loader

ЎН НАФАР АКОБИР САҲОБАИ КИРОМНИНГ МАЗЛУМОНА ШАҲОДАТ ТОПИШЛАРИ

Уҳуд жангидин кейин Қурайш жамоаси (қабиласи) ором ўлтурмадилар, балки мусулмонларни паришон қилмак учун ҳар қисм чоралар кўрдилар. Чунончи, Азал ва Қора қавмидин етти кишини ясама мусулмон қилуб, ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға юбордилар. Алар арз қилдилар: “Ё Расулаллоҳ, бизларнинг қавмларимиз мусулмон бўлишға билкул (батамом, тамоман, бутунлай) тайёр бўлдилар. Жаноблари бизлар учун бир неча муаллим раҳбар берсунлар”.
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн нафар саҳобаға ҳазрати Осим ибн Собит розияллоҳу анҳуни сардор қилуб, буларға қўшуб бердилар. Вақтики, бу саҳобалар бир муайян мақомға боруб эрдилар, буларни тирик гирифтор (асир) этмак учун икки юз нафар отлиқ навжувон (йигит) етиб келдилар. Саҳобалар аларға ўзларин таслим этмай, уруш бошладилар. Уруша-уруша саккиз саҳобий ўшал ерда шаҳид бўлдилар ва ҳазрати Хубайб ила ҳазрати Зайд ибн Дасина иккиларини тирик асир қилуб олдилар.
Аслида бу воқеаға сабаб бўлғон киши бир хотун эрди. Ул аҳд қилуб эрдики, ҳар ким ҳазрати Осимнинг бошини менга келтурса, юз туя берурман. Шул туялар тамаъи (илинжи)да бу воқеа туғулуб эрди.
Ҳазрати Осим бу сўзни эшитган эрдилар, энди, билдиларки, булар бу жаноб ўлганларидин кейин бошларин олуб борурлар. Анинг учун дуо қилдилар: “Ё Аллоҳ, кофирлар менинг жисмимни беҳурмат қилмасунлар, танам аларнинг қўллариға тушмасун”. Кейин кофирлар бу зотнинг бошларин жудо қилмак учун ирода қилуб эрдилар, Аллоҳ таоло ариға ўхшаган бир жонуворларни юборди. Алар келуб, тамом баданларин ўраб олушди. Ҳеч бир ҳисса баданлари кўрулмай қолди. Ҳар ким яқин келса, ул жонуворлар ҳамла қилуб, қарибул ҳалок (ўлимга яқин) қилуб ташлар эрдилар. Охир кофирлардин бирлари дедики: “Ҳозир қўюб беринглар, яқин борманглар. Кечқурун бу жонуворлар ҳаммаси учуб кетур. Кейин бошини алоҳида қилуб олурмиз”. Кечурун бир ёғин (ёмғир) бўлди. Сел келуб, ҳазрати Осим муборак танларин бир тарафға оқузуб олуб кетди. Кофирлар ахтаруб тополмай маъюс (чорасиз) қолдилар. Юз туядин ҳам маҳрум бўлдилар. Дунё ва охират хасораси (ҳалокати)ға баробар йўлуқдилар.
Кейин бу жамоа ҳазрати Хубайб ва ҳазрати Зайдни олуб кетдилар. Бир неча кундин кейин ҳар иккиларин Маккаға олуб боруб, Қурайшға сотуб кетдилар. Қурайш буларни Ҳорис ибн Омир уйинда неча кун таом ва сув бермай сақладилар. Бир кун соҳиби хона – Ҳориснинг ёш боласи бир пичоқни ўйнаб туруб боруб қолди. Ҳазрати Хубайб бола қўлидин пичоқни олуб қўйдилар. Ўзини тиззаларида ўйнатуб ўлтурдилар. Ногоҳ Ҳориснинг хотуни кўруб қолдики, бола пичоқ ила Хубайб қошиға боруб ўлтурубдур. Бу ҳолни кўруб, хотун беихтиёр сайҳа урди (бақириб юборди). Хубайб розияллоҳу анҳу дедилар: “Эй хотун, сен гумон қилурсанки, мен бу маъсум (бегуноҳ) болани ўлдурурман, ҳаргиз-ҳаргиз мундоғ бўлмас. Мусулмон ғадр (ғаддорлик) ва хиёнатни билмайдур”.
