Ўнунчи санаи ҳижрияда жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажжи Байтуллоҳға ирода қилдилар. Атрофу жавонибға хабарлар юборилдики, бу сана ҳазрат Саййидул коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж учун Маккаи Мукаррамаға бормакчидурлар.
Бу муборак хабарни эшитгач, ҳар тарафдин жамоа-жамоа халқлар ҳар синф ва ҳар табақадин Мадинаи Мунаввараға кела бошладилар. Ҳаммалари келуб, Зул Ҳулайфа [Биъри Алий]ға боруб, эҳромға дохил бўлдилар ва шул ердин талбия шуруъ қилдиларки, алфози бу эрди:
لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ لَبَّيْكَ، لَبَّيْكَ لَا شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ، إِنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْك، لَا شَرِيكَ لَكَ
Бу жумлаларни такрор қилғон ҳолда Маккаи Мукаррамаға равона бўлдилар. Бу буюк, муқаддас қофилаға ҳар-ҳар ердин фавж-фавж (гуруҳ-гуруҳ) жамоалар қўшулур эрдилар.
Вақтики, Маккаи Мукаррамаға яқин етдилар, Зу Тувода бироз тўхтадилар. Кейин Макканинг тефа тарафидин анбуҳи азим (улкан оломон) ила шаҳарға дохил бўлдилар. Кундуз куни ниҳоятда буюк шавкат ила тавофдин фориғ бўлдилар ва Худонинг азамату жалолин оламға кўрсатдилар. Кейин Сафо ва Марва саъйларин қилдилар.
Фориғ бўлғондин кейин саккизинчи зулҳижжаға қадар қўшхона (меҳмонхона)ларида оромда бўлдилар.
Саккизинчи зулҳижжада Маккадин Мино тарафиға равона бўлдилар. Зуҳр (пешин), аср, мағриб (шом), ишо (хуфтон) ва фажр (бомдод) намозларин Минода ўқудилар.
Тўққузунчи зулҳижжа куни офтоб (қуёш) тулуъ қилғон (чиққан)дин сўнг Минодин юруб, Водийи Намираға келуб тушдилар. Бу водийнинг бир тарафи Арафот ва бир тарафи Муздалифа эрди. Заволдин кейин бул ердин юруб, Арафот майдониға келдилар. Бутун майдон халқға тўлди. Тамом одамлар талбияға ва такбиру таҳлилға машғул эрдилар. Шул куни бир юз қирқ минг ё бир юз йигирма тўрт минг мусулмон Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ила ҳажда баробар эрдилар. Жаноблари бу мажмаъи азим (улкан жамоат)да туялариға минуб, тоғ тефасиға чиқуб туруб, тубандаги хутбаи шарифани марҳамат қилдилар:
Аллоҳ таолоға ҳамду сано айтгандин кейин дедилар: “Эй инсонлар, менинг сўзумни эшитинглар. Мен хаёл этурман (ўйлайман)ки, мундин (бу йилдан) кейин мен сизлар ила бу мақомда ҳеч бир вақт жам бўла олмасман.
Эй инсонлар, сизларға бир-бирларингизнинг қонларингиз, молларингиз бу кунларингиз, бу ойларингиз ва бу шаҳарларингизнинг ҳаром бўлғони каби ҳаромдур. Сизлар албатта, Худоларингиз ҳузуриға борурсизлар. Ул сизларға ҳар бир амалларингиз ҳақинда савол берур. Мен Аллоҳ таоло паёмин (хабарин) сизларға еткуздум. Ҳар кимнинг қўлида бошқанинг омонати бўлса, эгасиға топшурсун. Огоҳ бўлунглар, яна мендин кейин гумроҳ бўлуб кетманглар, бир-бирларингизни ўлдура бошламанглар. Хабардор бўлунглар, жоҳилият замонасидаги ишларнинг ҳаммаси менинг оёғим остинда поймолдур. Эски замонлардаги қон жанжаллари энди тугади. Мен тугатган қонларнинг аввали Ибн Рабиъа ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб қонидурки, Бани Саъд қабиласида эмизилмакда эрди. Ани Ҳузайл (қабиласи) ўлдурди. Мен анинг қонин ўтдум. Жоҳилият замонасидин қолғон суд(хўрлик)лар бекор бўлди. Мен бекор қилғон суд(хўрлик)ларнинг аввалғиси Аббос ибн Абдулмутталиб суд(хўрлиг)идурки, ани мен бекор қилдим.
Эй инсонлар, хотунлар ҳақларинда Худодин қўрқунгларки, сизлар аларни Худо омон(ат)и ила олдингизлар ва Худо каломи ила аларнинг жисмларин ўзларингизға ҳалол қилуб олдингизлар. Алар гарданларида сизларнинг ҳақларингиз шулдурки, алар сизларнинг ўрунларингизға сизлар ёмон кўрган одамларни ўлтурғузмасунлар. Мабодо, агар алар бу ишни қилсалар, аларни шул даражада урунгларки, доғу нишони қолмасун ва аларнинг нафақалари сизларнинг зиммаларингизға бўлур. Мен сизларға шундоғ бир нарсани қўюб кетурманки, агар сизлар ул нарсаға маҳкам ёпушсангизлар, ҳаргиз йўлдин озмассизлар.
