loader

Қўшин юбориш

Пайғамбар алайҳис-салом бани Мусталиқ арабларидан закот олиш учун Валид ибн Уқба ибн Аби Муайтни юбордилар. Мусталиқ араблари Валид келаётганини эшитиб, унинг истиқболига қуролли одамларни чиқаришди ва бирваракайига закотга бериладиган туяларни ҳам олиб боришди. Жоҳилият даврида Валид билан бу қабила ўртасида адоват бор эди. Шу боис Валид қуролли одамларни кўргач, мусталиқ араблари урушгани ясов тортиб келишаётган экан, деган ўида дарров изига қайтди-да, пайғамбар алайҳис-саломга: "Улар муртад бўлиб кетишибди, закот беришдан бош тортишди", деди.
Расулуллоҳ вазиятни билиб келиш учун Холид ибн Валид бошчилигида қўшин жўнатдилар. Холид қўшиндан илгарилаб, яширинча Мусталиққа келди ва бомдод намозига азон айтилаётганини эшитиб, астагина изига қайтди. Пайғамбар алайҳис-саломга бани Мусталиқ арабларининг муртад бўлиб кетмаганини маълум қилди. Расулуллоҳ закот олишга Валиддан бошқа одамни жўнатдилар. Валид ҳақида Қуръони Каримдаги Ҳужурот сурасининг 6-ояти нозил бўлди: "Эй мўминлар, агар бир фосиқ кимса бирон хабар етказса, сизлар билмасдан бирор халқни ранжитиб қўймаслик учун суриштириб кўринглар. Акс ҳолда қилмишинглар учун пушаймон бўлиб қоласизлар".

Орқага Олдинга