Пайғамбар алайҳис-салом бани Салими ибн Авф маҳалласига етиб келганларида жумъа вақти бўлди, у киши туядан тушиб намоз ўқидилар. Бу расулуллоҳнинг биринчи марта ўқиган жумъа намозлари эди. Хутбада Оллоҳга ҳамду сано айтганларидан кейин йиғилганларга мурожаат қилиб бундай дедилар: "Эй жамоат! Охират учун тайёргарлик кўринглар! Яхши амалларни қилиб, инъом ва эҳсон беринглар. Бир куни мол-дунёларингиздан айрилиб, Худонинг даргоҳига борасизлар. Яратган эгам: "Таржимон ва воситачига ҳожатсиз пайғамбар юбормаганмидим? Мол-дунё бермаганмидим? Қилган яхши амалларинг қани? Келтирган имонинг, берган эҳсонларинг қани? деб сўрайди. Ошанда қилган яхши амалларингиздан бошқа жонингизга оро кирадиган ҳеч нарса бўлмайди. Ён-верингизга боқиб дўзахдан бошқа нарсани кўрмайсиз. Шунинг учун қўлдан келганча яхши амалларни қилиб, дўзах азобидан қутилишга урининглар. Яримта хурмочалик нарсани бўлса-да, садақа қилинглар. Ҳеч нарсаси йўқ одамлар лоақал яхши гапириб мискинларнинг кўнглини олсин. Парвардигори олам битта яхшиликни бир неча баробар қилиб қайтаради. Сизларга омонлик, Оллоҳнинг раҳмати ва барокатларини тилайман".
Орқага Олдинга