Бир куни пайғамбар алайҳис-салом саҳобалар билан саҳбатлашиб ўтирганларида: "Йўл йироқлигига, озиқ-овқат тахчиллигига қарамай Шарқ аҳлининг яхшиси бўлган бир жамоа бу ерга исломни ихтиёрий равишда қабул қилиш учун келади. Эй Оллоҳ, абдул Қайс аймоғини мағфират қилгин", дедилар. Абдул Қайс аймоғининг элчилари етиб келгач, пайғамбар алайҳис-саломни кўрган заҳоти уловларидан ўзларини таппа-таппа ташлаб, салом беришга ошиҳишди. Абдуллоҳ ибн Авф Ашаж элчилар орасида энг ёши кичиги бўлгани учун туяларни чўктириб, юкларни ташитди ва шундан кейингина оқ матодан тикилган кийимларини кийиб, расулуллоҳга салом берди. У пачоққина, кўримсиз одам бўлгани учун расулуллоҳнинг ўзига тикилиб қараганларидан хижолат чекиб: "Эй расулуллоҳ, одамнинг чиройига нон ботириб еб бўлмайди, инсон тили ва дили билан одам", деди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Сенда Оллоҳ ва унинг пайғамбари яхши кўрадиган икки хислат — мулойимлик билан тамкинлик бор экан", дедилар ва шундан кейин элчиларга мурожаат қилдилар: "Хор-зорликда қолмай, надомат чекмай келган қавмни қучоқ очиб кутиб оламиз". Элчилар: "Эй расулуллоҳ, биз бу ерга олис жойлардан* келдик. Икки ўртада Музор кофирларининг қабиласи бор, биз сенинг ҳузуринга фақат қон тўкиш ҳаром қилинган ойлардагина келишимиз мумкин. Шунинг учун адо этишимиз лозим бўлган ишларни очиқ айтиб, тушунтиргин", дейишди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Аввало сизларни Оллоҳга имон келтиришга буюраман. Бу нима дегани биласизларми? Оллоҳга имон келтиргин дегани: Ла илаҳа иллалоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ, деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамозон ойида рўза тутиш ва ғаниматнинг бешдан бирини топширишдан иборат. Сизларнинг томошақовоқларда Ҳантам (махсус мой билан мойланган идиш), нақир хурмонинг илдизидан ясалган идишларда шароб ичишингларни ман этаман", дедилар. Ашаж: "Эй расулуллоҳ, биз томонларнинг ҳавоси сийрак, ароқ ичиб турмасак қорнимиз шишиб, касал бўлиб қоламиз. Бизга оз-моз ароқ ичишга рухсат бермасанг бўлмайди", деди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Йўқ, озгинага рухсат берсам кўпроқ ичасизлар. Кейин бир-бириигларга қилич кўтариб уришасизлар", дедилар. Оша пайтда юқорида номлари зикр этилган идишларда шароб ичиш расм бўлгани учун расулуллоҳ ички-ликка қўшиб улардан фойдаланишни ҳам тақиқладилар.
______________
*Уларнниг юрти форс қўлтигъига яқин жойда эди.