Қоидага биноан талоқ таълиқ қилинган шарт бир марта топилса, хоҳ никоҳ мабойнида бўлсин ёки никоҳдан ташқарида бўлсин, шу билан таълиқ тугайди. Шу қоида замирида яна бир масала бор-ки, агар бир киши талоқни шартга таълиқ қилгандан кейин, шарт топилишидан олдин аёлига боин талоқ қўйса, бас бунинг икки сурати мавжуд. Биринчиси, талоқ воқе бўлганидан кейин шарт боқий қолади; иккинчи сурати, шарт боқий қолмайди.
Аввалгиси шуки, эр хотинини боин талоқ қилди ва шу вақтда шарт топилмади, бас шарт боқий қолади. Шунга биноан агар эр иккинчи марта аёлини никоҳига олса ва шарт топилса, иккинчи талоқ воқе бўлади.
Иккинчи сурат шуки, боин талоқ қилинган аёлда никоҳ қилишдан илгари талоқ таълиқ қилинган шарт топилса, бас таълиқ шу билан тугайди. Агар эр иккинчи марта аёлни никоҳига олса ва иккинчи бор талоқ таълиқ қилинган шарт топилса, бас талоқ воқе бўлмайди. Чунки, таълиқ никоҳдан олдин тугаган эди ва у таълиқ аёл эрнинг никоҳида эмаслигида топилгани учун талоқ воқе бўлмайди. Зеро, талоқ тушиши учун аёл эрнинг никоҳида ёки иддасида бўлиши керак эди.
فَإِنْ قَالَ: إنْ دَخَلْت الدَّارَ فَأَنْتِ طَالِقٌ ثَلَاثًا فَأَرَادَ أَنْ تَدْخُلَ الدَّارَ وَلَا يَقَعَ الثَّلَاثُ فَحِيلَتُهُ أَنْ يُطَلِّقَهَا وَاحِدَةً وَتَنْقَضِيَ عِدَّتُهَا فَتَدْخُلَ الدَّارَ حَتَّى يَبْطُلَ الْيَمِينُ وَلَا يَقَعَ الثَّلَاثُ، ثُمَّ يَتَزَوَّجَهَا فَإِنْ دَخَلَتْ الدَّارَ لَا يَقَعُ شَيْءٌ لِبُطْلَانِ الْيَمِينِ.
"Агар (эр аёлига) ховлига кирсанг уч талоқсан деса ва аёл ховлига киришни ирода қилиши билан талоқ воқе бўлмайди. Унинг ҳийласи, аёлни бир талоқ қилиб, иддаси ўтади ва иддаси чиққач ховлига киради. Шу билан қасам ечилиб, уч талоқ воқе бўлмайди. Сўнг эр ўз аёлига уйланади ва шундан кейин қасам ичилган уйга аёл кириши билан қасам ботил бўлгани учун ҳеч нарса воқе бўлмайди" (Дуррул ҳуккам).