этдилар. Ҳар бир ҳовлидан ўтаётганларида одамлар туянинг жиловига осилишиб, у кишини уйига таклиф этишарди. Пайғамбар алайҳис-салом жиловни қўйиб юборишларини ўтиниб, туя қаерга чўкса, ўша уйга тушажакларини айтдилар. Туя эса расулуллоҳнинг қариндошларидан Адий ибн Нажжор маҳалласига етганда Абу Айюб Холид ибн Зайид Ансорийнинг эшиги олдида тўхтаб чўккалади.
Холид Муовиянинг халифалик даврида Истамбул муҳосарасида ҳалок бўлиб, шаҳар ташқарисига дафн этилган. Расулуллоҳ туядан туша туриб: "Иншооллоҳ турар жойимиз шу ер бўлғуси. Раббим, мени муборак ерга туширгин, сен ҳамиша қутлуғ жойни ато этгувчисан", дедилар. Абу Айюб пайғамбар алайҳис-саломнинг нарсаларини ичкарига олиб кирди, Асъад ибн Зурора эса туяни боқиш учун ўз уйига олиб кетди. Бани Нажжор маҳалласининг қизалоқлари расулуллоҳни қўшиқ айтиб кутиб олишди. "Мени яхши кўрасизларми?" деб сўрадилар сарвари олам. Қизлар "ҳа" деб жавоб қайтаришди. "Худо ҳаққи, мен ҳам сизларни жон-дилимдан яхши кўраман", дедилар у зоти муборак.
Абу Айюбнинг уйи икки қават бўлиб, расулуллоҳга иккинчи қаватни муносиб кўрди, бироқ у киши зиёратчилар билан кўришиб, суҳбатлашишнинг қулайлиги учун пастда туришни ихтиёр этдилар. Мезбон келим-кетим кўпайиб чанг-тўзон, дам-бадам сепилган сувлардан ҳовур кўтарилиб расулуллоҳ озор чекишларидан ташвишланган эди. Чиндан ҳам кунларнинг бирида сув солинган хум синиб кетди. Эр-хотин расулуллоҳнинг устларидан чакка ўтмасин деб сувни кўрпага шимдириб олишди. Шундан кейин қўярда-қўймай расулуллоҳни юқориги қаватга кўчириб чиқишди. Ансорларнинг катталаридан Саид ибн Ибода, Асъад ибн Зурора, Зайд ибн Собитнинг онаси турли-туман лаззатли таомлар пишириб у кишини ҳар куни йўқлаб туришди.

Орқага Олдинга