loader

Абу Жаъфар Термизий

Имом, аллома, зоҳид, замоналарида Ироқда шофеъийлар шайхи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий Шофеъий.
201 йилда таваллуд топганлар.
Илм талабида сафар қилганлар. Яҳё ибн Букайр, Юсуф ибн Адий, Исҳоқ ибн Иброҳим Синий, Иброҳим ибн Мунзир Ҳизомий, Убайдуллох Қаворирийлардан ҳадис эшитганлар. Шофеъийнинг шогирдлари қўлида фиқҳни ўрганганлар. Мазҳабда ўз йўналишлари бўлган.
Бу кишидан Аҳмад ибн Комил, Ибн Қонеъ, Абу Бакр ибн Халлод, Абул Қосим Табароний ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.
Дорақутний айтадилар: «Бу киши - сиқа, ривоятлари ёлғондан холи. художўй одам».
Иброҳим ибн Саррий Зажжож: «Ҳар ой Абу Жаъфар Термизийга тўрт дирҳам келтириларди. Уша билан кун ўтказардилар ва ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасдилар», - дея зикр қилганлар.
Муҳаммад ибн Мусо Барбарий айтадилар: «Менга Абу Жаъфар: “Беш хабба (майда, чақа пул)га ўн кундан зиёд тирикчилик қилдим. Бошқа нарсам йўқ эди. Унга шолғом олгандим”, - дедилар».
Шайх Муҳйиддин Нававий нақл қиладилар: «Абу Жаъфар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толалари поклигига фатво берганлар. Бу масалада мазҳабдаги бошқа олимларнинг фикрларига қарши чиққанлар».
Ҳар бир мусулмон шуни билмоғи шартки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толалари покдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини қирдирганларида муборак соч толаларини ҳурмат юзасидан саҳобаи киромларга тақсимлаб берганлар. Қанийди, бизда ҳам ўша соч толаларидан биттагина бўлса, уни ўпардик.
Абу Ҳафс Шоҳиннинг оталари айтадилар: «Мен Абу Жаъфарнинг ҳузурларида эдим. У кишидан “Аллоҳ таолонинг ҳар кеча дунё осмонига тушиши” ҳадиси тўғрисида сўралди. “Аллоҳнинг дунё осмонига тушиши - ақлга сиғадиган нарса, унинг ҳолати номаълум, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда савол бериш бидъатдир”, - деб жавоб бердилар».
Қози Аҳмад ибн Комил айтадилар: «Ирокда ўз замоналарида шофеъийлар учун Абу Жаъфар Термизийдан кўра дарғароқ, такводорроқ ва нақл қилувчироқ киши йўқ эди».
Абу Жаъфар Термизий 295 йил муҳаррам ойида вафот қилганлар.
Бир ривоятда умрларининг охирида сал хотиралари пасайганлиги айтилган.

Имом Шамсиддин Заҳабийнинг
"Машҳур даҳолар сийрати" киобидан

Орқага Олдинга