Қалблар уч хил бўлади:
1. Салим қалб. Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келган бандаларгина қиёматда нажот топади. Аллоҳ таоло айтади: “У кунда на молу давлат, на бола-чақа фойда беради. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда беради)” (Шуаро сураси, 88-89-оятлар).
Салим қалб Аллоҳнинг буйруқларига, қайтариқларига зид келадиган ҳар қандай шаҳватлардан, шубҳалардан, Ундан бошқасига сиғинишдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўгитларидан бошқа кўрсатмалардан саломат қалбдир. Ундай қалб эгаси Аллоҳдан бошқасига юзланмайди, ширкдан саломат бўлади, У Зотга қуллик қилишда, муҳаббат, таваккул, тавба, қўрқув, умидда холис бўлади. Унинг барча амали Аллоҳ учун – яхши кўрса, Аллоҳ учун яхши кўради, ёмон кўрса ҳам Унинг учун ёмон кўради. Берса, Аллоҳ учун беради. Ман этса Аллоҳ учун ман этади... Аллоҳ таолодан шундай қалб сўраймиз!
2. Ўлик қалб. У аввалгисининг тескариси бўлиб, Эгасини танимайди, амрига бўйсунмайди, Уни яхши кўрмайди, рози қилмайди, шаҳватлар, лаззатлар билан овора бўлади, Парвардигори ғазабига, нафратига йўлиқишдан қўрқмайди. Шунинг учун муҳаббат, умид, қўрқув, розилик, таъзим, ибодатда Аллоҳдан бошқасига боғланади. Ёмон кўрса, нафси учун ёмон кўради. Яхши кўрса ҳам нафси учун яхши кўради. Берса ҳам, бермаса ҳам нафси учун. Ҳавойи нафси унинг эътиқодига, шаҳват, жаҳолат раҳбарига, ғафлат ҳамроҳига айланади... Бундай қалб эгаси бўлиб қолишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
3. Касал қалб. Унинг иллати бор. Ундай қалбда ёнма-ён иккита жиҳат мавжуд. Уларнинг қай бири ғолиб келса, қалбни ўша ёққа тортиб кетади. Унда – бир томондан – Аллоҳга муҳаббат, имон, ихлос, таваккул бўлса, бошқа томондан шаҳвоний муҳаббат, ҳирс, ҳасад, кибр, риё, манманлик, нифоқ, бахиллик каби шикастлантирувчи, оқибатда ҳалок этувчи иллатлар мавжуд. Бундай қалбни даволаш лозим!