Шу йили Оллоҳ таоло мусулмонларга ҳайит намозини ўқишни фарз қилди. Ҳайит намози туфайли мусулмонларнинг дўстлиги, қариндошлиги янада мустаҳкамланади, рўза ва қурбон ҳайити кунлари бир ерга жам бўлиб, диний алоқалари кучаяди. Пайғамбар алайҳис-салом мусулмонларни йиғиб, икки ракаат намоз ўқир, уларнинг сафини янада жипслаштириб, ғанимларни енгишда Оллоҳдан мадад сўраб илтижо қилардилар. Хутба ўқиб, дўстлик, биродарликни рағбатлантириб, кўндаланг турган бирламча масалаларни айтиб ўтардилар. Намоздан кейин мусулмонлар бир-бирлари билан қўл олишиб кўришар, масжиддан чиққан камбағал, бева-бечораларга рўзи фитр садақасини беришар, қурбон ҳайитида эса қурбонлик қилишар, қалблари шодликка тўлиб-тошарди. Оллоҳ Таолодан бизни ҳам дўст биродар қилишини, Исломнинг аввалидаги мусулмонлар даражасига эриштиришини сўраймиз.
Орқага Олдинга