Муҳаммад алайҳиссаломга келган даврнинг ўнинчи йили бошларида Мадинадан келган ўн икки киши Пайғамбаримиз (с.а.в) билан кўришиб мусулмон бўлдилар. Биринчи Ақоба байъати деб аталган ушбу учрашувдан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) Қуръони каримни ва ислом динини ўргатиш учун ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а.ни Мадинага жўнатдилар. Мусъаб ибн Умайр р.а. Мадинада ажойиб бир ғайрат билан кўплаб инсонларнинг имон келтиришларига сабаб бўлдилар. Ўзларига юкланган вазифани адоғига етказиш мақсадида Саъд ибн Муознинг холаваччаси Асъад ибн Зурора р.а.нинг уйларига жойлашган эдилар. Шунинг учун Саъд ибн Муоз ўша давр араблар орасида қариндошга қарши чиқиш ёмон одат ҳисоблангани учун ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а.га монеълик қила олмадилар. Бироқ қабила раиси сифатида ушбу ишни бир ёғламалик қилишни истарди. Шу мақсадда қабиласининг улуғларидан Усайд ибн Ҳудайрга деди:
- Сен ишини яхши биладиган, ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож
бўлмаган одамсан. Заифларимизни ўзига оғдириш учун маҳалламизга келган бу одамни ёнимизга келишини маън қил. Асъад ибн Зурора қариндошим бўлмаганда эди, бу ишни ўзим бир ёқлик қилардим.
Шундан сўнг Усайд ибн Ҳудайр найзасини олиб Мусъаб ибн Умайр р.а.нинг ёнига борди. У ерга боргач:
- Сизнинг бу ерга келишингиз сабаби нима? Заифларимизни йўлдан
урмоқчимисиз? Агар яшашдан умидингиз бўлса, ўз жойингизга қайтинг!
Мусъаб ибн Умайр р.а. унга хушмуомалалик билан дедилар:
- Аввал бироз ўтиринг, сўзимизни тингланг. Ёқса қабул қиласиз,
ёқмаса юз ўгирасиз.
- Тўғри айтасан.
Мусъаб ибн Умайр р.а. унга Қуръони Каримдан оят ўқидилар. Ислом
динини англатдилар. Унинг тотли овози, инсон қалбига хуш ёқувчи майин овози билан ўқиган оятларини тинглаб ўзини йўқотган Усайд ибн Ҳудайр деди:
- Бу қандай гўзал, қандай улуғвор сўз. Бу динга кириш учун нима
қилиш керак.
Шаҳодат калимасини айтиб ислом дини билан шарафланган Усайд ибн Ҳудайр р.а. Мусъаб ибн Умайр р.а.га:
- Орқамда бир одам бор. Мен ҳозироқ бориб уни сизларнинг
ёнингизга олиб келаман. У агар мусулмон бўлса, Мадинада унинг қавмидан имон келтирмаган бирор кимса қолмайди, деб тезда йўлга тушдилар.
Тўғри Саъд ибн Муознинг ёнига бордилар. Саъд ибн Муоз уни кўргач:
- Нима қилдинг эй Усайд?, деб сўради.
Усайд ибн Ҳудайр р.а. Саъднинг мусулмон бўлишини жуда ҳохлагани учун шундай жавоб бердилар:
- Мусъаб ибн Умайр билан гаплашдим, унда бирор ёмонлик
сезмадим. Бироқ эшитишимча, Ҳориса ўғиллари холанг ўғли Асъадни бундай одамни уйида олиб ўтирганидан шубҳаланиб ўлдирмоқчи эмишлар.
Бу сўзлар Саъд ибн Муозга оғир ботди. Чунки бир неча йиллар аввал бўлиб ўтган бир жангда Ҳориса ўғилларини енгиб Ҳайбарга сиғинишга мажбур қилгандилар. Бир йилдан сўнг афв этиб, юртларига қайтишга изн бергандилар. Шунга қарамай уларнинг бундай ҳаракат қилишлари Саъд ибн Муозни қаттиқ ғазаблантирди. Аслида уларнинг бундай ҳаракатлари йўқ эди. Ҳазрат Усайд ибн Ҳудайр р.а. шундай ҳийла билан Саъд ибн Муозни, ҳолаваччаси Асъад ибн Зурорага ва айниқса Мусъаб ибн Умайрга зарар етказмаслигини, шу билан уларнинг тарафига ўтишини ва ниҳоят мусулмон бўлишини истаётган эдилар.
