Шу йилнинг рамазон ойида пайғамбар алайҳис-салом Ямандаги бани Мазҳин аймоғига Али ибн Абу Толиб бошчилигида қўшин жўнатдилар. Расулуллоҳ Алига ўз қўллари билан салла ўраб: "У жойга боргандан кейин одамларни: "Ёлғиз оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, дейишга даъват этгин. Агар бунга кўнишса, намоз ўқишни буюргин. Бундан оширмасин, сен туфайли Оллоҳ бирон кишини ҳидоят қилса, бу сен учун қуёш нури тушадиган ҳамма нарсадан яхшироқ. Улар олдин уруш очмагунча сен уларга қарши қилич кўтарма", деб тайинладилар.
Али кўзланган манзилга етиб боргач, одамларни ислом динига даъват этган эди, улар бош тортиб, мусулмонлар устига ўқ ёғдирдилар. Али қўшинни сафрост қилиб, жангга киришни буюрди. Қисқа тўқнашувдан кейиноқ душман сафи тўзиб, енгилишди. Али урушни тўхтатиб, уларни қайтадан динга даъват этди, бу сафар бани Мазҳин аймоғи ислом динини қабул этиб, ялписига имон келтирди, оқсоқоллари байъат қилиб молларининг закотини бердилар. Али пайғамбар алайҳис-салом Маккада пайтларида етиб келиб, у киши билан бирга ҳаж ибодатини адо этди.