loader

Сақиф қабиласининг элчилари

Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига Сақиф қабиласининг элчилари ташриф буюришди. Бу ташрифнинг ўз тарихи бор эди; Мусулмонлар қўшини Сақиф қабиласини муҳосара қилиб, қайтишаётганда Урва ибн Масъуд яширинча келиб пайғамбар алайҳис-саломга учрашган ва имон келтирганидан кейин ўз қабиласини Ислом динига даъват этажагини айтган эди. Расулуллоҳ унинг ҳаётидан хавфсираб: "Қабиладошларинг ўлдириб юборишлари мумкин-ку", деган эдилар. "Мендан сира ташвишланма, расулуллоҳ, қабиладошларим мени ўз қизларидан ҳам яхши кўришади", дея сарвари оламни хотиржам қилишга уринди Урва. У қабиладошлари орасидаги нуфузига ва юқори мартабасига ишониб, одамлар менга эргашишади деб ўйларди. Чиндан ҳам қабиладошлари уни ҳаддан ташқари яхши кўришар ва астойдил ҳурмат қилишарди. Урва Тоифга келиб мақсадини айтиши биланоқ ҳеч қандай гап-сўзсиз уни шартта найза отиб ўлдиришди.
Орадан бир ой ўтгач, Сақиф қабиласининг оқсоқоллари маслаҳатлашиб ўзларининг атрофдаги араб қабилалалари билан урушишга қодир эмаслигини тан олишди ва бундан буён қандай йўл тутишлари лозимлиги ҳақида йўл-йўриқ олгани пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига бирон кишини юборишга қарор қилишди. Кўпчилик Абд Елайл ибн Амр борсин, деган фикрга келган, бироқ у: "Беш-олти кишини қўшиб бермасанглар бормайман", дея оёқ тираб туриб олди. Оқсоқоллар ҳурматга сазовор кишилардан бешовлонни унга ҳамроҳ қилиб Мадинага жўнатишди. Элчилар келиб пайғамбар алайҳис-саломга мақсадларини айтишди. Расулуллоҳ элчилар Қуртюн эшитишлари ва мусулмонларнинг намоз ўқишини кўриб туришлари учун масжиднинг бир четига махсус чодир тикдирдилар. Элчилар ораларидаги энг ёши кичик Усмон ибн Абу Осни нарсаларига қоровул қилиб, ўзлари пайғамбар алайҳис-саломнинг ёнларига бориб туришарди. Улар қайтиб келгач, Усмон бориб расулуллоҳдан Қуръон ўрганар, у киши дам олганларида Абу Бакрдан таълим оларди, Усмон тиришқоқлик билан Қуръоннинг кўпгина сураларини йод олди, бироқ бу нарсани ҳамроҳларидан пинҳон тутди. Элчилар Ислом динини қабул қилиб, бировни ўзларига бошлиқ этиб тайинлашларини сўрашди. Усмон ибн Абу Оснинг Ислом динига Қуръон ўқишга ва диний аҳкомларни билишга иштиёқи кучли эканини билган пайғамбар алайҳис-салом уни элчиларга раҳбар этиб тайинладилар.

Орқага Олдинга