Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига бани ханифа аймоғининг элчилари ташриф буюришди. Уларнинг орасада Каззоб Мусайлима ҳам бор эди. У: "Муҳаммад ўзидан кейин ўрнига мени халифа қилса, унга эргашардим", деган гапни кўп гапирарди. Расулуллоҳ Қайс ибн Шаммос билан бирга элчиларнинг ҳузурига чиқдилар. У кишининг қўлларида хурмо дарахтининг иккита новдаси бор эди. "Сен мендан мана шу шохни сўрасанг ҳам бермайман, — дедилар сарвари олам. — Мен сени худди тушимда кўргандек жазолайман". Пайғамбар алайҳис-салом тушларида қўлларидаги иккита тилла билагузукни ваҳийга биноан пуфласалар улар учиб кетган эмиш. Расулуллоҳ бу тушга ўзларидан кейин пайғамбарлик даъвосини қиладиган икки ёлғончи келади, дея таъбир берган эдилар. Бу ёлғончиларнинг бири Мусайлима, иккинчиси Санъонинг ҳокими Асвад Анасий эди. Бани Ханифа аймоғи анчагача адашиб — улоқиб юргач, алалоқибат мусулмон бўлди.
Орқага Олдинга