loader

Қуръон – умидбахш калом

 

 

 

Аллоҳ таоло пайғамбар Юнус алайҳиссалом ҳақида шундай хабар берган: “Зуннун – Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматларда туриб: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ўзинг борсан. Эй Пок Парвардигор! Албатта мен (ўз жонимга) жавр қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик, уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз” (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).
Қавми даъватни қабул қилавермаганидан қаттиқ ғазабланган Юнус алайҳиссалом уларни ташлаб қишлоғидан бош олиб чиқиб кетди, “Бу ишим учун Аллоҳ мени жазоламайди”, деб ўйлади.
Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг рухсатисиз қавмини тарк этгач, уни балиқ ютиб юборди. Шунда у қоронғиликда туриб:
– Ё Аллоҳ! Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен Ёлғизсан! Менинг Парвардигоримсан! Ибодат қилишга фақат Ўзинг лойиқсан. Сенга тасбеҳлар айтаман. Рухсатингсиз қавмимни ташлаб чиқиб ўзимга зулм қилдим. Хатойимни тан оламан. Ё Парвардигорим! Тавбамни қабул эт! Гуноҳимни кечир! – деб Аллоҳга тавба-тазарру қилди.
Аллоҳ Юнуснинг илтижоларини қабул айлаб, уни ғам-ғуссадан қутқарди .
Қуръони каримда айтилишича, агар Юнус алайҳиссалом кўп тасбеҳ айтмаганида, қиёмат кунигача балиқ қорнида қолиб кетарди .
Бу оятда “Мўминларга мана шундай нажот берамиз” жумласи барча мўминларни қийин дамларда Юнус алайҳиссалом каби Аллоҳни кўп зикр қилишга, оғир ҳолга тушиб қолганда гуноҳларини тан олиб, Аллоҳдан ёрдам сўрашга чақиради.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У билан дуо қилинса, ижобат этиладиган, у билан сўралса, бериладиган Аллоҳниг исми (аъзами) Юнус ибн Маттонинг дуосидир”, деб айтганларини эшитиб:
– Ё Расулуллоҳ, бу фақат Юнусга хосми ёки мусулмонлар жамоасига ҳам тегишлими? – деб сўрадим. Расули акрам:
– У Юнусга ҳам – (ўша калималар) билан дуо қилсалар – (қолган) мўминларга ҳам хосдир. Сен Аллоҳнинг: “Худди шунингдек мўминларга ҳам нажот берамиз”, деганини эшитмаганмисан?” Бу Аллоҳга дуо қилганлар учун У Зот (тарафи)дан шартдир, – дедилар .
Қуръонда бундай мисоллар кўп. Жумладан, сабр бобида тилларда достон бўлган Айюб алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган: “Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “(Парвардигорим,) мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғисан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик, Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини, улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ато этдик” (Анбиё сураси, 83-84-оятлар).
Аллома Ибн Касир шундай деган: “Айюб алайҳиссаломнинг жуда кўп чорвалари, мол-ҳоллари, унумдор ерлари, қулай, шинам иморатлари бор эди. Фарзандлари ҳам кўп эди. Аллоҳ уни қаттиқ имтиҳон қилди: бор будидан айрилди. Кейин Айюбнинг танасига ҳам синов юборди. Унинг хотинидан бошқа меҳрибони қолмади. Аллоҳнинг пайғамбари Айюб сабр бобида ибратдир. Унинг бардоши зарбулмасал бўлган ”.
Айюб алайҳиссалом асли Рум мамлакатидан бўлиб, серфарзанд, бой-бадавлат киши эди. Унинг бошига оғир кунлар тушди: мол-дунёсидан ажралди, болалари бирин-кетин нобуд бўлишди, лекин у сабр қилди. Саломатлигидан ажраб, оғир хасталикларга дучор бўлди. Шунда ҳам бирон марта шикоят қилгани йўқ. Айрим кимсалар: “Бу энг ёмон гуноҳларни қилганки, худо унга шундай балоларни юборган”, деганларини эшитгандан кейингина сабр косаси тўлиб, Аллоҳ таолога илтижо этган, ўз ҳолидан шикоят қилган. Ҳақ таоло пайғамбарининг дуосини ижобат қилиб, саломатлигини ҳам, мол-давлатини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларини ҳам ато этиб, яна етти ўғил, етти қиз кўрган.
Бошига бирон кулфат тушган киши Айюб алайҳиссалом каби сабр-қаноат қилса, Аллоҳ таоло унинг бошидан балоларни аритиб, аввалгидан ҳам зиёда неъматлар ато этади.

 

 

 

Орқага Олдинга