loader

Кофирун ва Ихлос сураларини намозда ўқиш хосияти

 

 

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг икки ракат суннатида Кофирун билан Ихлос сурасини қироат қилганлар .
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши бомдоднинг икки ракатини ўқиди. Биринчи ракатда Кофирун сурасини қироат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу – Парвардигорини таниган банда”, дедилар. Ҳалиги одам иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Бу – Парвардигорига имон келтирган банда”, дедилар .
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозининг икки ракат суннатида Кофирун билан Ихлос сурасини қироат қилардилар .
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни йигирма беш марта  кузатдим. У зот бомдоддан олдинги, шомдан кейинги икки ракат суннат намозида Кофирун билан Ихлос сурасини қироат қилардилар .
Яна Абдуллоҳ ибн Умардан нақл қилинади: “Мен Табук ғазотида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни қирқ кун кузатдим. У зот бомдод намозининг икки ракатида Кофирун ва Ихлос сурасини ўқиганларини, “Бу икки сура қандай яхши! Улардан бири (Кофирун сураси) Қуръоннинг тўртдан бирига, бошқаси (Ихлос сураси) Қуръоннинг учдан бирига тенг”, деб айтганларини эшитдим ”.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозида Аъло, Кофирун, Ихлос сураларини ўқирдилар .
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Байтуллоҳни тавоф қилганларидан кейин икки ракат намозда ўқиганлар. Унда Кофирун билан Ихлос сурасини қироат қилганлар.

 

 

 

Орқага Олдинга