loader

Пайғамбар алайҳис-саломнинг бетоб бўлишлари

Пайғамбар алайҳис-салом одамларни Ислом динига даъват этишдек Худонинг улкан топшириғини бажо келтирганларидан ва шу туфайли парвардигори олам у кишининг умматини ҳидоят қилганидан кейин Оллоҳ у зоти муборакни ўз даргоҳига чорлади. Пайғамбар алайҳис-салом бир куни минбарда ўтириб: "Оллоҳ бир бандасига бу дунйода қолиш ёки у дунёга кетишни исташ ихтиёрини ўзига берди, бу банда у дунёга, кетишни ихтиёр этди", дедилар. Бу гапни эшитган Абу Бакр ҳўнграб йиғлаб юборди: "Эй расулуллоҳ, ота-онамиз қурбонинг бўлсин", деди у юрак бағрй эзилиб. Пайғамбар алайҳис-салом: "Мен Абу Бакрнинг суҳбатидек (ширин) суҳбат кўрмадим, ундан бениҳоя хурсандман. Агар дўст туцам албатта Абу Бакрни дўст тутган бўлардим. Лекин бизга диний қариндошликнинг ўзи кифоя. Масжидга очилган туйнуклардан* Абу Бакрникидан бошқаси ёпиб ташлансин", дедилар.
Ҳижратнинг ўн биринчи йили сафар ойининг охирларида пайғамбар алайҳис-салом Маймунанинг уйида турганларида бетоб бўла бошладилар. Касал ўн уч кунга чўзилди. Расулуллоҳ ҳар куни аслларидан бирининг уйига кўчиб турдилар. Дардлари оғирлашгач, Оиша Сиддиқнинг уйида муқим туришга бошқа аёлларидан розилик сўрадилар. Бу ерга кўчиб ўтганларидан кейин касал зўрайди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Устимга оғзи очилмаган етти меш сув қуйинглар, одамларга васият қиламан", дедилар. Расулуллоҳни сопол тоғорага ўтқизиб, то қўллари билан бўлди, дея ишора қилгунларича устиларидан сув қуйишди. Сарвари олам кийимлари устидан ҳовурдек уфуриб турган иситма ҳароратини пасайтириш учун ювинишни ихтиёр этган эдилар.

_____________
*Баъзи саҳобаларнинг уйлари масжидга туташ бўлгани учун улар тўппа-тўғри масжидга чиқадиган туйнук очиб олишган эди.

Орқага Олдинга