Эй инсонлар, мендин кейин пайғамбар йўқдур ва сизлардин кейин уммат ҳам йўқдур. Хабардор бўлунглар, ўз Роббларингизға ибодат қилинглар, беш вақт намозларингизни ўқунглар, рамазон ойин рўзасин тутунглар, молларингиз закотларин хушнудлик ила беринглар, Парвардигорларингиз хонаси (Байтуллоҳ)ға ҳаж учун боринглар ва ҳукуматларингизға итоат қилингларки, Роббларингиз жаннатиға кирурсизлар”.
Кейин дедилар: “Эй инсонлар, қиёмат куни сизларға менинг ҳақимда савол берилур, ул ҳолда нима жавоб берурсизлар?” Саҳобалар дедилар: “Бизлар шаҳодат берурмизки, ўзлари бизларға Худо паёми (хабари – ваҳийи)ни еткуздилар, рисолат ҳаққини адо этдилар ва хайрихоҳликларин бизларға мукаммал қилдилар”. Бу сўзни эшитуб турганларида, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат бармоқларин осмон тарафиға кўтаруб, яна одамлар тарафлариға ишора қилур эрдилар [яъни, “Эй Худо, кўргил ва эшитгилки, бандаларинг менинг ҳақимда нечук шаҳодат беруб турубдурлар”, дегандек] ва дер эрдилар: “Эй Худо, ўзунг шоҳид бўл, эй Худо, ўзунг шоҳид бўл, эй Худо, ўзунг шоҳид бўл”.
Кейин марҳамат қилдиларки: “Бу мажлисда ҳозир бўлғонлар бўлмағонларға бу таблиғни еткузсунлар. Мумкиндурки, (бу ерда) ҳозир (бўлганлар)нинг баъзиларидин алардин эшитганлар зиёда ёд қилурлар”.
Бу сийратни ўқуғувчилар жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак хутбаларини яхши ўқусунлар, тушунуб ўқусунлар, фикр қилсунларки, Жаноб нима учун бу охири вадоъ мажлисларида Қуръони каримға амал қилмак учун таъкид этдилар, амал қилғувчиларни (йўлдан) озмасликларин ваъда қилдилар. Нима учун мусулмонларға бир-бирларин жонларин, молларин, иззатларин ҳафозат (муҳофаза қилмак) учун амр бердилар? Нима учун хотунлар ҳақларида ниҳоятда эҳтиёт ила ҳуқуқларин зое қилмасликлари учун таъкид этдилар? Нима учун замоналарида мавжуд зотлардин таблиғлари учун мустаҳкам шаҳодатлар олдилар? Нима учун ўшал мажлисда бўлғон иршоду насиҳатларин қиёматғача келадурган мусулмонларға еткузмак учун ҳозир (бўлган)лардин аҳдлар олдилар?
Бу нарсалар шунинг учун қилундики, шул нарсаларға амал қилунғон ҳолдагина, мусулмонлар дунё ва охиратда азизу мукаррам яшарлар. Агар тарк қилсалар, ҳар икки дунёда ҳаммадин хору залил бўлурлар.
Жаноб Расулуллоҳ бу хутбадин фориғ бўлғон соатларида бу ояти карима Худо тарафидин нозил бўлди:
...الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا...
яъни, “Бугун мен динларингизни сизлар учун бутун қилуб бердим, сизларға неъматимни тамом қилдим ва сизларға дин бўлмак учун Исломни ихтиёр этдим”.
Эртаси Ийд (Қурбон ҳайити) куни Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари муборак қўллари ила олтмиш уч адад туя ва ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу қўллари ила ўттуз етти туяни Минода қурбонлик қилдилар.
Қурбонликдин фориғ бўлғондин кейин Маккаи Мукаррамаға тушуб, ифоза (фарз) тавофини қилдилар. Тамом халқ қурбонликда ҳам, тавофда ҳам Жанобға иқтидо қилдилар. Беҳисоб туялар, қўйлар, эчкулар, моллар сўюлди.
Бу ҳаждин жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсудлари шаъоируллоҳ (Аллоҳнинг шиорлари, шаръий қонун-қоидалари)ни таъзим (улуғлаш), ҳазрати Иброҳим ва ҳазрати Исмоил алайҳимассаломнинг суннатларин иҳё (тирилтириш), кофирларнинг мушрикона расм(-русум)ларин ибтол (бекор қилиш), тавҳиди холисни эълон (қилиш) ва исломий таълимотни ишоати (тарқатиш) эрди.
Анинг учун бу ҳажнинг номини Ҳажжатул балоғ (эълон ҳажи) ҳам дерлар.
Бунинг устиға Жаноб ҳаж учун келганларға вадоъий иршод ва насиҳатлар қилган эрдилар. Анинг учун Ҳажжатул вадоъ (Видолашув ҳажи) ҳам дерлар.
Бу ҳажда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир юз қирқ минг мумтоз (сара) бандалар ила жам бўлуб, Ислом динин зарурий аҳкомларин таблиғ этган (етказган)дин кейин ниҳоятда мамнуну масрур бўлган ҳолларида Мадинаи Мунаввараға равона бўлдилар.