Саъд ибн Муоз унинг сўзларини эшитиши биланоқ жойидан сапчиб турди ва Асъад ибн Зуроранинг уйи томон йўл олди. У ерга боргач қараса Асъад ибн Зурора р.а. билан Мусъаб ибн Умайр р.а. тинч ўтириб суҳбат қилмоқдалар. Ёнларига яқинлашиб деди:
- Эй Асъад! Орамизда қариндошлик риштаси бўлмасайди, сен бу
одамни мени қўлимдан қутқара олмаган бўлардинг. Сен юртидан ҳайдалган шу бегонани заифларимизни фикрини бузиш учун чақирдингми?
Бу сўзларга ҳазрат Мусъаб ибн Умайр р.а. мулойимлик билан жавоб бердилар:
- Эй Саъд! Тинчлан, ўтириб бизни бироз тингла, сўзларимиз ёқса
қандай яхши, агар ёқмаса сени ҳеч ким мажбур қилмайди. Бизни ташлайсан, кетасан.
Саъд ибн Муоз бундай мулойим сўзларни эшитгач:
- Тўғри айтасан, деди ва ўтирди.
Мусъаб ибн Умайр р.а. Саъд ибн Муозга аввал Исломни
тушунтирдилар, унинг асосларини изоҳладилар. Сўнг майин ва тотли овоз ила Қуръони каримдан бироз оят ўқидилар. Қуръони каримнинг тенгсиз балоғоти қаршисида унинг қалби юмшади ва ўзини тута олмай деди:
- Қасамки, мен ҳозирга қадар аввал ҳеч эшитмаган ажойиб нарсани
тингладим. Сизлар бу динга кириш учун нима қилгансизлар?
Ҳазрат Мусъаб р.а. унга дарҳол шаҳодат калимасини ўргатдилар, у эса калима келтириб мусулмон бўлди. Саъд ибн Муоз р.а. имон келтиргач, бундан туйган фароғат ва ҳузурдан жойларида тура олмай қолдилар. Усайд ибн Ҳудайр р.а.ни ёнларига олдилар ва қавми тўпланган жойга бордилар. Баъни Абдулашҳага ҳитобан дедилар:
- Эй Баъни Абдулашҳа! Мени қандай инсон деб биласиз?
- Сиз бизнинг раисимиз ва улуғимизсан, биз эса сенга эргашамиз.
У ҳолда барчангизга шуни ҳабар қиламанки мен мусулмон бўлдим.
Сизларнинг ҳам Оллоҳ таоло ва Унинг Расулига имон келтиришингизни истайман. Агар имон келтирмасангиз сизлардан ҳеч бирингиз билан кўришмайман, гаплашмайман. Баъни Абдулашҳа раислари ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а.нинг мусулмон бўлганини эшитишлари биланоқ барчаси биргаликда имон келтириб, мусулмон бўлдилар. Ўша куни оқшомга қадар Мадина самоларини шаҳодат калимаси ва такбир садолари билан жаранглатдилар. Бу ҳодисадан сўнг қисқа муддат ичида бутун Мадина халқи, Авс ва Ҳазраж қабилалари исломни қабул қилиб, имон келтирдилар. Ҳар бир уйга ислом нури кирди.
Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳудайр р.а.лар қабилаларига оид бутларни чопиб, синдирдилар. Бу ҳолат суюкли Пайғамбаримиз (с.а.в)га билдирилганда, ул зоти шариф жуда мамнун бўлдилар, Маккадаги мусулмонлар эса Оллоҳга шукроналар келтирдилар. Шунинг учун ўша йилни, яъни милодий 621 йилни қувонч йили деб атадилар.
Саъд ибн Муоз р.а. иккинчи Ақоба байъатида қатнашдилар ва Расулуллоҳ (с.а.в)га байъат қилдилар. Бу байъатда иштирок этганлар Расулуллоҳ (с.а.в)ни жонларини асраган каби асрашга ва керак бўлса молларини ва жонларини фидо этишга сўз бердилар. Саъд ибн Муоз р.а. Мадинанинг улуғларидан ва раисларидан бўлганлари учун Маккага бориб Каъбани тавоф қилардилар. Шунинг учун мушриклар уларга тегина олмасдилар. Ушбу зиёратларидан бирида Абу Жаҳл ҳазрат Саъд р.а.нинг қаршисига чиқиб деди:
- Сизлар бизнинг динимизни ташлаганларни ҳимоя қилдинглар,
уларга ҳар қандай ёрдам кўрсатдинглар. Агар бу ерда сени ҳимоясига олганлар бўлмасайди сени ўлдирардим. Оиланг ёнига қайтиб боролмасдинг.
