loader

МАДИНАИ МУТАҲҲАРАҒА КЕЛУНГАНДИН КЕЙИН БИРИНЧИ САНАДА БЎЛҒОН ВОҚЕАЛАР

Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг биринчи санасида туялари чўккан ерға аввал Масжиди шарифни бино қилдилар. Бу ер тоға жамоа (уруғ)лари бўлғон Бани Нажжор маҳаллалари муқобили (рўбарўси)да эрди. Ҳазрати Асъад ибн Зурора розияллоҳу анҳу кафолат (қарамоғ)ларида турган икки етим боланинг мулклари эрди. Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ул ерни эгаларидин сотуб олмак учун ирода (ният)ларин билдурдилар. Алар ниҳоятда хуш бўлуб, ерларин масжид учун ҳиба (ҳадя) қилмакчи бўлдилар, лекин жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул этмай, сотуб олдилар.
Ул ерда мушрикларнинг қабрлари, бир неча хурмо дарахтлари ва баланд-пастликлар бор эрди. Амр қилдилар, қабрлар очилиб, тоза қилунди, чуқурликлар тўлдурулди ва дарахтлар кесуб ташланди. Кейин хишт (ғишт)лар қуюлди ва масжид биносиға шуруъ қилинди (киришилди). Ҳар бир дарвозасин (эшигининг) икки ёнин тошдин урулди, томин хурмо шохларидин ёпилди ва сутун (устун)ларин хурмо дарахтларин таналаридин қўюлди. Масжиднинг баландлиги бир одам қоматидин озроқ юқори бўлди.
Масжидни бино қилишда ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари саҳобалар ила баробар ишладилар. Бу ҳолни кўрган мусулмонлар ҳаммалари масту шайдо (мафтун) бўлушуб, шеърлар ўқушуб, ишлар эрдилар. Аларға дилдорлик қилуб, ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам (шоир саҳобалардан бирига тегишли бўлган) шеър ўқудилар, шеърлари бул жумла эрди:
اللهُمَّ لَا خَيْرَ إِلَّا خَيْرُ الْآخِرَة فَارْحَمِ الْأَنْصَارَ وَالْمُهَاجِرَة
Эй Аллоҳ, ҳеч хайр йўқдур, магар охиратнинг хайри,
Раҳм айла ансору муҳожирини киромға.
Масжиднинг қибласини Мадинанинг шимол тарафидин қўюлдики, Байтул Мақдис шул тарафда эрди ва масжид учун уч дарвоза (эшик) қўюлди. Галим (гилам)лар ва кигизлар ила зийнат берилмади, ҳатто бўрё (бўйра)лар ҳам тўшалмади. Лекин ёғин таъсир қилғон сабабдин, қумлик туфроғ солинди.
Кейин жаноб Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам амр бердилар, масжидға муттасил (ёпишган) икки ҳужра ҳам солунди: бири волидамиз ҳазрати Савда розияллоҳу анҳо учун, иккинчиси волидамиз ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо учун. Чунки ўшал кунларда бу икки зотдин бошқа рафиқалари йўқ эрди. Бу икки ҳужра масжидға ёпушган ва масжид каби ниҳоятда содда солунган эрди. Кейин(чалик) ҳар бир волидамиз келганларида, ўзлариға хос ҳужра бино қилунаберди.

Орқага Олдинга