loader

Қуръоннинг учдан бирига тенг сура

 

 

 

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида:
– (Бир жойга) йиғилинг. Сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман, – дедилар.
Шунда йиғилган йиғилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ихлос сурасини ўқидилар. Кейин (ҳужраларига) кириб кетдилар. Айрим одамлар бир-бирига:
– Мен бу хабар у зотга осмондан келган, деб биламан. Шунинг учун (ичкарига) кириб кетдилар, – дейишди.
Шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом чиқиб:
– Мен сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман, дедим-ку. Шуни билинглар, (Ихлос сураси) Қуръоннинг учдан бирига тенг, – дедилар .
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Орангизда бирон киши кечаси Қуръоннинг учдан бирини ўқишга қодир эмасми? – дедилар. Одамлар сўрашди:
– Қандай қилиб Қуръоннинг учдан бирини ўқий олади?
– Ихлос сураси Қуръоннинг  учдан бирига тенг, – таъкидладилар у зот .
Ихлос сурасини бир марта ўқиган одам Қуръоннинг ўн порасини ўқиш савобини олади. Бир пора – 10 вараққа (20 бетга) тенг.
Яна бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ Қуръонни уч қисмга бўлди. Ихлос сурасини унинг бир бўлаги қилди”, дейилган .
Абу Ғолибдан ривоят қилинади: Тонг отай деб қолганида, Ибн Умар менга қараб:
– Эй Абу Ғолиб! Намозда Қуръоннинг учдан бирини ўқимайсанми? – деди. Мен:
– Тонг отишига ҳеч қанча вақт қолмади. Ҳаш-паш дегунча кун ёришади. Қуръоннинг учдан бирини ўқишга қандай улгураман?! – дедим. Шунда Ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг”, деганларини айтди.

 

 

 

Орқага Олдинга