loader

БАДР УРУШИДА БЎЛУБ ЎТГАН БАЪЗИ МУҲИМ ВОҚЕАЛАР

1. Мусулмонлар Аллоҳ таолоға чин диллари ила йиғладилар ва андин нусрату мадад талаб қилдилар. Парвардигор (уларнинг) фарёдларин эшитди, дуоларин қабул этуб, мададлариға фаришталарни юборди ва аларға дедики: “Эй фаришталар, мен сизлар иладурман. Мусулмон бандаларимға мадад беринглар. Мен кофирлар диллариға хавф солурман, сизлар аларнинг гардан (бўйин)ларин узунглар ва қўлларин танларидин жудо қилинглар”. Ҳақиқатда воқеа шундоғ бўлди.
2. Аллоҳ таоло мусулмонлар кўзлариға мушрикларни ва мушриклар кўзлариға мусулмонларни оз қилуб кўрсатди. Бу тадбир соясида иродаи Аллоҳ мусулмонларни мансур (ғолиб)у музаффар айлади ва куфру ширк арбобин мақҳур (қаҳру ғазабга дучор) ва мағлуб айлади.
3. Мужоҳидлар сафларин ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак қўллари ила тартиб бердилар. Урушдин аввал ҳаммаларини енгил бир уйқу босди. Андин ҳиммату ҳавсала (ҳафсала)лари тоза бўлди, дилларидин хавфу ташвиш тамом кўтарилди.
4. Ҳаммадин аввал уруш майдониға Рабиъанинг икки ўғли Утба ва Шайба, Утбанинг (тўнғич) ўғли Валид тушуб, мусулмонлардин мубориз (яккама-якка олишувчи рақибларни) талаб қилдилар. Булар муқобил (қарши)лариға ансори киромдин уч киши чиқуб тўғри бўлдилар. Алар дедилар: “Сизлар бизларға муносиб зотлардурсизлар. Лекин бизлар ўз амакизода (қариндош-уруғ)ларимизни талаб қилурмиз”. Кейин ҳазрати Ҳамза, ҳазрати Алий ва ҳазрати Убайда ибн Ҳорис майдонға чиқуб, аларға муқобил (рўбарў) бўлдилар. (Ибн Исҳоқ ривоятига кўра) ҳазрати Алий муқобилларидаги Валидни ўлдурдилар, ҳазрати Ҳамза Шайбани ўлдурдилар ва Убайда ила Утба ўрталарида бир бордин ҳамла радду бадал (баробар) бўлди, бир-бирлариға ғолиб кела олмадилар. Кейин ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Алий боруб, Убайда муқобили (қаршиси)даги Утбани ўлдурдилар.
5. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда муассир (таъсирли) бир ваъз қилуб, мусулмонларни урушға тарғиб бердилар ва шаҳидларға жаннат берилишини баён қилдилар. Бу ваъзни эшитуб, саййидуно Умайр ибн Ҳумом розияллоҳу анҳу ёнларидин бир неча хурмони чиқаруб, тановул қилуб туруб дедиларки: “Агар бу ҳамма хурмо тамом бўлгунча тирик турсам, ул ҳолда узун яшаган бўлурман”. Бу сўзни деб, қолғонларини отуб ташлаб, ўзларини кофирлар тўдалариға урдилар. Уруша-уруша охир ўзлари шаҳид бўлдилар. Бу урушда (ансорлар ичида) ҳаммадин аввал шаҳодат жомин нўш этган (тотган) зот шул киши бўлдилар, розияллоҳу таоло анҳу.
6. Бу урушда Абу Жаҳл Аллоҳ таолоға дуою арз қилди: “Эй Аллоҳ, мен била Муҳаммад иккимиздин қайсимиз қариндошлариға беоқибатроғ ва номаъқул ишларға алоқаси кўброғ бўлсак, эрта куни шуни сарнагун (шарманда) айла”. Бу дуоси қабул бўлуб, майдонда шери ғаррон (ўрмон шери)дек ҳар тарафға жавлон уруб юрган ҳолида мадиналик икки ёш йигитчалар анга ҳамла қилуб, чала ўлук қилуб ташлаб кетдилар. (Жанг сўнгида) жаноб Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошини танасидин жудо қилуб, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурлариға келтурдилар. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шахс бу умматнинг фиръавни эрди”, дедилар.
7. Бу урушда саййидуно Билол розияллоҳу анҳуға ниҳоятда кўб озорлар берган кофир Умайя ибн Халаф ва ўғли Али ҳам ҳазрати Абдураҳмон ибн Авф кўллариға асир тушдилар. Ҳазрати Билол кўруб қолуб: “Эй мусулмонлар, куфрнинг боши қўлға келди, ҳамият қилинглар”, дедилар. Мусулмонлар баробар ҳамла қилуб, ўзини ҳам, ўғлини ҳам ўлдурдилар.
8) Бу жангда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ердин каф(т)ларин тўлдуруб туфроғ олдилар ва ани кофирлар тарафлариға отдилар. Алардин кўзиға туфроғ кирмаган киши қолмади. Ҳаммалариға баробар ҳисса тегди. Қуръони каримдаги
...وَمَا رَمَيْتَ إِذْ رَمَيْتَ وَلَكِنَّ اللَّهَ رَمَى...
(“(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам,) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди”) ояти  шул воқеани баён қилур.
9. Бу урушда ҳазрати Уккоша ибн Миҳсан розияллоҳу анҳунинг қиличлари узулуб кетди. Филҳол Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ул жаноб қўллариға бир ўтун шохини бердилар. Ани тутуб туруб, қимирлатуб эрдилар, ул қилич бўлуб қолди. Ул жаноб шул мўъжиза қилични урушларда истеъмол этуб (ишлатиб) юруб, охир ўзлари Ридда урушида шаҳид бўлдилар.
10. Бу урушда мусулмонлардин ўн тўрт киши шаҳид бўлдилар.
11. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу уруш ғаниматин Мадинаға қайтуб кетуб туруб, Сафро деган мақомда тақсим қилдилар.
12. Йўл устида кофирлардин Назр ибн Ҳорис ва Уқба ибн Абу Муъайт ном икки кишини ўлдурдилар. Мадинаи Мунаввараға мансуру музаффар бўлғон ва кофирлар диллариға хавфлар пайдо қилғон ҳолда дохил бўлдилар. Бу шондор музаффариятни кўруб, Мадина аҳлидин кўб киши мусулмон бўлди. Мунофиқлар бошлиғлари Абдуллоҳ ибн Убай ва жамоаси ҳам мусулмон бўлдилар . Парвардигорнинг мусулмонларға берган ваъдаси ўз садоқатин равшан билдурди.

Орқага Олдинга