Икки ўғли билан яқинлари ўлдирилган Бадр ғазотида қатнашолмаган Абу Суфённинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. У Муҳаммад алайҳис-салом билан учрашмагунча бошига сув теккизмасликка қасам ичди ва сўзининг устидан чиқиш учун икки юз кишилик қўшин билан Мадинага йўл олди. Йўл-йўлакай бани Назир яҳудийларини мусулмонларга қарши отлантириш учун уларнинг бошлиғи Ҳуяй ибн Ахтаб билан кўришмоқчи бўлди, бироқ оқсоқол учрашувдан бош тортди. Тарвузи қўлтиғидан тушган Абу Суфён Мадинага бир нечта одам юборди, улар хурмозорларга ўт қўйдилар ва ансорлардан бир кишини кўриб қолиб, уни ўлдирдилар. Бундан хабар топган пайғамбар алайҳис-салом зулҳижжа ойнинг бешинчи куни икки юз саҳоба билан Абу Суфёнга қарши отландилар. Бироқ душман аллақачон қочиб қолган, уларни қувиб етиш маҳол эди. Мушриклар юкини енгиллатиш учун ташлаб қочган талқон солинган қоплар мусулмонларга ўлжа бўлди. Шу боис бу юриш савиқ (талқон) ғазоти деб аталади.
Орқага Олдинга