Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига Ҳамадондан элчилар ташриф буюришди. Уларнинг орасида машур шоир Молик ибн Намат ҳам бор эди. Эгниларига Яманнинг йўл-йўл матосидан тўн кийиб, бошларига Адан салласини ўраган элчилар билан расулуллоҳ Табукдан қайтганларидан кейин учрашдилар. Молик пайғамбар алайҳис-саломни мақтаб шеър ўқиди: /
Қасам тангрига, эл этмиш туяларни биёбонга,
Мушкулини осон этар сафар чоғида карвонга.
Расулуллоҳга эргашдик сўзини тасдиқ қилиб,
Юбормиш Оллоҳ бизни даъват этгани имонга.
Муҳаммаддан ботир йўқ душманга қарши турмоққа,
Топилмас бас келар инсон бу янглиғ марду майдонга.
Пайғамбар алайҳис-салом Молик ибн Наматни ўз қавмидан мусулмон бўлганларга бошлиқ этиб тайинладилар. Расулуллоҳ ҳамадонликлар ҳақида алоҳида меҳр билан гапирганлар: "Бу нақадар яхши қабила, ҳамадонликлар дарров жонимизга оро кирди, улар азобга ғоят бардошли одамлар, уларнинг орасида мард кишилар, қобилиятли арбоблар бор".