Бир муддатдин кейин Қурайш жамоаси (қабиласи) бу икки бегуноҳ (беайб) улуғларни ўлдурмакчи бўлуб, дор остиға олуб бордилар, дедиларки: “Агар динларингиздин қайтсангизлар, сизларға нажот берулур. Йўқ эса, ўлдурулурсизлар”. Алар жавоб бердиларки: “Динимизни ташламакчи бўлсак, андин қолғон жонни на қилурмиз?! Бизлар ҳаргиз Худо ҳидоят қилғон йўлдин қайтмасмиз”.
Қурайш савол қилди: “Эй Хубайб, ҳеч бир таманно (тилак) дилингда борми? Биз ани сенга берайлик”. Ҳазрати Хубайб розияллоҳу анҳу дедилар: “Икки ракъат намоз ўқуб олишға ижозат берилса, мамнун бўлур эрдим”. Алар муҳлат бердилар. Жаноб икки ракъат намоз ўқуб олдилар ва дедилар: “Душман қўрқди, деб маломат қилмағонида, намозимни ниҳоятда хузуъ ва хушуъ ила ўқуб олғон бўлур эрдим”.
Кейин душманлар ҳар иккиларин дорға осдилар ва найзаликларға буюрдилар. Алар найзалари ила ҳар иккиларин тамом аъзоларин тешик-тешик қилуб ташладилар. Бу икки муқаддас (табаррук) зотнинг Исломға муҳаббатлари нақадар зиёда, ҳақ динда нақадар мустақим ва Худоларин ваъдасиға нақадар ишончлари баланд эрдики, бу қадар кулфату азиятни чекуб туруб, бир бор уф, демадилар ва чеҳралари ўзгармади. Балки, жаноб саййидуно Хубайб розияллоҳу анҳу душманлар муқобил (қарши)ларида аларнинг қилғон зулму ситамлариға жавобан бутун дунё мусулмонлари учун шундоғ кунларда дарс-ибрат бўларлик бу муборак байтларни ўқуб, душманларни ангушт бадандон (бармоқларини тишлайдиган) қилуб кетдилар:
لَقَدْ جَمَعَ الْأَحْزَابُ حَوْلِي وَأَلَّبُوا * قَبَائِلَهُمْ وَاسْتَجْمَعُوا كُلَّ مَجْمَعِ
“Таҳқиқ (ҳақиқатда), одамлар менинг атрофимға тўпландилар, тамом қабилаларин жам қилдилар ва жамоатларин тўпладилар.
وَكُلُّهُمْ مُبْدِي الْعَدَاوَةِ جَاهِدٌ * عَلَيَّ لِأَنِّي فِي وَثَاقٍ بِمَضْيَعِ
Ва ҳаммалари менинг учун адоватларин зоҳир қилурлар ва ўқталурлар. Чунки мен бандиман, ҳалокат еридаман.
وَقَدْ جَمَعُوا أَبْنَاءَهُمْ وَنِسَاءَهُمْ * وَقُرِّبْتُ مِنْ جِذْعٍ طَوِيلٍ مُمَنَّعِ
Ва булар авлодларин ва хотунлар(ини) тўплаб келдилар ва мени бир узун ва баланд дор остиға келтурдилар.
وَقَدْ خَيَّرُونِي الْكُفْرَ وَالْمَوْتُ دُونَهُ * وَقَدْ هَمَلَتْ عَيْنَايَ مِنْ غَيْرِ مَجْزَعِ
Ва мени куфр қабул этмакға чақирурлар, ҳолбуки, ўлум андин яқиндур ва икки кўзум ёш тўкур, лекин хавфим йўқдур.
