loader

Қуръон тиловатида тадаббур ва хушуъ

Арабча “тадаббур” сўзи “ўйлаш”, “чуқур фикр юритиш” маъносини билдиради. Қуръонни тадаббур қилиш ўқилаётган оятларни тафаккур қилишдир.
“Хушуъ” сўзи эса “қўрқиш”, “овозини пасайтириш”, “нигоҳини ерга қаратиш” мазмунига эга.
Қуръонни тадаббур қилишга жуда кўп тарғиб этилган. Жумладан, Нисо сурасининг 82-оятида шундай дейилган: “Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқаси томонидан (нозил қилинган) бўлганида, унда кўп қарама-қаршиликларни топардилар”.
Агар одамлар Қуръон маъноларини чуқур англасалар, бу Китоб оламлар Парвардигори томонидан юборилганига шак-шубҳасиз ишонадилар.
Қуръонда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Чунки, у – Аллоҳнинг Каломи. Агар Қуръон Аллоҳдан ўзгаси томонидан туширилганида, унда кўп нуқсон-камчиликлар топиларди. Инсон боласи хатодан холи эмас. Аллоҳ ҳар қандай камчиликдан Покдир.
“Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Балки қалбларида қулфлари бордир”, дейилади яна бир ояти каримада .
Қуръон маъноларини тушуниш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу йўлда нафсга ёқадиган лаззатларни камайтирилади, озроқ машаққат чекилади. Яҳё ибн Абу Касир шу маънода: “Илм танага роҳат (дам) бериш билан эгалланмайди”, деган .
Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад, бу Қуръон барча одамлар) оятларини тадаббур қилишлари учун Биз Сизга нозил қилган бир муборак Китобдир” (Сод сураси, 29-оят).
Яна бир оятда айтилади: “Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир” (Қоф сураси, 37-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтиришарди. Кейин ташқарига чиқиб: “Муҳаммад ҳозир нима деди ўзи?” деб бир-бирларига савол беришарди. Уларнинг қалби йўқ эди, эшитганини тушунмасди. Айтилган гап у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетарди .
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Очиқ-равшан Китобга – Қуръонга қасамки, албатта Биз уни – ақл юргизишингиз учун – арабий Қуръон қилдик” (Зухруф сураси, 2-3-оятлар).
Одамлар тушунишлари учун Аллоҳ таоло Қуръонни араб тилида нозил қилган. Араб тили дунёдаги энг фасоҳатли тиллардан биридир. Бу тилнинг имкониятлари жуда катта. Ўта нозик маъноларни, ҳис-туйғуларни теран ифодалашда араб тилининг олдига тушадигани йўқ, десак муболаға бўлмайди.
Абдураҳмон ибн Соибдан ривоят қилинади: “Саъд ибн Абу Ваққос олдимизга келди. Унинг кўзи ожиз бўлиб қолганди. Мен унга салом бердим. У: “Сен кимсан?” деб сўради. Мен ўзимни таништирдим. Шунда у: “Биродарим ўғли, хуш келибсан! Айтишларича, сен Қуръонни чиройли ўқиркансан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Қуръон маҳзунлик билан нозил бўлган. Агар уни ўқисангиз, кўзларингиз намлансин. Мабодо йиғлай олмасангиз, йиғини ўзингизга лозим тутинг, уни тағанний қилинг. Ким уни тағанний қилмаса, биздан эмас”, деб айтганларини эшитганман”, деди ”.
“Бу Қуръон маҳзунлик билан нозил бўлган” жумласи “Қуръонни тадаббур қилган одам қалби эрийди, кўзи намланади” маъносидадир. Қолаверса, Қуръон ўқиган инсон хато-камчиликларини тушуниб, гуноҳларига пушаймон бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Агар қироат пайтида кўзларингиз йиғламаса, қалбингиз йиғласин! Қалбнинг йиғиси ғамгинлик, Аллоҳ таолонинг буюклигини ҳис этишдир”.
Қуръон жиддий Китоб. У ҳазил-мутойиба ҳақида эмас. Қуръонда муҳим масалалар баён этилган. Шунинг учун биз мўмин-мусулмонлар Қуръонга жиддий муносабатда бўламиз, мазмунини имкон қадар тушунишга ҳаракат қиламиз.

Орқага Олдинга