loader

Ҳасаднинг сабаблари, оқибатлари, давоси

Ҳасаднинг сабаблари:
– Банданинг Аллоҳдан узоқлиги. Зеро, Аллоҳга яқин инсон қалби ҳасаддан холи бўлади;
– тақвонинг камлиги. Тақводор одам Аллоҳ хоҳлаган бандасига турфа неъматлар беришига ишонади, бировларга ҳасад қилмайди, тақдирига рози бўлади.
– ўзини ҳаддан зиёд севиш, ўзгаларга яхшиликни раво кўрмаслик. Бундай одам бировнинг ютуғидан сиқилади, дунё кўзига тор кўринади.
– нафснинг тубанлиги, Аллоҳнинг неъматини одамлардан қизғаниш;
– бировларда яхши сифатларни кўриб, ўзида йўқлигига аччиқланиш.
– ўзгалардан ортда қолишни хушламаслик.
– кибр, мақтанчоқлик. Мутакаббир кимса ҳеч бир соҳада бошқалардан қолиб кетишни истамайди. Шунинг учун ютуққа эришганни кўролмайди.
Ҳасаднинг оқибати:
– Аллоҳ ҳасадгўйларни ёмон кўради.
– ҳасад туфайли эзгу амаллар савоби йўқ бўлади.
– битта қалбда имон билан ҳасад жамланмайди. Имон бор қалбда ҳасад, ҳасад бор қалбда комил имон бўлмайди.
– ҳасадчининг асаби бузилади, ғазаби қўзийди, соғлиғи ёмонлашади. Ичи ҳасадга тўла кимса бориб-бориб одамлар нафратига учрайди.
Ҳасаднинг давоси:
– Аллоҳга дуо қилиб, қалбини ҳасаддан поклашини сўраш.
– ҳасад моҳиятини англаб етиш.
– бировга берилган неъматга ёмон кўз билан қарамаслик. Унинг ўрнига инсон ўзига берилган неъматлар ҳақида фикр юритиб, Аллоҳга шукр қилса, қалби хотиржам бўлади.
– ҳасадни даволаш учун унинг акси қилинади. Яъни, одамларга хайр-саховат қилган банда қалби юмшайди, Аллоҳ унга кўп ажр-савоб беради.
– ўз айбини тўғрилашга ҳаракат қилиш, ўзгалар нуқсон-камчиликларидан кўз юмиш.
– мол-дунёда, мансаб-мартабада ўзидан пастдагиларга қараб ибрат олиш, борига шукр қилиш.
– дунё матоҳлари ўткинчи, ҳасад қилишга арзимаслигини англаб етиш.
– кимдадир бирон неъматни кўрса, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини Аллоҳдан сўраш.
– мўмин киши биродарига ато этилган неъматга хайр-барака тилайди. Шу билан ўзи ҳам ҳасаддан сақланади, биродари мол-дунёси зиёда бўлади, ёмон кўздан сақланади.

Орқага Олдинга