Қурайш жамоаси (қабиласи)дин Сафвон номлик бир кишининг отаси Бадр урушида ўлдурулган эрди ва Умайр номлик яна бир кишининг ўғли асир тушган эрди. Бу икки киши Маккадин ташқари чиқуб, ниҳоятда махфий бир ерда ўлтурушуб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида узоқ гуфтугў (суҳбат) қилишди. Қайси бир сурат ила бу одамни дунёдин бир тараф қилса бўлур, деб машвара (маслаҳат)лар этишди.
Умайр деди: “Менинг бўйнумда одамларнинг қарзлари бор ва хонадоним мен ўлуб кетсам, бесарпараст (ҳомийсиз) қолурлар. Анинг учун журъат қила олмасман, бўлмаса, Мадинаға боруб, Муҳаммадни ўзум танҳо ўлдуруб келур эрдим”.
Умайрнинг бу сўзин эшитган Сафвон: “Тамом қарзларингни мен узурман, бола-чақаларингға ўлгунумча мен мутасадди бўлурман”, деди.
Сафвондин бу жавобни олғач, Умайр: “Бу махфий қароримизни ҳеч ким билмасун”, деди. Ўзи қиличин қайратиб, ўткур қилдурди, анга заҳар сувин ичурди ва зиёда тўхтамай Маккадин Мадинаға равона бўлди.
Кейин Умайр оз кунда Мадинаға етди. Шаҳарға кируб, Масжиди шариф тўғрилариға боруб, туясини чўкуруб туруб эрдики, туяси бўкуруб юборди. Ҳазрати Умар Форуқ розияллоҳу анҳу туя овози чиқғон тарафға боқдилар, филҳол эгасини танудилар ва дилларида жазм қилдиларки, бу шайтон албатта бир фасод қасдида келгандур. Тездин Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға боруб: “Ё Расулаллоҳ, Умайр ибн Ваҳб Маккадин келубдур, силоҳи ила, жаноб хизматлариға келуб турубдур”. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Эй Умар, ани тўсмагил, кела берсун”. Кейин ҳазрати Умар анинг қиличин қабзаси (дастаси)дин тутуб, гарданиға қўлларин қўюб, хизмати ақдас (муборак)ға олуб келдилар.
Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй Умар, Умайрни бўшат, менинг қошимға яқин келсун”. Кейин: “Кел, эй Умайр, на учун келдинг” дедилар. Умайр деди: “Ўғлумдин хабар олғоли келдим”. Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар: “Бу қилични нима ғаразда тақуб келдинг?” Умайр деди: “Бизларнинг бу қадар кўб қиличларимиз сизға нима қила олдики, бу қилич бир нарса қила олсун?” Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй Умайр, ҳақиқий воқеани ўзин сўзлагил”. Умайр аввалғи жавобни иъода қилди (қайтарди). Кейин жаноб Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй Умайр, сен ва Сафвон икковларинг тоғ ичида ҳеч ким йўқ ерда муоҳада қилдингиз (аҳдлашдингиз)лар. Сафвон сенинг тамом қарзларингни бермакчи ва ўлгунча сенинг хонадонингға сарпараст (ҳомий) бўлмакчи бўлди. Сен анга мени ўлдуруб бормакни ваъда қилдинг ва шул ниятда бу қилични тезлатиб (ўткирлаб), заҳар суви ила суғоруб, тақуб келдинг. Эй Умайр, сенга маълум эмасмики, менинг нигоҳбоним (ҳимоячим) Аллоҳнинг ўзидур”.
Умайр бу сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдин эшитуб, ақли кетуб, ҳайрон бўлуб қолди ва деди: “Ё Расулаллоҳ, энди менинг дилим тамом ишонди ва тасдиқ этдики, сиз албатта Худонинг хақ пайғамбари экансиз. Қачон сиз осмоний хабарларни баён қилсангиз, биз ёлғон деб ишонмас эрдук. Энди, бу хусусий воқеа ҳақида берган хабарлариға нечук инкор қила олурман. Буни мен ва Сафвондин бошқа ҳеч бир киши билмас эрди. Жаноб Парвардигоримға беҳисоб шукрки, менинг мусулмон бўлушумға бу воқеани сабаб айлади”.
Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларға иршод қилдилар (кўрсатма бердилар)ки: “Биродарингизға дин таълими беринглар, Қуръон ёд қилдурунглар ва ўғлини озод этинглар”. Умайр дедилар: “Ё Расулаллоҳ, менга ижозат берсунлар, Маккаға борай. Анда халқи Худони Ислом диниға даъват қилай. Менинг дилим шуни хоҳларки, мен мундин илгари мусулмонларни нақадар паришон қилғон бўлсам, энди, мушрикларни ҳам шул қадар расво қилай”.
Сафвон Умайрни Мадинаға жўнатгандин кейин Қурайш сардорлари ила ўлтурушганда дер эрдики: “Биродарлар, оз кун сабр қилинглар ва кўрунгларки, қандоғ бир хурсандлик кун сизларға келур, умид гуллари очилур, Бадр воқеаси тамом унутулур, диллар қарор топур, ғамлар кетур, хушликлар ўрниға келур”.
Кейин Сафвон Умайрнинг мусулмон бўлғонлигин эшитгач, тарбузи қўлидин тушди, умид тескари натижа берди, ниҳоятда ғамда қолди. Қасам ичдики: “Модом тирикдурман, Умайр ила сўзлашмайман ва анга ҳеч бир қисм имдод (мадад) қилмайман”.
Умайр Маккаға келди, Ислом мадҳин қила бошлади, кўрган одамни анга даъват эта берди. Анинг таблиғин (даъватининг) баракатидин бир мунча аҳли Макка мусулмон бўлдилар.