Пайғамбар алайҳис-салом Ҳабашистон подшоси Нажошийга Амр ибн Умайя Зумарий орқали қуйидаги мактубни жўнатдилар:
"Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Оллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Ҳабашистоннинг каттаси Нажошийга салом!
Оллоҳ шундай мақтовга сазоварки, ундан бошқа бирон илоҳ йўқдур. Оллоҳ бутун коинотнинг эгаси, айб-нуқсонлардан ҳоли, мўминларга саломатлик баш этгувчи, уларни азобдан асрагувчи, жамъики нарсаларни бошқарувчи зотдир. Исо Марямнинг ўғли Оллоҳга мансуб руҳ ва Оллоҳнинг Марямга ато этган сўзидир. Оллоҳ Исони дунйодан алоқасини узган Марямга марҳамат этди ва иффатли, покиза аёл ҳомиладор бўлди. Оллоҳ қудрат қўли билан Одамни яратгандек, Исони дунёга келтирди.
Мен сени шериги йўқ бир Оллоҳга ишонишга, унга итоат қилишга, менга эргашишга, менга, келган ваҳийларга имон келтиришга даъват қиламан. Мен Оллоҳнинг элчиси, сени ва халқингни Оллоҳга итоат этишга ундайман. Мен сизларга Оллоҳнинг амрини етказиб насиҳат қилдим, насиҳатимни қабул этинглар. Тўгри йўлга эргашганларга салом".
Нажоший мактубни олгач, элчини бениҳоя иззат-икром билан кутди. "Худо ҳаққи, мен Исонинг Муҳаммад ҳақида хабар берганидан воқифман. Лекин Ҳабашистонда ёрдамчиларим оз, уларнинг сонини кўпайтириб, дилларини юмшатгунимча сабр қилгин", деди элчига. Амр илгари Ҳабашистонга келиб, қолиб кетган мусулмонларни Мадинага, пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига таклиф этди. Муҳожирлар орасида Абу Суфённинг қизи Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг аёли Умму Ҳабира ҳам бор эди. Исломнинг аввалида эр-хотин Ҳабашистонга ҳижрат қилган, бироқ кўп ўтмай Убайдуллоҳ гумроҳлашиб насроний динига кирган ва узоқ яшамай ўлиб кетган эди. Умму Ҳабиба Ҳабашистондалигида пайғамбар алайҳис-салом Нажошийни вакил қилиб уни ўз никоҳига олдилар.