loader

Ҳижратнинг ўн биринчи йили қўшин юбориш

Шу йили сафар ойида пайғамбар алайҳис-салом румликлар билан урушиш учун Убно деган жойга Усома ибн Зайид бошчилигидаги қўшинни жўнатдилар. Аввалги тўқнашув пайтида Усоманинг отаси Зайид шу ерда шаҳид бўлган эди. Пайғамбар алайҳис-салом Усомага: "Отанг шаҳид этилган жойга бориб, душманни тор-мор келтир. Сени бу қўшинга сардор этиб тайинладим. Убно аҳолисига саҳар пайтида ҳужум қил. Уларнинг уй-жойларини ёндириб ташла. Душман хабардор бўлиб қолмаслиги учун тез ҳаракат қил. Оллоҳ сенга ғалаба ато этсин. Душман ерида кўп турма. Йўл бошловчиларни ҳамроҳ қилиб ол, хабарчилар, чопарлар олдинда юришсин", дея тайинладилар. Бу қўшин сафида Абу Бакр, Умар, Абу Убайда, Саъд каби муҳожир ва ансорларнинг катталари ҳам бор эди. Расулуллоҳ аъламни Усомага тутқаза туриб: "Бисмиллаҳ деб Оллоҳнинг йўлида ғазот қилгин. Оллоҳни инкор этувчилар билан урушгин", дедилар. Муҳожирларнинг катталари бор қўшинга Усомадек ўн етти яшар ёшгина йигитни сардор этиб тайинланганига айрим саҳобалар норозилик билдиришди. Расулуллоҳ уларнинг гапларини эшитиб, қаттиқ ранжидилар. "Эй жамоат, Усомани лашкарбоши этиб тайинлаганимдан баъзи бировларнинг норози бўлаётганини эшитдим. Уни ёш бола фаҳмлаб таъна тошларини отибсизлар. Усоманинг отасини лашкарбошиликка тайинлаганимда ҳам худди ҳозиргидек таъна-маломатга қолган эдим. Худо. ҳаққи, Усоманинг отаси сардорликка қанчалик муносиб бўлса, боласи ҳам шунчалик муносиб. Бу ота-бола мен учун энг суюкли кишилар, уларни энг яхши одамлардан деб ҳисоблайман. Усомага яхши муносабатда бўлинглар деб васият қиламан. У орангиздаги яхши одамларнинг биридир", дедилар. Бироқ бу қўшинга Расулуллоҳнинг замонида йўлга чиқиш насиб этмади. Бу қўшиннинг пайғамбар алайҳис-салом вафотларидан кейинги юришлари ҳақида "Сийратул хулафо" (Халифаларнинг таржимаи ҳоли) номли китобимизда ҳикоя қиламиз.

Орқага Олдинга