loader

Ихлос сураси фазилати

 

 

 

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
– Эй Муҳаммад, бизга парвардигорингни васф қилиб бер! – дейишганида, Аллоҳ таоло Ихлос сурасини нозил қилган .
Бу сура бежизга Ихлос, деб номланмаган. Чунки у қалбни риёдан, ширкдан, шак-шубҳалардан поклайди, киши эътиқодини тўғрилайди, ихлосини кучайтиради. Ихлоснинг маъноси Ёлғиз Аллоҳдан қўрқиш, Ўзидангина умид қилиш, У Зотга юкинишдир.
Ҳадиси шарифларда айтилишича, Ихлос сураси Қуръони каримнинг учдан бирига тенг. Бу сурани бир марта ўқиган кишига жаннатда қаср қурилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кетаётганимда бир одам Ихлос сурасини ўқиётганини эшитиб: “Вожиб бўлди”, дедилар. Шунда мен сўрадим: “Нима вожиб бўлди?” У зот: “Жаннат”, дедилар ”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини қўшинга (бошлиқ қилиб) жўнатдилар. У намозда имомликка ўтар, Ихлос сураси билан тамомларди. Қайтиб келишгач, саҳобалар унинг қилган ишини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтишди. Расули акрам: “Сўраб кўринглар-чи, нега бундай қилаётган экан?” дедилар. Улар бунинг боисини сўрашди. Ҳалиги киши: “Чунки (Ихлос сураси) Раҳмоннинг сифатидир. Мен уни ўқишни яхши кўраман”, деб жавоб қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ уни яхши кўришини (ўша кишига) айтиб қўйинглар”, деб марҳамат қилдилар .
“Ихлос сураси билан тамомларди” жумласи икки хил тушунтирилган:
1. Намознинг ҳар бир ракатида зам сура қилиб, охирида Ихлосни ўқирди;
2. Намознинг охирги ракатида Ихлос сурасини ўқирди.
Биринчи фикр кучлироқ саналади.
Уламолар айтишича, Аллоҳнинг бандага муҳаббати унга улуғ ажр-савоблар бериши, неъматлар билан сийлашидир. Банданинг Аллоҳга муҳаббати эса фақат Аллоҳга ибодат қилиб, Ўзидангина ёрдам сўрашидир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ансорлардан бир киши  Қубо масжидида имомлик қиларди. У Фотиҳа сурасидан кейин Ихлосни бошларди. Ўқиб бўлгач, унга бошқа сурани қўшарди. Ҳар ракатда шундай қиларди. Дўстлари имом билан шу ҳақида гаплашиб:
– Сен бир сурани бошлаб, кейин “Бу етарли эмас”, деб ўйлаб яна бир сурани қўшиб ўқияпсан. Ё унинг ўзини ўқи, ё бўлмаса бошқасини ўқи, – дейишди. Шунда у:
– Мен бу ишни тарк этмайман. Мана шу сура билан имомлик қилишимни истасангиз, имомликка ўтаман. Хоҳламасангиз, буни тарк этаман, – деди.
Улар ҳалиги одамни ичларида энг афзали, деб билишарди. Ундан бошқаси имом бўлишини исташмасди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб бу хабарни айтишганда, у зот ўша кишидан сўрадилар:
– Эй фалончи, нима учун ҳар бир ракатда бу сурани ўқияпсан?
– Чунки мен Ихлос сурасини яхши кўраман.
– Унга муҳаббатинг сени жаннатга  олиб киради .

 

 

 

Орқага Олдинга