Иккинчи санаи ҳижрия (ҳижрий иккинчи йил) рамазони муборакда жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳозир бўлғон мужоҳидларни баробар олуб, Мадинадин равона бўлдилар. Бутун лашкарда аввалу охири икки адад от, етмиш адад туялари бор эрди. Ўзлари Толут лашкари каби уч юз ўн уч (ё уч юз ўн тўрт ёки уч юз ўн етти) адад эрдилар. Булардин муҳожирлар олтмиш олтидин зиёда (аниқроғи, саксон икки ё саксон уч ёки саксон олти нафар) эрдилар ва ансорлар икки юз қирқдин ортуқ (балки, икки юз ўттиз бир нафар) эрдилар.
Вақтики, мусулмонлар юра-юра Бадрға етдилар, кўрдиларки, ададда буларға уч баробар душман лашкари беҳисоб асбобу олот (қурол-яроғ) ила мукаммал бўлғон ҳолда булардин илгари майдонни машғул қилуб ётубдурлар.
Уруш бошланишдин бир кун илгари Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг майдонин айлануб кўрдилар. Саҳобаларға дедиларки: “Иншааллоҳ, эрта куни душманлардин фалоний бул ерда ва фалоний бул ерда ўлдурулур”, деб кўрсатдилар.
Кейин рамазоннинг ўн еттинчи тарихи жума кунида уруш бошланди. Бироз муқаддам жаноб Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигор жалла шаънуҳу даргоҳиға ёлборуб, дуолар қилдилар. Арз қилдиларки: “Эй бор Худоё! Агар бу бир тўда мусулмон бандаларинг кофирлар қўлларида ҳалок бўлсалар, ер юзида Сени яккаю ягона билуб, хос Ўзунгға бандалик қилғувчи бир тоифа қолмас”. Ва мусулмонлар ҳам ҳаммалари дуоға машғул бўлдилар. Кейин уруш бошланди. Аллоҳ таолонинг нусрати била маккаликлардин етмишлари асир тушдилар ва етмиш адад баҳодирлар равонаи жаҳаннам бўлдилар. Бу бечораларни ҳолу жониға қўймай, Маккадин олуб чиқғон Абу Жаҳл ўзи ҳам булар ила баробар жаҳаннамға равона бўлди. Маккада Дорун-надва (Қурайш олий мажлиси) ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳалок қилмак учун маслаҳатда шерик бўлғон ўн тўрт қураший (қурайшлик) сардордин ўн бир ададлари юқоридаги жаҳаннамийларға ҳамсафар бўлдилар. Қолғон уч нафарлари Ислом диниға мушарраф бўлдилар.