Шанба куни, ё якшанба куни ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу намози зуҳр (пешин)ға имом бўлмак учун меҳробға боруб, энди шуруъ қилмакчи эрдилар, Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Аббос розияллоҳу анҳу ва ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу елкалариға қўлларин қўюб, суялган ҳолларида жамоатға чиқуб қолдилар. Бу ҳолни кўргач, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларин орқаға олмакчи бўлдилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўзғолманг, деган ишора қилдилар. Кейин ўзлари боруб, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ёнларида баробар туруб-ўлтурган ҳолларида намозға шуруъ қилдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға иқтидо қилдилар. Тамом халқ ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу такбирлариға қараб, намоз ўқудилар.
Якшанба куни жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма ғулом (қул)ларин озод этдилар... Хонаи ақдас (муборак)да аввалу охир етти динори нақдия (тилла танга) бор экан, ани ғарибларға тақсим этилди.
Ўшал кун кечқурун ҳазрати волидамиз Оиша розияллоҳу анҳо чироғ учун қўшни хотундин ёғ тилатдилар. Хонада нақадар силоҳ (қурол-аслаҳа) бўлса, мусулмонларға ҳиба (ҳадя) қилдилар. Зирҳи (совути) муборакалари бир яҳудийда ўттуз соъ арфаға гаров эрди.