loader

ОХИРИ КУН

Душанба куни намози фажр (бомдод) вақтида жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжиди Набавий ила ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ҳужраларин ўрталаридаги пардани кўтардилар. Намоз ўқулуб туруб эрди, бироз намозни ва намоз ўқуб турганларни тамошо қилуб турдилар. Гўё уммати исломияға ўзларин берган таълимларин ва анинг адо этулишин назора қилдилар. Намоздагилар яқин қолдики, ҳаммалари юзларин ҳужра тарафиға қилсалар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам ўзларин орқаға олмоқчи бўлдилар. Кейин жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишора ила ман этдилар. Бу ишора ҳаммалари учун таскинға боис ўлди. Кейин ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу намозни тамом қилдилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охири намозлари ўшал кунги намози фажр (бомдод) бўлди.
Кун кўтарилди. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларин маҳбуб қизлари ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳони қошлариға чақирдилар. Қулоғлариға оҳиста бир сўз қилуб эрдилар, йиғлаб юбордилар. Кейин яна бир сўз қилуб эрдилар, андин кулуб юбордилар.
Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо дебдурлар: “Аввалғи сўзларида деган эрдиларки, энди, мен бу жаҳонни қўюб кетмакчи бўлдум. Иккинчи сўзларида деб эрдиларки, менинг хонадонимдин сен ҳаммадин илгари менга боруб қўшулурсан”. Ўшал куни ҳазрати Фотимаға саййидату нисоил оламин лақабини бердилар, яъни бутун олам хотунларин сардорлари.
Ҳазрати Фотима қиблагоҳларин охири ҳолатларин кўруб: “Оҳ, отажоним! Ғамлари мунча зиёда бўлди”, дедилар. Қиблагоҳлари соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қизим, бугундин кейин отангда ғам қолмас”.
Кейин имом Ҳасан ва имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо иккиларин чақируб, ўпдилар. Алар ҳақларинда уммати исломия ҳамиша ҳурматда бўлсунлар, деб васият қилдилар.
Кейин уммаҳотул муъминин (мўминларнинг оналари) азвожи мутаҳҳарот (покиза жуфти ҳалоллари) розияллоҳу таоло анҳуннани чақирдилар. Аларға кўб дилдорликлар ва насиҳатлар қилдилар.
Кейин ҳазрати Алий муртазони чақирдилар. Бу жаноб келуб, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларин қучоғлариға олуб, вадоъ (видолашув) саломларин бердилар. Бу зотға ҳам насиҳатлар қилдилар. Сўзлаб турган соатларида оғизларин муборак туфуклари ҳазрати Алий чеҳралариға сочилуб турур эрди.
Мана шул ҳолатға етганларида, ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам забонларида: “Эй умматларим, намозға эҳтимом қилинглар. Боқимларингизда (қўл остингизда) бўлғон зотлар ҳақларин зое этманглар”, деган васият бўлуб турди. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу дебдурлар: “Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охири васиятлари шул эрди”.

Орқага Олдинга