Ҳазрат Саъд р.а. Абу Жаҳлнинг таҳдидли сўзларига қарши шундай жавоб бердилар:
- Агар менга қарши ҳаракатингни сезиб қолсам, Мадина яқинидан
ўтадиган тижорат йўлингни кесиб, сени у жойларга бошқа оёқ боса олмайдиган қиламан.
Бу сўзларни айтаётган ҳазрат Саъд р.а.нинг овозлари шундай баланд чиқдики, бутун атрофдагилар эшитди ва ўша ерда бўлган Умая ибн Ҳалаф ҳазрат Саъд р.а.га аста:
- Секинроқ гапир, бу киши бу водийнинг энг машҳури, деган эди
ҳазрат Саъд р.а. янада баландроқ овоз билан Абу Жаҳлга дедилар:
- Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга сенинг қатл этилингни
ҳабар қилдилар.
Саросимага тушган Абу Жаҳл:
- Маккада ўлдириламанми?, деб сўради. Ҳазрат Саъд р.а.:
- Унисини билмайман, деб жавоб бердилар.
Абу Жаҳл шу тарзда ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а.дан ўлдирилиши
ҳақдаги ҳабарни эшитгач, Бадр жангида Маккадан чиқишни истамади, бироқ қавми унинг бу ҳаракатига норозилик билдиргани учун мажбуран Бадрга борган эди. Ниҳоят Расули Акрам (с.а.в)нинг айтганлари амалга ошиб, Бадрда Оллоҳ ва Расулининг катта душманларидан бўлган Абу Жаҳл қатл этилди.
Саъд ибн Муоз р.а. Бадр жангида иштирок этиб, Бадр аҳлидан бўлиш ила шарафландилар. Бадр жанги бошланишидан аввал Пайғамбаримиз (с.а.в) Макка мушрикларининг қўшин ҳозирлаб Мадинага томон ҳаракатланаётлари ҳабарини олгач, асҳоблари билан кенгаш ўтказдилар ва уларнинг фикрини сўрадилар. Баъзилари дедилар:
- Бизлар карвон учун йўлга чиққандик. Уларнинг фойда
кўришларига монеъ бўлишимиз керак эди. Чунки оладиган фойдалари билан бизга қарши қўшин ҳозирлар эдилар. Агар жанг қилишдан аввалроқ ҳабардор бўлганимизда, янада яҳшироқ ҳозирлик кўрган бўлардик.
Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
- Карвон соҳил йўлидан кетган. Абу Жаҳл қўшини эса бизга томон
келмоқда.
Шундан сўнг Авс қабиласи раиси ҳазрат Саъд р.а. ўрнидан туриб шундай дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бизлар Оллоҳга ва энг сўнгги Пайғамбари бўлган
Сизга имон келтирдик. Оллоҳ томонидан келтирилган Исломнинг ҳақ дин эканига қалбимиз ила ишондик ва тўғри деб билдик. Сизнинг амрларингизни тинглаш ва итоат қилиш учун сўз бердик. Сизни ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Оллоҳга қасамки, бизга денгизни кўрсатиб ичига тушсангиз, Сиз билан бирга ўша денгизга тушамиз. Ҳеч қайсимиз ортга чекинмаймиз. Ислом душманлари билан курашишни ҳам жон дилимиз билан қабул қиламиз. Жангдан қайтмаймиз. Душман қаршисида сабр тоқат билан одилона турамиз ва жанг қиламиз. Оллоҳ таолога ёлвораман: Эй Буюк Раббим! Бизга шундай ҳизматлар насиб айлаки, ғайратларимизни кўриб Расулингнинг кўзлари кулсин! Ё Расулуллоҳ! Энди бизларни Оллоҳ таоло лутфи ила истаган ерингизга олиб боринг!
Саъд ибн Муоз р.а.нинг сўзларидан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:
- Ундай бўлса, Оллоҳнинг лутфи ва барокотига томон юринглар!
Оллоҳ таоло ё карвонни, ёки Қурайш қўшинини ваъда қилганди. Валлоҳи мен қурайшликларнинг ҳалок бўлиш жойларини ҳозирдан кўряпман.
