loader

Ражъий талоқ иддасида эр-хотини билан қандай муомалада бўлиши лозим

Аёл ёки эр айби сабабли аёлга ражъий талоқ воқе бўлса, аёл бундан кейин ўртадаги алоқани жиддийлашишига олиб келадиган бирор иш қилмаслиги лозим. Балки, аёл идда тугагунча эрнинг нигоҳини ўзига қаратиб, ўртадаги келишмовчиликка барҳам бериши лозим бўлади. Шу боис ражъий талоқ иддасида ўтирган аёл зеб-зиёнат, пардоз-андоз қилиб, эрини ўзига қаратиши мустаҳаб деб, фақиҳлар таъкидлаганлар. Чунки, ражъий талоқ иддасида ўтирган аёлнинг никоҳи ражъий талоқ бўлгани боис заъиф ҳолда бўлса ҳам ҳали ҳануз боқий турибди. Уни қайтадан мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлиш лозим. Эр ҳам ўзи чиқарган қарорни қайтадан ўйлаб кўриши ва аёли билан олдин ўтказган ҳаётини, алоқасини ва муҳаббатини дилдан ўтказиб, яна қайтадан рафиқаси билан эр-хотин бўлиб, ҳаёт ўтказиш пайида бўлиши лозим. Чунки, аввалги никоҳ риштасини узгандан кейин албатта иккинчисига уйланишга тўғри келади. У билмайди-ки, иккинчиси уни хоҳиш-истакларига тўғри келадими ёки келмайдими? Борди-ю, иккинчи аёл аввалгисига қараганда бадхулқ, бадтабиат бўлса, хонадонни обод қилиш ўрнига барбод қилади ва эрнинг ҳаётини жаҳаннамни бир намунасига айлантиради.

Масала: Ражъий талоқ қўйгандан кейин эр аёли билан яшашга кўзи етмаса, буткул алоқаларни узиб, номаҳрам аёллар сингари муомала қилади. Чунки, аёлни зеб-зийнатларига алданиб, ражъат қилса, кейин яна ўз қарорига мувофиқ талоқ қилишга тўғри келиб қолади. Натижада, аёлнинг иддаси чўзилиб кетади. Эр аёли билан бирга яшашдан умидини узган ва ражъий талоқ қўйган бўлса, унинг ҳузурига киришдан аввал кираётганини билдириб қўяди. Бу орқали аёл ўз ёпинчиқларини ташлаб олади ва қўли билан юзидан ташқари барча қисмини беркитади. Идда тугагач аёл дар ҳол эр уйидан чиқиб, эридан ўзини олиб қочишга киришади.

وَالْمُطَلَّقَةُ الرَّجْعِيَّةُ تَتَشَوَّفُ وَتَتَزَيَّنُ لِأَنَّهَا حَلَالٌ لِلزَّوْجِ إذْ النِّكَاحُ قَائِمٌ بَيْنَهُمَا، ثُمَّ الرَّجْعَةُ مُسْتَحَبَّةٌ وَالتَّزَيُّنُ حَامِلٌ لَهُ عَلَيْهَا فَيَكُونُ مَشْرُوعًا وَيُسْتَحَبُّ لِزَوْجِهَا أَنْ لَا يَدْخُلَ عَلَيْهَا حَتَّى يُؤْذِنَهَا أَوْ يُسْمِعَهَا خَفْقَ نَعْلَيْهِ مَعْنَاهُ إذَا لَمْ يَكُنْ مِنْ قَصْدِهِ الْمُرَاجَعَةُ لِأَنَّهَا رُبَّمَا تَكُونُ مُتَجَرِّدَةً فَيَقَعُ بَصَرُهُ عَلَى مَوْضِعٍ يَصِيرُ بِهِ مُرَاجِعًا ثُمَّ يُطَلِّقُهَا فَتَطُولُ الْعِدَّةُ عَلَيْهَا

Ражъий талоқдаги аёл пардоз-андоз қилиб, зеб-зийн билан зийнатланади. Чунки у эри учун ҳалолдир. Зеро, никоҳ иккиси орасида идда чиққунча қоимдир. Ражъат мустаҳабдир. Зийнат эса, эрни аёл тарафига ундовчидир. Демак, (ражъий талоқ иддасида ўтирган аёлни зеб-зийнат билан зийнатланиши) машруъдир. Агар ражъат қилиш мақсади бўлмаса, аёлига билдирмагунича ёки оёқ кийимини овозини эшиттирмагунича унинг ҳузурига кирмаслиги мустаҳабдир, чунки аёл баъзан кийимсиз ҳолда бўлиб қолиши мумкин, натижада эрни назари тушиши билан ражъат собит бўладиган жойга тушиб қолади, сўнг талоқ қилади ва аёлнинг иддаси чўзилиб кетади”.

Орқага Олдинга