“Фалақ” тонг, “Нос” одамлар маъносини билдиради. Бу икки сура “муаввизатайн” дейилади .
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрланганларида шифо тариқасида Фалақ ва Нос сураси нозил қилинган.
Қиссанинг тафсилоти бундай: Лабид ибн Аъсам деган бир яҳудий мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, хизматларини қилиб юрар экан. Бир гуруҳ яҳудийлар шу ходим билан тил бириктириб, Расулуллоҳнинг тўкилган сочларини, тароқлари тишларини қўлга киритадилар. Кейин шуларга сеҳр-жоду қилиб, бир эски қудуққа ташлайдилар. Натижада Расулуллоҳнинг сочлари тўкилиб, олти ой бетоб бўлиб ётиб қоладилар. Бир куни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб, бир-бири билан савол-жавоб қилади.
– Унга нима қилибди?
– Сеҳрланибди.
– Ким сеҳрлабди?
– Лабид ибн Аъсам исмли бир яҳудий.
– Сеҳрни нимага ўқибди?
– Тўкилган сочларига, тароқ тишларига.
– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерга ташланган?
– Зарвон деган қудуққа.
Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан ўша қудуқда соч толалари, тароқ тишлари, нина суқилган яна ўн иккита тугун бор экан. Шу пайт Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилди. Ҳар сафар Фалақ, Нос сураси ўқилганда, биттадан тугун ечилар экан. Шундай қилиб, Расул акрам алайҳиссалом бу икки сурани ўн икки марта ўқиганларида бутунлай соғайиб кетган эканлар .
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кечаси нозил қилинган суралар ичида бу иккисига тенг келадиганини кўрганмисан? (Улар) Фалақ ва Нос сурасидир”, деганлар .
Расулуллоҳ алайҳиссалом айрим дуоларни ўқиб, инс-жинлар кўзидан паноҳ сўраб юрардилар. Фалақ, Нос сураси тушганидан кейин шу иккисини ўқишни одат қилганлар, бошқасини тарк этганлар. Шунингдек, у зот сеҳрланганларида Фалақ, Нос суралари билан шифо топганлар. Бундан чиқди, ёмонликлардан паноҳ сўрашда Фалақ ва Нос сураларига тенг келадигани йўқ. Мана шу икки сурани ўқиб юрган одамга – Аллоҳнинг изни билан – ҳеч қандай шикаст-бало яқин йўламайди.
Яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Жуҳфа ва Абво орасида кетаётгандим. Шу пайт кутилмаганда келган шамол, қаттиқ зулмат ичида қолиб кетдик. Расулуллоҳ Фалақ ва Нос сураларини ўқиб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрай бошладилар. Кейин: “Эй Уқба, мана шу иккиси билан паноҳ сўра. Зеро, ҳеч бир паноҳ сўровчи бу иккисидан афзал (сура) билан паноҳ сўрай олмайди”, дедилар ”.
Демак, қаттиқ шамол бўлганда, ҳаётига хавф туғилганда, бошқа таҳликали ҳолатларда Фалақ ва Нос сураларини ўқиб паноҳ сўралса, офатлардан саломат бўлинади.
Ибн Обис Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Ибн Обис, сенга паноҳ сўровчилар ўқийдиган энг афзал (суралар)ни ўргатайми?” дедилар. У: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деди. У зот: “Фалақ ва Нос (сураси). Мана шу икки сура (паноҳ сўрашда ўқиладиган энг яхши сурадир)”, дедилар .
Фалақ ва Нос суралари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун энг севимли суралардан эди .
Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳеч бир сўровчи, паноҳ истовчи Фалақ ва Нос каби (афзал сура) билан дуо қилолмайди, паноҳ сўрай олмайди”, деганлар .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (айрим дуоларни ўқиб,) инс-жинлар кўзидан паноҳ сўрардилар. Фалақ ва Нос сураси тушганидан кейин иккисини ўқийдиган бўлдилар, бошқасини тарк этдилар .
Ибн Масъуддан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаввизотдан бошқаси билан дам солишни унча хушламасдилар .
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ихлос, Фалақ, Нос суралари муаввизот, дейилади. Мазкур суралар хосияти ҳақидаги ривоятларни қуйида кўриб чиқамиз.
Орқага Олдинга