loader

Тамим элчилари

Орадан бир неча кун ўтгач, асирларни озод этиш учун бану Тамим қабиласининг оқсоқолларидан иборат элчилар ҳайъати пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига юкуниб келди. Уларнинг орасида Уторид иб Ҳожид, Забирқон ибн Бадр ва Амр ибн Аҳтамлар бо{ эди. Пайғамбар алайҳис-салом ҳадеганда чиқавермаганларидан кейин элчилар у кишининг уйларига бориб баланд овозда: "Эй Муҳаммад, бу ёққа чиқ! Биз сен билан басма-бас мақтанишгани келдик. Биз мақтаган кишимизни осмонга опчиқиб қўямиз, ҳажв қилган одамни ерга киргизиб юборамиз"', дея бақиришди. Пайғамбар алайҳис-салом уларнинг бақириқ-чақириқларидан оғриниб истар-истамас чиқдилар. Қуръони Каримдаги Ҳужурот сурасининг 4-5 оятлари мана шу бефаросат, бақироқ одамлар ҳақида нозил бўлгандир: "Уйингнинг орқасидан сени чақирганларнинг кўпчилиги ақлсиз одамлардир. Агар улар сен чиққунча сабр қилишса, ўзлари учун яхши бўларди албатта. Оллоҳ мағфират қилгувчи ниҳоятда меҳрибондир".
Айни шу пайтда пешин намозининг вақти етиб, ҳазрати Билол азон айтди. Пайғамбар алайҳис-салом масжидга йўл олдилар, бироқ элчилар у кишининг йўлларин тўсиб: "Биз бану Тамим қабиласиданмиз. Шоиру нотиқларимизни олиб келдик. Сен билан шеър айтишмоқчимиз, басма-басига мақтанишмоқчимиз", дейишди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Мен Оллоҳ томонидан шеър айтишга юборилмаганман, мақтанишга буюрилмаганман" дея намозларини ўқийвердйлар. Элчилар у кишининг атрофини ўраб олиб, ўзларининг ҳамда ота-боболарининг шон-шавкати билан мақтана бошлашди. Амр ибн Аҳтам Забирқон ибн Бадрни мақтаб: "Давраларда унинг гапи ўтади, у ўз қабиласининг хўжаси" деди. Оз навбатида Забирқон ўрнидан туриб: "Эй расулуллоҳ, Амр менинг шон-шавкатимни кўролмай юқорида айтилганлардан устун турадиган бошқа фазилатларимни била туриб, тилга олмади", деди. Амр шу заҳоти: "Забирқон одамгарчилиги йўқ, тошдан ҳам қаттиқ, зоти паст одам", деди. Амрнинг бирпаснинг ўзида икки хил гапирганидан пайғабар алайҳис-салом ғазабландилар. Расулуллоҳнинг ғазабланганларини кўрган Амр: "Эй расулуллоҳ, аввалги гапларим рост, лекин кейинги айтганларим ҳам ёлғон эмас. Мен олдинига ундан рози бўлиб билганларимнинг энг яхшисини айтдим, кейин ундан ранжиб, билганларимнинг энг ёмонини айтдим", деди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Баён қилишда бир сеҳр бор", дедилар. Шундан кейин элчилар имон келтиришди. Пайғамбар алайҳис-салом уларга асирларни қайтариб бердилар ҳамда талай совға-салом улашдилар. Тамимликлар Мадинада анча вақт туриб Қуръон ва диний аҳкомларни ўрганишди.

Орқага Олдинга