فَلَسْتُ بِمُبْدٍ لِلْعَدُوِّ تَخَشُّعًا * وَلَا جَزَعًا إنِّي إلَى اللَّهِ مَرْجِعِي
Чунки, мен душманға эгилмасман ва андин қўрқмасман. Албатта, билурманки, охир Роббим ҳузуриға борурман.
وَلَسْتُ أُبالي حِينَ أُقْتَلُ مُسْلِما * عَلى أَيِّ جَنْبٍ كَانَ في الله مَصْرَعِي
Ва мен вақтики Исломда ўлсам, ҳеч парво қилмасманки, ўнгдин жон бердимми ё чабдин, Худо қурбонидурман.
وَذَلِكَ في ذَاتِ الإِلَهِ وَإِن يَشَأْ * يُبَارِكْ على أَوصَالِ شِلْوٍ مُمَزَّعِ
Чунки, бу ўлушим Аллоҳ йўлидадур. Агар Аллоҳ хоҳласа, бандасин бурдаланган гўштин парчалариға ҳам баракат ато қилур”.
Ҳазрати Хубайб розияллоҳу анҳу дорға осилуб, найзалар ила муборак аъзолари пора-пора қилунғон соатда бу охири дуони қилуб, омонат жонларини меҳрибон Парвардигорлариға тобшурдилар. Дуолари будур:
اللَّهُمَّ أَحْصِهِمْ عَدَدًا وَاقْتُلْهُمْ بِدَدًا وَلَا تُغَادِرْ مِنْهُمْ أَحَدًا.
اللَّهمّ إنَّا قَدْ بَلَّغْنَا رِسَالَةَ رَسُولِكَ، فَبَلِّغْهُ الْغَدَاةَ مَا يُصْنَعُ بِنَا.
Яъни, “Эй Парвардигор, бу мажмаъ (жамоат)да ҳозир бўлган душманларни санагил, ҳаммаларин парчалаб ташлагил ва ҳеч бирларин саломат қўймагил. Эй Парвардигор, бизлар Расулинг паём (топшириқ)ларин еткуздук. Энди, Сен бизларға қилунуб турган муомалаларни Расулингға маълум қилгил”.
Маккаи Мукаррамада бу икки жанобға бу муомалалар бўлуб турган замонда Мадинаи Мунавварада ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға бир ҳолат пайдо бўлуб тарқади. Филҳол саҳобаларға дедиларки: “Жибрил алайҳиссалом биродарларингиз Хубайб саломин еткуздилар. Кофирлар Хубайбни ва Зайдни дорға осиб, бутун аъзоларини найзалар ила ғалвир қилуб ташладилар”.
Бу воқеадин Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ва тамом саҳобалар ниҳоятда маҳзун бўлдилар. Жаноб Саъид ибн Омир (Жумаҳий) розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тарафларидин (халифалик даврларида Шом ўлкасининг Ҳимс вилоятига) ҳоким таъйин бўлган эрдилар. Гоҳо-гоҳо бирдин беҳуш бўлуб, ўзларидин бегона бўлуб қолур эрдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ул кишидин бу воқеа сабабини сўрадилар. Жавоб бердиларки: “Мен жаноб Хубайб розияллоҳу анҳу дорға осилиб ўлдурулган соатларида ҳозир эрдим. Қачон шул воқеа хотиримға келса, беихтиёр шул ҳолатға тушурман”.
Ҳақиқатда, жаноб Хубайб розияллоҳу анҳу дуо қилғон лаҳзаларида ҳозирлардин аксарлари хаёл қилдиларки, бу дуо асари (таъсири)ға ҳозир ҳамма дучор бўлур. Анинг учун баъзилари ўзларини ерға ташладилар. Ғараз (сабаби), бу дуодин ҳайбатланмағон киши қолмади, розияллоҳу анҳу.

Орқага Олдинга