loader

Уммоннинг икки ҳокимига юборилган мактуб

Пайғамбар алайҳис-салом Уммоннинг икки ҳокими — Жуландийнинг ўғиллари Жайфал билан Абдга Амр ибн Осдан қуйидагича мактуб йўлладилар.
"Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Оллоҳнинг элчиси Муҳаммаддан Жуландийнинг ўғиллари Жайфал билан Абдга!
Тўғри йўлга юрганларга салом. Мен сизларни ислом динига даъват қиламан. Мусулмон бўлсанглар омон қоласизлар. Мен тирик одамларни огоҳлантириш, кофирларга Оллоҳнинг азоби муқаррар эканини исботлаш учун бутун инсониятга юборилган элчиман. Мусулмон бўлсангиз мансабингизда қолдираман, акс ҳолда амалингиз қўлингиздан кетади. Лашкарим юртингизни забт этиб, одамларга пайғамбарлигимни маълум қилишади, вассалом".
Абд ибн Жуландий ибн Осдан пайғамбар алайҳис-салом нималарга буюриб, нималарни ман этишларини сўради. Ибн Ос: "Пайғамбар алайҳис-салом одамларни Оллоҳга итоат этишга буюради, унга осийлик қилишдан қайтаради. Яхши ишларга, силаи-раҳм қилишга буюради. Зулмни, бировларнинг ҳақига тажовузкорликни, ароқ ичишни, тошларга, бутларга, салб (хоч)ларга чўқинишни ман этади", деди. "Унинг буюрган нарсалари жуда ҳам яхши экан-ку. Агар биродарим (акам ски укам) кўнса, ҳозироқ Муҳаммаднинг олдига бориб, унга имон келтириб, мусулмон бўлардим, лекин у Муҳаммадга тобеъ бўлиб, амалидан айрилиб қолишдан қўрқади", деди Абд ибн Жуландий. Ибн Ос: "Агар биродаринг имон келтирса, мансабида қолаверади. Пайғамбар алайҳис-салом бойлардан закот олиб, камбағалларга бўлиб беришни буюради", деди. "Қандай яхши, — деди Абд ибн Жуландий. — Закот деганинг нима?" Амр ибн Ос закотнинг шартларини батафсил баён қилиб, чорва моллари ҳақида тўхталганда Абд ибн Жуландий: "Яйловда боқиладиган моллардан ҳам закот олинадими?" деб сўради. Амр ибн Ос олинишини айтганда ҳоким: "Худо ҳаққи, одамларимнинг яйловлари поёнсиз, моллари беҳисоб бўлгани учун бу шартга ўла қолса кўнишмайди," деди. Шунга қарамай у элчини биродарининг ҳузурига юборди. Жайфал Амр ибн Оснинг гапларини эшитгач, қалби юмшаб, имон келтирди, Абд ибн Жуландил ҳам мусулмон бўлди ва ўз ҳалқидан зақот олиш унга топширилди.

Орқага Олдинга