loader

Муҳрланган қалб

 

 

 

Аллоҳ таоло яхшиликка интилиб яшаган одамга эзгулик йўлини осон қилади, ёмонлик ниятидаги кимсага яхшилик қилишни оғирлаштириб қўяди. Ёмонликка ўрганган нафс озиб-ёзиб бир яхшилик қилгиси келиб қолганда ҳам, унинг амалга ошиши қийин кечади. Яхши амаллар қалбга сайқал беради, гуноҳлар эса қорайтиради .
Бақара сурасининг аввалги оятларида имондан айро кимсалар ҳақида шундай дейилган: “Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ Сиз (эй Муҳаммад,) уларни (Аллоҳ таолонинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир – имон келтирмайдилар. Аллоҳ уларнинг дилларини, қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир” (Бақара сураси, 6-7-оятлар).
Аллоҳ кимнинг пешонасига бахтсизлик ёзган бўлса, унга саодат йўқ. Кимни адаштириб қўйган бўлса, уни тўғри йўлга солувчи йўқдир. Кимни ҳақ йўлга йўллаб қўйган бўлса, уни адаштирувчи йўқ. Бу, Аллоҳ таолонинг иродаси билан амалга ошади. Аслида сабабчи банданинг ўзи. Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди, қалбини муҳрлаб қўйиб, кейин куфри учун жазоламайди. Уларнинг куфрига Аллоҳнинг тақдири рўкач қилинмайди.
Ривоят қилинишича, бир одам: “Ё Расулуллоҳ! Биз Қуръон ўқиб, гоҳида умид қиламиз, гоҳида тушкунликка тушиб қоламиз”, деди. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга хабар берайми?” деб туриб, “Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ Сиз (эй Муҳаммад,) уларни (Аллоҳ таолонинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир – имон келтирмайдилар” оятини ўқидилар. Кейин: “Мана шулар дўзах аҳлидир”, дедилар. Одамлар сўрашди: “Биз улардан эмасмизми, ё Расулуллоҳ?!” У зот: “Йўқ”, дедилар .
Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Қалб очиқ кафтга ўхшайди. Худди бармоқлар битта-биттадан букилганда кафт ёпилгани каби қалб ҳам ҳар сафар гуноҳ содир этилганда ёпилиб боради. Ҳатто охирида буткул бекилиб қолади. Мана шу қалбнинг муҳрланишидир ”.
Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Гуноҳлар қалбга қаттиқ ўрнашса, уни ўраб олади. Бориб-бориб қалбга ёпишиб кетади. Бу ҳол қалбнинг муҳрланганидир ”.
Шу маънода бир қанча оятлар нозил қилинган. Аллоҳ таоло айтади: “Сўнг аҳд-паймонларини бузганлари, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлари, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганлари, “Дилларимиз қулф”, деганлари учун (Биз уларни лаънатладик). Йўқ, (уларнинг диллари шунчаки қулфланган эмас,) балки куфрлари сабаб Аллоҳ дилларини муҳрлаб қўйган. Бас, камдан-камлари имон келтирадилар” (Нисо сураси, 155-оят).
Аллоҳ таоло яҳудийлар қалбини муҳрлаб қўйди. Чунки улар Аллоҳнинг топшириқларини бажаришдан бўйин товлашди, аҳдга вафо қилишмади, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол, ҳалол қилганини ҳаром дедилар, пайғамбарлар ростгўй эканларини кўрсатувчи очиқ-ойдин мўъжизаларни инкор этдилар, анбиёларга ҳурматсизлик қилдилар, “Қалбларимиз берк, унга ҳеч нарса кирмайди”, дедилар. Йўқ, уларнинг қалблари қулфланган эмас, балки қилмишлари сабаб Аллоҳ дилларини куфр билан муҳрлаб қўйган. Улар орасидан (Абдуллоҳ ибн Салом ва дўстлари каби) жуда оз инсонларгина имонга мушарраф бўладилар.
Қалбга муҳр урилиши сабаби мана бу оятда ҳам келтирилган: “Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар Аллоҳ наздида ҳам, имон келтирган зотлар наздида ҳам катта нафратга дучор бўладилар. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўяди” (Ғофир сураси, 35-оят).
Демак, Аллоҳнинг оятлари ҳақида бирон ҳужжат-далилсиз мунозара қилиш, ўзи билмаган ҳолда бошқалар билан талашиб-тортишиш қалбнинг муҳрлангани аломати экан.
Аллоҳ таоло айтади: “Эсланг, Мусо ўз қавмига: “Эй қавмим, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканимни билган ҳолларингизда нега менга озор берасизлар?! деганди. Қачонки улар оғишгач, Аллоҳ дилларини оғдириб қўйди. Аллоҳ фосиқ – итоатсиз қавмни ҳидоят қилмайди” (Саф сураси, 5-оят).
Мусо алайҳиссалом қавмига хитобан:
– Эй қавм-қариндошларим, мен Аллоҳнинг пайғамбари эканимни билсангиз ҳам нега менга азият етказяпсизлар?! Ваҳоланки, сизларни ширк зулматидан имон нурига чақираман, Фиръавн зулмидан қутқараман! – деди.
Улар залолатда давом этишгач, Аллоҳ қалбларини тўғри йўлдан оғдириб, ботил сари йўллаб қўйди. Зеро, Аллоҳ ҳақ йўлни хушламайдиган, куфрда оёқ тираб олганларни ҳидоят қилмайди.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалблар фитнага бир-бир рўпара қилинади. Қайси қалб уларни қабул қилса, унга битта қора доғ тушади. Қайси қалб инкор этса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади: бири Сафо сингари оппоқ бўлиб, еру осмонлар бор экан, унга фитна зарар қилмайди. Иккинчиси қоп-қора бўлиб, бундай қалб эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди”, деганлар .
Юқоридаги оятлар асосан кофирлар ҳақида айтилган бўлса-да, унда мўминлар учун ҳам катта огоҳлик бор. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом қўрқитган нарсадан қўрқмаслик, қайтарган нарсадан қайтмасликда куфрнинг белгиси яширинган. Ибн Жарир ривоят қилган ҳадисда: “Гуноҳлар кетма-кет бўлиб кетса, қалбни қулфлаб қўяди. Қалб қулфланган пайтда, Аллоҳ таоло тарафидан муҳр келиб уни муҳрлайди. Қулфланган, муҳрланган қалбга имон кирмайди, ичидаги куфр чиқиб кетолмайди”, дейилган.
Гуноҳлардан тап тортмаслик ҳидоятга очиқ қалбни ёпиб қўяди, мулойимини қотиради. Сўнг бориб-бориб имон киролмайдиган бўлиб қолади. Бундай аҳволга тушишдан Аллоҳ таоло паноҳ беришини сўраймиз!

 

 

 

Орқага Олдинга