Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам риҳлатларидин беш кун илгари Мадинаи Мунавваранинг етти қудуқларидин етти мешк (меш)да сув олдурдилар. Ўшал кун чоршанба куни эрди. (Чўмиладиган) бир идишға тушуб ўлтуруб, шул сувларни бошларидин қуйдурдилар. Андин бироз ором топдилар. Табиатлари андак енгил бўлди.
Кейин масжидға чиқдилар ва халқға боқуб дедилар: “Сизлардин аввал ўтган умматлардин баъзилари набийларин қабрларин масжид қилуб олғон эрдилар. Сизлар ҳаргиз алар каби бўлманглар!” Ва дедилар: “Аллоҳ таолонинг лаънати ул яҳудлар ва насронийларға бўлсунки, набийларин қабрларин масжид қилуб олубдурлар”. Ва дедилар: “Менинг қабримни мендин кейин ибодат маҳалли (жойи) қилуб олманглар. Аллоҳ таоло пайғамбарлар қабрларин ибодатхона қилуб олғувчиларни ниҳоятда ёмон кўрур. Огоҳ бўлунглар, мен сизларни бу ишдин ман этурман. Бу ҳукмни сизларға еткуздим. Эй Худо, Ўзунг гувоҳ бўл, эй Худо, Ўзунг гувоҳ бўл”, дедилар.
Кейин намозни имом бўлуб ўқудилар. Фориғ бўлғондин сўнг минбарға чиқуб, хутба ўқудилар. Ҳамду санодин кейин дедилар: “Эй мусулмонлар, мен сизларға ансори киром ҳақларида васият қилурманки, булар менинг жисмимни пираҳани (либоси) эрдилар ва менинг сафаримни тўшаси (озиғи) эрдилар. Булар ўз фароиз (бурч)ларин анжом бердилар (бажардилар). Буларнинг ҳақларини тамом адо қила олмадук. Энди, буларнинг яхшиларин қадр, ҳурмат қилунсун ва хато қилғонларин хатоларин афв этулсун”.
Кейин дедилар: “Бир бандаға Худо тарафидин ихтиёр берилдики, бутун дунё ва анда бор нарсаларни олсун, ё охиратни олсун. Ул банда дунёни қўюб, охиратни ихтиёр этди”. Бу сўзни ҳақиқатин ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу тушундилар. Арз қилдилар: “Ё Расулаллоҳ, ўзлари учун ҳаммамизнинг ота-онамиз ва жону молимиз қурбон бўлсун”, [яъни ҳазрат ўшал банда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари эканлар].