loader

Қалб сирини Аллоҳдан яшириб бўлмас!

Қуръони каримда шундай дейилган: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билади” (Ғофир сураси, 19-оят).
Аллоҳ таоло барча нарсани билади. Ҳатто банда ножоиз нарсаларга ўғринча назар ташлаганини ҳам кўриб туради. Аллоҳ дилимиз тубига яширинган сир-асрорлардан воқифдир. У Зотдан ҳеч нарсани беркитиб бўлмайди. Киши содир этган гуноҳларини бошқалардан сир тутиши, ҳеч кимга билдирмай юриши мумкин. Аммо оламлар Парвардигоридан яшира олмайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир гуруҳ эркаклар олдидан бегона аёл ўтиб қолса, ораларидан бир киши ҳалиги аёлга қарашдан кўзини тийгандек кўрсатади. Агар ҳамроҳлари билмай қолишса, аёлга ўғринча қиё боқади. Борди-ю улар сезиб қолишса, дарров нигоҳини бошқа томонга буради. Ваҳоланки, унинг номаҳрам аёлга қарашни ич-ичидан хоҳлаб турганини (шериклари билмаса ҳам) Аллоҳ билади ”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дуо қилганлар:
أَللَّهُمَّ طَهِّرْ قَلْبِي مِنْ النِّفَاقِ وَعَمَلِي مِنْ الرِّيَاءِ وَلِسَانِي مِنْ الْكَذِبِ وَعَيْنِي مِنْ الْخِيَانَةِ فَإِنَّكَ تَعْلَمُ خَائِنَةَ الأَعْيُنِ وَمَا تُخْفِي الصُّدُورُ.
Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма тоҳҳир қолбий минан нифаақ, ва ъамалий минар рия, ва лисааний минал казиб, ва ъайний минал хияна, фаиннака таъламу хоинатал аъюни ва маа тухфис судувр”.
Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ, қалбимни нифоқдан, амалимни риёдан, тилимни ёлғондан, кўзимни хиёнатдан покла! Зеро, Сен кўзлар хиёнатини, қалбларда яширинган нарсаларни биласан ”.
Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб айтади: “(Эй инсонлар,) сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар (фарқи йўқ, барибир Аллоҳ билиб туради). Албатта У Зот диллардаги сирларни Билувчидир. (Ахир) яратган Зот билмайдими?! У Меҳрибон, (ҳар нарсадан) Огоҳдир” (Мулк сураси, 13-14-оятлар).
Одамлар гапларини ошкор ёки махфий айтсалар ҳам барибир Аллоҳ билиб туради. Шунинг учун ўзларига эҳтиёт бўлсинлар. Зеро, инсон тили билан сўзлаган гапи, кўзи билан кўргани, қулоғи билан эшитган нарсалари ҳақида куни келиб жавоб беради.

Орқага Олдинга