Анбиёлар имоми, тақводорлар саййиди Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръондан қаттиқ таъсирланганлар. У зотнинг Қуръонга муҳаббатлари чексиз эди. Қуръон у зотнинг ҳаётларига тўлиқ сингиб кетганди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ерда юрадиган тирик Қуръон эдилар, десак муболаға бўлмайди. Шу сабаб бўлса керак, Ҳабибимиз хулқлари ҳақида сўралганида, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: “Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар .
Мутарриф отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига борсам, намоз ўқиётган эканлар. Йиғлаганлари учун ичларидан худди қозоннинг биқирлашига ўхшаш овоз эшитиларди ”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозни хушуъ билан ўқирдилар. Қироат вақтида қалблари эриб, кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Лекин у зот овозларини баланд кўтариб йиғламаганлар. Кўзларидан ёш қалқиганда қозоннинг биқирлашига ўхшаш овоз эшитиларди. Расули акрам баъзида маййитга ачинганларидан, айрим ҳоллатда умматларини ўйлаб, гоҳида Аллоҳ таолодан қўрқиб, гоҳида Қуръон эшитиб йиғлаганлар .
Ривоят қилинишича, Убайд ибн Умайр исмли киши Оиша онамизга: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўрганингиз энг ажойиб воқеани айтиб беринг!” деди. Шунда Оиша онамиз бироз сукут сақлаб, кейин: “Тунларнинг бирида у зот: “Эй Оиша, мени холи қолдир. Бу кеча Парвардигоримга ибодат қилмоқчиман!” дедилар. Мен: “Аллоҳга қасамки, сизга яқин бўлгим келади. Сизни хурсанд қиладиган нарсадан мен ҳам қувонаман”, дедим. Шунда у зот таҳорат олиб намоз ўқишни бошладилар. Йиғлайверганларидан қўйнилари жиққа ҳўл бўлиб кетди. У зот ўтиргандилар. Йиғлайверганларидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Кейин яна йиғладилар. Ҳатто кўз ёшлари ерга тўкилди. Сўнг Билол азон айтишга келди. Билол у зотнинг юм-юм йиғлаётганларини кўриб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизнинг барча гуноҳларингизни кечириб юборган-ку!..” деди. Шунда у зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайми?! Менга бу кеча бир оят тушди. Уни ўқиб тафаккур қилмаган (кимса)нинг ҳолига вой”, деб, “Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида...” оятини охиригача тиловат қилдилар”, деб айтди ”.
Бу ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом тунги намозда Оли Имрон сурасининг “Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир” оятини ўқиб, қаттиқ кўз ёш тўкканлар.
Расулуллоҳ Аллоҳ таолони ҳаммадан яхшироқ билганлари учун ҳам кўп йиғлардилар. Ҳадиси шарифларнинг бирида: “Агар мен билган нарсаларни билганингизда, камроқ кулиб, кўпроқ йиғлаган бўлардингиз”, дейилган .
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Қуръон Сизга туширилган бўлса ҳам ўқиб бераманми?!” дедим. У зот: “Ҳа. (Мен бошқа одамдан Қуръон эшитмоқчиман)”, дедилар. Шунда Нисо сурасини қироат қилдим. “Биз ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, Сизни уларнинг барига гувоҳ қилганимизда (аҳвол) қандай бўлади?” оятига келганимда, у зот: “Бўлди, етади!” дедилар. Қарасам, кўзларидан ёш оқаётган экан ”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Қуръон ўқиганида, қиёмат куни бўладиган ишлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўз олдиларида гавдаланди. У зот охиратда умматлари ҳоли не кечиши, маҳшаргоҳда узоқ туришларини ўйлаб кўзлари ёшга тўлди. Бундай ўйлар уммат ҳақида кўп қайғурадиган меҳрибон зотни йиғлатмай қўймасди...
Ё Аллоҳ! Меҳри дарё Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога беадад салавот ва саломларимизни йўлла! У зотни яхши кўришни, суннатларига астойдил амал қилишни, қиёматда шафоатларига эришишни бизларга насиб эт!
Орқага Олдинга