loader

Эрнинг розилигисиз суд орқали хулуъ қилдириш мумкинми?

Мутақаддим ҳанафийлар: "Хулуъ икки томон розилиги асосида амалга ошадиган муомала" деганлар. Бунга кўра аёл маҳрни рози бўлиб эрга беради ва эр унга рози бўлиб, маҳр эвазига никоҳ битмини бузади. Агар эр хулуъ қилишга рози бўлмай аёлнинг олдидаги ҳақларини адо қилмай юраверса ёки аёлга доимий зулм-ситам ўтказишда бардавом бўлса ва иш қозигача етиб келса, бас қози ёки суд бу ўринда нимани ихтиёр қиладилар. Мутақаддим олимлар: "Хулуъ ва талоқ қўйиш эрнинг ҳақи ҳисобланади. Қози ёки унинг вакили бу ҳақга эга эмаслар" деганлар. Ҳа, албатта агар эр аёлга зулм-ситам бериш билан бир қаторда талоқ ҳам, хулуъ ҳам бермаса, бас талоқ қўйишга ёки хулуъ қилишга эр мажбур қилинади.
Имом Молик ва баъзи мутааххир ҳанафий олимлари: "Агар эрнинг зулум-ситамлари хаддан зиёд ортиб, у билан яшаб бўлмайдиган даражага келиб қолса ва эр аёлга талоқ бермаса ёки хулуъ ҳам қилмаса, бас қози ёки ҳоким эрнинг розилигисиз аёлга талоқ ёки хулуъ беради" деганлар.
Икки гуруҳ олимларининг далиллари китобларда баён қилинган. Унинг ҳосил натижаси шу бўлади-ки, эр талоққа ёки хулуъга рози бўлмаса, қози ёки ҳоким мажбуран талоққа ёки хулуъга рози қилади. Лекин, бирор ҳадис ёки саҳобийларнинг асарларида эр талоққа рози бўлмаган ўринда қозининг ўзи аёлни талоқ қилади деган хабар мавжуд эмас.
Далиллар:
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳуга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уни талоқ қилгин", "Уни ажратгин", "Уни йўлини очиб қўйгин" дедилар. Эр қозини амрига бўйинсуниб аёлига талоқ бермаса ёки уни хулуъ қилмаса, қози мажбуран хулуъ ёки талоқ қилдиради. Масалан, Али розияллоҳу анҳу бир кишига: "Аёлинг рози бўлган нарсага рози бўлмагунингча қўйиб юборилмайсан" деб ҳукм қилганлар.
Фойда:
Ушбу далиллардан маълум бўладики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Собит ибн Қайснинг аёлига талоқ қўймай, аёлнинг эрига: "Аёлингни талоқ қил" деб ҳукм қилдилар. Агар ҳоким талоқ қилиш ҳуқуқига эга бўлганда Али розияллоҳу анҳу эрни талоқ ёки хулуъ қилиш учун тутқинликда тутиб туришлари учун бирор маъно бўлмас эди. Агар ҳокимда талоқ ёки хулуъ қилиш ихтиёри мавжуд бўлганида, Али розияллоҳу анҳу эрни мажбурлаш ўрнига ўзлари талоқ ёки хулуъ қилиб қўйган бўлар эдилар.
Фатво:
Масаланинг ҳақиқати юқорида зикр қилинди. Лекин, кейинги ҳанафий мазҳаби олимлари жуда қаттиқ зарурат туғилган ўринларда моликия мазҳабига биноан эр-хотин ўртасини ажратиш суратига ўтганлар, яъни қози ёки ҳоким эр-хотинлик ришталарини уза оладилар. Ушбу масала батафсил тарзда Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг "ал-Ҳийлатун наажиза" асарларининг "Фасху никоҳ" бўлимида баён қилинган. Биз ҳам бироз батафсил тарзда кейинги сатрларда масалани ёритиб ўтамиз.

Орқага Олдинга