Бадр жангидан сўнг Уҳуд жангида ҳам қатнашган ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а. кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги билан саҳобалар орасида энг севимлилардан бўлдилар. Бу жангда ўғли Амр р.а. шаҳид бўлдилар. Ухуд жанги пайти Расулуллоҳ (с.а.в) яралангандилар. Саъд ибн Муоз р.а. билан Саъд ибн Убода р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг яраларини ўраб, даволаш чораларини кўрдилар.
Саъд ибн Муоз р.а. мушриклар билан бўлиб ўтган Хандақ жангида ҳам иштирок этдилар. Ушбу жанг бўлиб ўтаётган пайтда соғлом қалъалардан бўлган Баъни Ҳориса қалъасида Саъд ибн Муоз р.а.нинг онаси билан бирга бўлган ҳазрат Оиша р.а. шундай дейдилар: “Ўша куни шиддатли бир овоз эшитдим. Қарасам, Саъд ибн Муоз р.а. ёнида жияни билан жангга кетаяпти. Қиличини тақиб олган, баланд овозда шеърлар ўқирди. Буни эшитган онаси деди:
- Югур ўғлим, шерикларингга етишиб ол, ортда қолма!”.
Ҳандақ жангида Саъд ибн Муоз р.а. душманга қарши қаҳрамонларча
курашардилар. Жанг пайти Ибн Арақа деган мушрик отган ўқ билан қўлидан яраландилар. Ўқ қон томирга тегиб, кўп қон йўқотдилар. Ҳазрат Саъд р.а. ярадор бир ҳолда экан, атрофидагилар қонни тўҳтатиш учун ҳаракат қилаётганларини кўрдилар ва вазиятнинг жиддий эканини англаб, шундай дуо қилдилар: “Эй Роббим! Қурайш жангда давом этган муддатгача менга умр эҳсон айла! Чунки Сенинг Расулингга азият етказган, Уни ёлғончига чиқарган бу мушриклар билан курашишдан роҳатланган қадар бошқа нарсадан роҳатланмайман. Агар орамиздаги жанг оҳирласа, мени шаҳидлик мартабасига юксалтир. Бироқ Баъни Қурайзанинг оқибатини кўрмасдан руҳимни олма”. Пайғамбаримиз (с.а.в) бир чодир қурдилар ва Саъд ибн Муоз р.а.ни ўша ерга ётқаздилар. Баъни Аслам қабиласидан Рафидани ҳазрат Саъднинг соғликларига қараш учун масъул қилдилар. Ҳазрат Саъд р.а. ўша ерда ётган пайтларида Пайғамбаримиз (с.а.в) уларнинг ёнларига тез тез келиб ҳол сўраб турдилар. Ҳандақ жанги оҳирлагач, Расули Акрам (с.а.в) дарҳол Баъни Қурайза яҳудийлари устига юришни амр қилдилар. Баъни Қурайза яҳудийлари Пайғамбаримиз (с.а.в) билан сулҳ тузган бўлсаларда, Ҳандақ жангининг энг оғир палласида мушриклар тарафига ўтиб, мусулмонлар орқасидан пичоқ уришга ҳаракат қилган эдилар. Саъд ибн Муоз р.а. уларни бундай қилишдан қайтарганларига қарамай, улар қулоқ солмадилар. Шунинг учун Ҳандақ жанги тугаши билан, дарҳол Баъни Қурайза яҳудийлари қамалга олинди. Қамал бир ой давом этди. Оҳири таслим бўлдилар. Уларга бериладиган хукм учун ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а.ни ҳакам сифатида сўрадилар. Уларнинг бу истаклари учун Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а. ётган чодирларидан келтирдилар. Ҳазрат Саъд р.а. яҳудийларга шундай дедилар:
- Қандай хукм берсам ҳам розимисизлар?
- Ҳа розимиз.
Шундан сўнг ҳазрат Саъд р.а. Баъни Қурайза эркакларининг боши
олинишини амр қилдилар. Саъд р.а. берган бу хукм яҳудийлар қўлидаги китобда ёзилганидек эди. Ушбу хукмдан сўнг баъзи яҳудий эркакларининг боши олинди. Аёллари ва болалари асир, моллари эса ўлжа сифатида олинди. Баъни Қурайзадан баъзи эркаклар эса мусулмон бўлиб омон қолдилар. Ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а. ушбу хукмни бергач Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дедилар:
- Улар ҳақда Оллоҳ ва Расулининг хукми ила ҳукм қилдинг.
Ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а.нинг Ҳандақ жангида олган оғир яраси
туфайли, ҳолатлари анча оғирлашган эди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Саъд р.а.нинг ёнларига келиб уларни қучоқладилар ва:
- Оллоҳим, Саъд Сенинг ризолигинг учун Сенинг йўлингда жиҳод
этди. Расулингни ҳам тасдиқ этди. Унга енгиллик эҳсон айла, деб дуо қилдилар.
Ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг сўзларини эшитгач аста кўзларини очдилар ва шундай деб пичирладилар:
- Ё Расулуллоҳ! Сизга салом ва ҳурматлар бўлсин. Сизнинг Оллоҳ
таолонинг Расули эканингизга шаҳодат қиламан.
Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз (с.а.в)га келиб дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Бу кеча Сизнинг умматингиздан вафот этадиган ва
вафоти туфайли малаклар севиниб бир бирларига ҳушҳабар етказадиган ким?
Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) дарҳол Саъд ибн Муоз р.а.нинг ҳолларини сўрадилар. Уйларига олиб борлишини буюрдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ёнларида баъзи саҳобалари билан Саъд ибн Муоз р.а.нинг ҳузурларига йўл олдилар. Йўлда суръатли юришлари сабабли асҳоблари дедилар:
- Чарчадик ё Расулуллоҳ!
Пайғамбаримиз (с.а.в) уларга жавобан дедилар:
- Фаришталар Ҳанзаланинг жанозасига биздан аввал етиб
борганларидек, Саъднинг жанозасига ҳам биздан аввал борадилар. Биз аввалроқ боришимиз керак, деб тез кетаётганлари сабабини билдирдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в) ва асҳоблари етиб келганларида ҳазрат Саъд ибн Муоз р.а. вафот этгандилар. Ҳазрат Саъд р.а.нинг бошлари тарафга туриб кунясини айтиб буюрдилар:
- Эй Абу Амр! Сен раисларнинг энг яхшиси эдинг. Оллоҳ сенга
саодат, барокат ва энг ҳайрли мукофотни берсин. Оллоҳга берган сўзингни бажардинг. Оллоҳ ҳам сенга ваъда қилганини беради.
Аслам ибн Ҳорис р.а. шундай дейдилар: “Ичкарида Саъд ибн Муознинг жанозаси бўлар, ичкарида ҳеч ким йўқ эди. Расулуллоҳ эса катта катта одимлар билан уй ичида юрардилар. Бу ҳолатни кўриб секинладим. Тўҳташимга ишора қилганларида тўҳтадим. Сўнг ортга қайтдим. Расули Акрам (с.а.в) ичкарида бир муддат турдилар. Сўнг ташқарига чиқдилар. Сўнг шундай дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Нега ундай юрдингиз?
- Фаришталар бунчалик кўп бўлган бирор мажлисни кўрмагандим.
Ичкари фаришталарга тўлганди. Бир фаришта мени қаноти остига олди, шунинг учунгина ўтира олдим.
Сўнг Саъд ибн Муознинг кунясини айтиб:
- Сенга офият бўлсин эй Абу Амр! Сенга офият бўлсин эй Абу
Амр!, дедилар”.
Ҳазрат Саъд р.а.нинг вафоти туфайли Расули Акрам (с.а.в.) ва саҳобалар қаттиқ қайғуга ботдилар. Кўзёш тўкиб йиғладилар. Жанозасига бутун асҳоби киром тўпланди. Пайғамбаримиз (с.а.в) жаноза намозини ўзлари ўқидилар ва майитни қабрга олиб бордилар. Саҳобалар Саъд ибн Муоз р.а.ни қабристонга олиб борар эканлар шундай дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Биз қабристонга бундай осон етиб борган майитни
кўрмаган эдик.
Шундан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:
- Саъднинг жонозасига етмиш минг фаришта тушди. Шу пайтга
қадар ерюзига бунчалик кўп фаришта тушмаган эди.
Саъд ибн Муоз р.а. дафн қилинар эканлар, қабридан бир одам бир ҳовуч тупроқ олганди. Сўнг тупроқни уйига олиб боргач, у мушкка айланди. Қабрга қўйилаётганларида Пайғамбаримиз (с.а.в) қабр бошида ўтирдилар ва муборак кўзлари ёшланди.