loader

Кофирун сураси ширкдан сақлайди

 

 

 

Ривоят қилинишича, Қурайш қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп миқдорда мол-дунё бериб, Маккадаги энг бадавлат одамга айлантиришни, ўзлари истаган энг яхши аёлга уйлантириб қўйишни айтиб, “илтифот” кўрсатишди.
– Эй Муҳаммад, мана шу нарсалар сеники бўлади. Фақат илоҳларимизни ҳақорат қилмасанг бўлгани! Агар шартимизга кўнмасанг, яна бир таклифимиз бор, – дейишди.
– У қандай таклиф экан? – сўрадилар Расули акрам.
– Эй Муҳаммад, сен бир йил илоҳларимизга ибодат қиласан. Кейин бир йил давомида биз сенинг илоҳингга ибодат қиламиз. Розимисан?
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга жавобан:
– Парвардигоримдан қандай буйруқ келишини кутаман! – дедилар.
Шунда Аллоҳ таолодан ваҳий келди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмайман. Сизлар ҳам мен ибодат қилаётган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз ...
Бошқа ривоятда айтилишича, Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Асвад ибн Мутталиб, Умайя ибн Халаф исмли мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга: “Эй Муҳаммад, кел, ҳамкорлик қиламиз – сен бизнинг илоҳларимизга сиғин. Шунда биз ҳам сенинг илоҳингга ибодат қиламиз. Агар биз қилаётган иш сеникидан тўғри бўлса, ундан насибангни оласан. Агар сенинг йўлинг тўғри бўлса, ундан улушимизни оламиз”, деганларида, Аллоҳ таоло Кофирун сурасини нозил қилган .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир киши Кофирун сурасини ўқиётганини эшитиб: “У ширкдан саломат бўлди”, дедилар. Кейин яна бир одам Ихлос сурасини ўқиганини эшитиб қолиб: “Унинг гуноҳлари кечирилди”, деб марҳамат қилдилар .
Навфал ибн Муовия Ашжаийдан ривоят қилинишича, у:
– Ё Расулуллоҳ, уйқуга ётишдан олдин ўқишим учун бирон сура ёки дуони ўргатинг! – деб сўради. Шунда Пайғамбаримиз:
– Кофирун сурасини охиригача ўқиб ўрнингга ёт. Зеро, бу (сурани ўқисанг,) ширкдан саломат (бўласан), – дедилар .

 

 

 

Орқага Олдинга